Рамазон ойи тилакларимиз
Бирламчи зарурат ресурслари билан бир қаторда жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва мафкуравий ҳаётида муҳим роль ўйнайдиган миллатни ривожлантиришнинг номоддий омиллари ҳам мавжуд.
Пандемия, қатъий карантин шароитларида аҳолининг барча қатламларини тўғридан-тўғри моддий қўллаб-қувватлашнинг мавжуд эмаслиги, аҳоли даромадларининг пасайиб кетаётгани ва кўпчилик кишиларда ўз фаровонлигини таъминлаш учун имкониятлар камаяётгани ижтимоий кескинлик ошишининг катализатори бўлиб хизмат қилаётир.
Бироқ, жамиятимиз ичида мафкуравий, маънавий-ахлоқий ва диний қарашлардаги тафовутни сунъий “кўпиртириш” ҳам сезиларли безовталикни келтириб чиқармоқда, чунки ҳамжиҳат бўлмаган жамиятни бошқариш жуда осон.
Ахборотни бу тарзда тақдим этиш Ўзбекистондаги фундаментал муаммолар манбаини ва улар оқибатларининг сабабларини кўриш имконини бермайди. Жамоатчилик алоҳида шахсларнинг қабиҳ хатти-ҳаракатларини муҳокама қилган ҳолда, ўзаро муносабатларни ойдинлаштиришни бошлайди. Эркаклар ва аёллар, диндорлар ва атеистлар, шаҳарликлар ва “қишлоқилар”, “маҳаллийлар” ва “бегоналар” ўртасида нифоқ бошланади…
Бу муаммолар – реал воқелик, улар кеча пайдо бўлмаган. Бироқ уларни, эҳтимол тираж ортидан қувиб, аудиториянинг эътиборини жалб қилган ҳолда, юзаки тақдим этиш фуқаролар, сиёсатчилар, ОАВ вакилларининг ҳаммаси ҳам сифатли публицистика, журналистика даражасига кўтарилмаганидан далолат беради. Муаммоларни очиб бериш, улар ҳақида гапириш зарур, бироқ буни жамиятни иккига ажратмасдан тўғри таҳлил асосида қилиш лозим.
Ўзбекистон фуқаролари постсовет даврининг қийинчиликларини муносиб енгиб ўтди, фуқаролар урушига йўл қўймади, диний фанатизмнинг салбий жиҳатларини жиловлашга муваффақ бўлди (бу таҳдид ҳар доим мавжуд), миллатлараро, конфессиялараро нифоқнинг олдини олди, ўз давлатчилигини шакллантирди, ўз иқтисодиётини тиклади.
Албатта, аҳоли фаровонлигининг бироз ўсиши коррупция, талон-тарожликлар, кўплаб фуқароларнинг мулк ҳуқуқларини бузиш каби камчиликлар ва ижтимоий иллатлар фонида содир бўлди. Шунга қарамасдан, жамиятнинг асосий қисми ўз келажагини амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг эзгу натижаларига умид билан, ҳаммага ва ҳар бир кишига тинчлик ва эзгулик билан қурмоқда.
Муаммоларимиз турли-туман (маънавий, ментал, ижтимоий, иқтисодий) ва чуқур экани билан бир қаторда, уларни фақат биргаликда, фақат ҳамжиҳатликда, бегонанинг боласини ўз фарзандидай кўрадиган, қўшнилари, биродарларини ҳурмат қиладиган ягона халқ сифатида енга олишимизни тушунишимиз зарур. Она заминимизга келган муқаддас Рамазон ойи айнан шуни талаб қилади.
Ҳаммамизга сабр ва матонат ёр бўлсин.
Anhor.uz таҳририяти
Шарҳлар