“O’ZAGROSUG’URTA”нинг жавобгарлиги ва адолати

2020 йилда Сардобада юз берган техноген офат инсонларнинг тақдирида, суд даъволарида, журналистларнинг текширувларида ҳали узоқ вақт бонг бериб туради.

Anhor.uz нашри сув тошқини балиқлари, балиқ етиштириш учун қурилмалари ва иншоотлари билан бирга ювиб кетган NAVRO’Z QUT BARAKASI балиқчилик хўжалигининг судлашувлари ҳақида ҳикоя қилганди. Хўжалик O’ZAGROSUG’URTA компанияси томонидан суғурта қилинган. Бироқ икки компания ўртасидаги судлашув бир ярим йилдан буён давом этиб келмоқда. Бу вақт ичида суд қарорларининг аксарияти жабрланган балиқчилик хўжалиги фойдасига бўлган. Аммо таъсисчиси 94,56% улуш билан ЎзР Молия вазирлиги бўлган O’ZAGROSUG’URTA компанияси шартномага ва суғурта полисига мувофиқ суғуртани тўлиқ тўлашни хоҳламаяпти. Бир ярим йил давомида тадбиркорлар ўз ҳисобидан ҳовуз ва қурилмаларни таъмирлаган ва хўжаликни ишга туширган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 10 ноябрда Олий суднинг Иқтисодий ишлар бўйича суд коллегияси NAVRO’Z QUT BARAKASI фойдасига қарор чиқариб бўлган, бироқ унга такрор кассация шикоятини берган Ўзбекистон Олий суди раисининг ўринбосари Б.Исаков шикоят келтирди. Кассация шикояти бўйича мажлис 2022 йил 14 январда бўлиб ўтди ва ёқимсиз таассурот қолдирди.

Таъсисчиси 94,56% улуш билан ЎзР Молия вазирлиги бўлган суғурта компанияси NAVRO’Z QUT BARAKASI хўжалигининг ҳар бир далилига шикоят келтиришга уринди, уни талабларни ошириб кўрсатганликда ҳамда даъвогар вазиятдан фойдаланиб шикастланган ҳовузни яхшилашни истаётганини, яъни унинг дамбасини юқорироқ қилмоқчи эканликда гумон қилди.

Ўқувчимиз NAVRO’Z QUT BARAKASI давлатнинг айби* билан дуч келган офат ўлчамларини тасаввур қилиши учун  балиқчилик хўжалиги тузилмасининг мураккаблиги ва ўлчамларини таърифлашга уриниб кўрамиз. Корхона 213 гектар майдонда жойлашган 28 та ҳовуздан иборат. Бу тўртта Тошкент-Ситининг майдони. Энди ушбу улкан ҳудуддаги бузилган дамбалар ва балчиққа тўлган ёки ювилган 28 та ҳовузни тасаввур қилинг. Ҳар бир дамбани реконструкция қилиш лозим, бундан олдин эса ҳовуз тубининг юзасини текислаш, яъни бир жойдан тупроқ олиб, бошқасини тўлдириш зарур. Шу боис аввал бошида тўланган 150 млн сўм – бундай таъмирлаш ишлари учун денгиздан томчи.

O’ZAGROSUG’URTA АЖ сайтида миссия бўлимида “Жавобгарлик ва адолат, узоқ муддатли ҳамкорлик” кўрсатилган.  Балиқчилик хўжалиги фаолиятининг тўхташи офатни бошидан кечирган туманда ишсизлар сонига яна бир неча ўнлаб кишиларни қўшиши, туманни бюджетга солиқ тўловларидан маҳрум қилиши ва балиқ бозорига зарар етказиши мумкин.

Суд мажлиси пайтида NAVRO’Z QUT BARAKASI вакили жавобгарнинг барча саволларига жавоб берди, бироқ жавобгар ўзини ишонарли тарзда тутмади, унинг баъзи саволлари эса кишини таажжубга солди. Масалан, жавобгар балиқчилик хўжалигида бузилган дамбалар ўрнини тиклашнинг ўзи етарли деб ҳисобламоқда. Биринчидан, дамба – бу яхлит конструкция бўлиб, шунчаки “тешикни тўлдириш” шубҳали ечим бўлган бўларди. Дамба қурилишида айнан технологиянинг бузилиши Сардоба фожиасига олиб келди. Бу ерда ҳам худди шундай. Бир қадам ҳам чекиниш мумкин бўлмаган таъмирлаш технологияси бор. Иккинчидан, саноат балиқчилигининг ўзига хос хусусиятларини билмаган ҳолда,  O’ZAGROSUG’URTA АЖ мутахассислари сув тошқини ҳовузларни кўп балчиқ, бошқа тупроқлар билан тўлдирганини ҳисобга олмаган, ҳолбуки ҳовуз туби иложи борича максимал текис бўлиши керак. Ҳовуз тубида чуқурлар ва паст жойлар мавжуд бўлганида, тупроқ ботқоқлашиши юз беради, бу балиқ учун ҳалокатли бўлиши мумкин.

Суд ишнинг моҳиятини яхшироқ тушуниш ва ҳужжатларни ўрганиш учун 2022 йил 21 январгача танаффус эълон қилди.

Мажлис якунида кишида икки хил туйғу қолди: ёки таъсисчи қонундан шартнома ва суғурта полисини эътиборга олмайдиган даражада юқори туради, ёки Олий суднинг иқтисодий ишлар бўйича суд коллегияси Молия вазирлигининг обрўсига қараяпти.

Негадир хотирада суд мажлисини тарк этаётган жараён иштирокчиларидан кимдир айтган сўзлар қолди: «Молия вазирлиги бу суғурта компаниясининг энг йирик таъсисчиси ҳисобланади, у умуман ҳисоб бўйича тўлашни истамаяпти. Шу боис қарорнинг балиқчилар фойдасига ҳал бўлиши ақл бовар қилмас иш бўларди».

Лола Исламова

* Сардоба сув омбори тўғонини қуриш ишлари давлат ташкилотлари томонидан амалга оширилган. Шунингдек сув омбори тўғон ҳолатини назорат қилувчи ускуналарсиз ҳукумат комиссияси томонидан фойдаланишга қабул қилиб олинган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.