Соғлиқни сақлаш тизимининг собиқ ходими: Мени бутун дунёга ёмонотлиқ қилишди

Соғлиқни сақлаш тизимининг собиқ ходими: Мени бутун дунёга ёмонотлиқ қилишди

Яқинда Ўзбекистон ОАВда Самарқанд вилоятида тиббий муассасаларнинг 61 нафар ходимига коронавирусга қарши курашишда қатнашганлиги учун устама (1,2 млрд сўм) тўлаш кечиктирилгани ҳақидаги ахборот тарқалганди. Ушбу қоидабузарлик учун гўёки Самарқанд вилоят  соғлиқни сақлаш бошқармасининг бош мутахассис-иқтисодчиси ишдан бўшатилган. Anhor.uz нашрининг аниқлашича, аслида бунинг учун ҳеч ким жавобгарликка тортилмаган, собиқ иқтисодчини эса ёмонотлиқ қилишган.
 
«Бир неча кун олдин нонушта пайтида нуфузли бир нашрнинг бир янгилигини ўқиб қолдим. Унда Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бош мутахассис-иқтисодчисини, яъни мени COVID-19 га қарши курашаётган тиббий ходимларнинг иш ҳақига устама менинг айбим билан ўз вақтида тўланмагани учун ишдан бўшатишгани ҳақида ёзилган эди. Гўёки мен вилоят молия бошқармасига ходимлар рўйхатини тасдиқламасдан, молиялаштиришга аризани расмийлаштирмаган эмишман. Аммо, бу ёлғон. Менинг бу ишларга умуман алоқам йўқ, нега энди бутун айбни менга юклашаётгани ва номимни қоралашаётганини тушунмаяпман», – дейди Суннат Исломов Anhor.uz мухбири билан суҳбатда.
 
Унинг сўзларига кўра, ушбу воқеадан деярли икки ҳафта олдин у лавозимини ўз хоҳишига кўра тарк этган ва унда бу ишларда қатнашиш имкони бўлмаган. Бундан ташқари, молиялаштиришга аризани расмийлаштириш ва тақдим этиш ҳеч қачон унинг лавозимий вазифаси бўлмаган.

«Мен 1 май куни ишдан бўшадим, Самарқанд вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг бош бухгалтери эса Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига ходимлар рўйхати ва молиялаштиришга аризани 13 майда тақдим этган. Бу рўйхатни Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бошлиғи ва Самарқанд вилоят Давлат санитария-эпидемиологик назорат марказининг раҳбари тасдиқлаши керак эди, яъни рўйхат иккита идора томонидан тасдиқланиши керак, шундан сўнг у молия бошқармасига топширилади. Аммо ҳужжат ўз вақтида топширилмаган, шу сабабли коронавирусга қарши курашаётган тиббий ходимларнинг 1,2 млрд сўм миқдоридаги устамаси икки кунга кечиккан. Бундан шов-шув кўтарилган, айбдорни топиш ва жавобгарликни унга юклаш керак бўлган ва менга тушунарсиз сабабга кўра ҳаммасида мени айблашган», – дея шикоят қилади Суннат Исломов.
 
Унинг қайд этишича, буйруққа мувофиқ, аввал бошиданоқ тўловлар ва молиялаштириш устидан назорат учун жавобгарлик Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бош бухгалтери зиммасига юклатилган. У ушбу фаолияти учун Инқирозга қарши курашиш фондидан маош олади.
 
«Нега кечикиш юз бергани сабаби менга номаълум. Бу саволга Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бошлиғи Д.Жуманиязов жавоб бериши мумкин. Шунингдек нега унинг хабари бўла туриб, ушбу тузилмада 1 майдан бошлаб ишламаётган одамга, яъни менга бу қоидабузарликни расмийлаштиришгани ҳам тушунарсиз», – дейди  Суннат Исломов. 
 
Бировнинг хатоси, масъулиятсизлиги ва виждонсизлиги Суннат Исломовнинг обрўсига путур етказди.
 
«Ким учундир бу воқеа жиддий бўлиб кўринмас, аммо бу ерга менинг профессионал обрўйим тикилган. Мен бу ном учун 20 йилдан ортиқ меҳнат қилдим, энди уни булғашларига жим қараб туролмайман. Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан кетганимдан кейин ва Рамазон якунланганидан сўнг янги иш излашни режалаштиргандим, аммо энди бутун мамлакат мени масъулиятсиз ходим сифатида билади. Соғлиқни сақлаш тизимида 23 йил виждонан ишлаганимдан кейин ҳам мени асоссиз равишда ёмонотлиққа чиқаришганидан қаттиқ хафаман. Ўша янгилик чиққанидан кейин телефоним яқинларим ва дўстларимнинг қўнғироқлари ва хабарларидан тинмаяпти. Улар ҳам нима қилиб қўйганим ва нега ҳамма мен ҳақимда бундай ёмон нарсаларни ёзаётганига қизиқмоқда. Менга ҳатто хориждаги танишларим ҳам нима юз берганини сўраб ёзишмоқда. Ахборот агентликлари, телеканаллар, ижтимоий тармоқлар – ҳаммаси бир овоздан бу менинг хатоим эканини ва гўёки мени айнан шунинг учун ишдан бўшатишгани ҳақида айтишяпти», – дея хулоса қилади Суннат Исломов.  
 
Бу орада Anhor.uz нашрига Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу факт бўйича текширув юборгани маълум бўлди. Ишчи гуруҳ 8 июнга қадар белгиланган талабларга мувофиқ тўловлар тартибини, Инқирозга қарши жамғарманинг маблағлари мақсадли ишлатилганини ўрганиши ҳамда пул маблағлари тўловларини ташкиллаштириш учун масъул бўлган шасхларнинг фаолиятини баҳолаши керак.

Элина Рустамова  

Бош саҳифадаги фотосурат иллюстрация тариқасида: Uzbekistan Airways

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.