Тадбиркор, Сардоба ва сўз эркинлиги ҳақида сўз

Источник: Volodymyr Hryshchenko/unsplash.com

Сардобадаги фожиа оқибатида жабр кўрган тадбиркор суғурта тўловини олмади. Вазиятни баён қилган таҳририятга “O’ZAGROSUG’URTA” давлат суғурта компаниясидан таҳририят номига ғалати ноқонуний таъналарга тўла расмий фикр келиб тушди.

Сардобада содир бўлган техноген фожиа натижасида жабр кўрган “NAVRO’Z QUT BARAKASI” МЧЖ “O’ZAGROSUG’URTA” давлат суғурта компаниясидан суғурта шартномасида назарда тутилган суғурта тўловларини ололмайди. Олий хўжалик ишлари бўйича коллегиясининг 2022-йил 21-январдаги қарори шундай. Ушбу ҳужжат 2021-йил ноябрь ойида тадбиркорлар фойдасига ҳал қилган худди шундай суд ҳайъатининг қарорини рад этади.

Энг катта улуш Молия вазирлигига тегишли бўлган давлат иштирокидаги суғурта компанияси билан шартнома тузишга қарор қилган тадбиркор билан боғлиқ машмаша 2020-йил июнь ойидан бери давом этмоқда. Бу ҳақда Anhor.uz “Сардобалик жабрланган тадбиркорлар нега суғурта тўловларини ололмаяпти” ва “O’ZAGROSUG’URTA масъулияти ва адолати?” каби мақолаларида ёзган.

Охирги суд– Олий суднинг иқтисодий ишлар бўйича коллегиянинг натижаси кўпчилик кузатувчилар кутган нарсага мос келди – “NAVRO’Z QUT BARAKASI” 2 миллиард 500 миллион сўмга суғурта қилинган, бироқ амалда ҳеч нарсасиз қолди. Аниқроғи, суғурта компанияси томонидан олинган тўловларни жамласак, бу 18,5% дан ошмайди.Юзлаб одамларни хароб қилган бахтсизликдан сўнг мансабдор шахслар ўз обрў-шаънини сақлаб қолиш ва технологияни қўпол равишда бузган ҳолда Сардобада тўғон қурган жиноятчиларни, шунингдек, сув омборидан фойдаланишга рухсат берган жиноятчиларни оқлаш учун кўп ҳаракат қилишганликлари ёдимизда….

Anhor.uz “O’ZAGROSUG’URTA” ахборот хизматининг расмий фикрини таржимада эълон қилди, асл нусхаси бу ерда (ҳавола). Таъкидлаймизки, бу таҳририят қонунга кўра эълон қилиши шарт бўлган раддия эмас, бу фикр, чунки у фактларга мурожаат қилмайди, рад этмайди ва кўпроқ маънавий ва асоссиз даъволарга ўхшайди. Шубҳасиз, Anhor.uz муаллифлари журналистиканинг ахлоқий меъёрларига, шунингдек, ОАВ ва журналистлар фаолиятини тартибга солувчи қонунларга амал қилади. Афсуски, расмий фикр муаллифлари, “O’ZAGROSUG’URTA” ахборот хизмати, уларнинг ҳужжатидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, журналистлар ва оммавий ахборот воситаларининг очиқ-ойдин кўриниб турган барча ҳуқуқлари билан таниш эмас.

Қуйида ҳар бир банд бўйича таҳририят шарҳлари билан расмий фикрни эълон қиламиз.

****

O’ZAGROSUG’URTA :

Сўзимиз аввалида, журналистиканинг олтин қоидаси — холислик ва ҳалоллик принципи тилга олингани бежизга эмас. Танқидий мақола биргина шикоятчининг важларидан келиб чиқиб тайёрланаверса, унда ташкилотнинг Ахборот хизмати нима учун?

Таҳририят шарҳи:

“Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ҳар ким оммавий ахборот воситаларида сўзга чиқиш, ўз фикри ва эътиқодини очиқ баён этиш ҳуқуқига эга.

Мақолаларда фактлар келтирилган, уларнинг ҳеч бири сиз томонингиздан рад этилмаяпти.

O’ZAGROSUG’URTA :

Ҳар икки мақола нопрофессионал ёритилгани боис қатор хатоликларга йўл қўйилган ва ўқувчига томонлар ўртасидаги низонинг асл моҳияти ҳақида етарлича маълумот берилмаган.

Жорий йилнинг 11 ҳамда 20 январь кунлари Anhor.uz сайтида “Почему пострадавшие предприниматели из Сардобы не могут получить страховые выплаты”, шунингдек “O‘ZAGROSUG‘URTA”нинг жавобгарлиги ва адолати?” сарлавҳали материаллар эълон қилинди.
Дастлабки мақолада суғурта ҳодисасини қоплаш бўйича “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамияти ва “Navro‘z Qut Baraka” МЧЖ  ўртасида суд жараёнлари узоқ давом этаётганлиги, суғурта товони ҳамон ундирилмаётганлиги ҳақида сўз боради. Биринчи материалнинг якунида ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Судидан изоҳ сўралган.

Таҳририят шарҳи:

Таҳририят мақолалардаги “O’ZAGROSUG’URTA” АЖ томонидан нотўғри деб ҳисоблаган келтирилган маълумотлар ва фактларга аниқ ҳаволаларни сўрайди.

O’ZAGROSUG’URTA :

Шунингдек, 2021 йил 20 январда ишнинг моҳиятини яхшироқ тушуниш ва ҳужжатларни ўрганиш учун суд мажлиси яна бир ҳафтага кечиктирилгани ҳақида anhor.uz сайтида навбатдаги материал эълон қилинди.

Мақола “2020 йилда Сардобада юз берган техноген офат инсонларнинг тақдирида, суд даъволарида, журналистларнинг текширувларида ҳали узоқ вақт бонг бериб туради”, деган жумлалар билан бошланади. Шу ўринда савол туғилади,  “ТЕКШИРУВ” деганда нима назарда тутилган?

Таҳририят шарҳи:

Оммавий ахборот воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ (Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонуннинг 5-моддаси) Оммавий ахборот воситалари қонунчиликка мувофиқ ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, тарқатиш, ундан фойдаланиш, уни сақлаш ҳуқуқига эга ҳамда тарқатилаётган ахборотнинг холислиги ва ишончлилиги учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Журналист касбий фаолиятни амалга оширишда журналистик текширув ўтказиш ҳуқуқига эга.

Журналист ахборот тўплаш ва журналистик текширув ўтказиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, журналист ўз касбий текшируви натижаларини оммавий ахборот воситаларида тарқатиш, уларни давлат органларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, жамоат бирлашмаларига, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахсларга ихтиёрий равишда тақдим этишга ҳақли. Журналист текшируви жараёнида олинган материаллар ва ҳужжатларни мусодара қилиш ёки журналистни тинтув қилиш мумкин эмас.

OZAGROSUGURTA :

Сарлавҳа танлашда компаниянинг расмий веб-сайтига мурожаат қилингани, масаланинг моҳиятини ўрганишга келганда эса  иккинчи томонга ҳам қулоқ тутиш, ҳеч бўлмаганда “Ўзагросуғурта” АЖ нинг Ахборот хизмати билан боғланишга жазм қилинмагани, муаллиф “фактчекинг”(далилларни текшириш), “журналистик суриштирув”, “фактларни ўрганиш, уларни таққослаш” сингари ибораларнинг асл маъносидан тўлиқ хабардорлигига кишида шубҳа уйғонади.

Таҳририят шарҳи:

Оммавий ахборот воситалари ўз фаолиятида эркиндир ва улар чоп этилишидан олдин материаллар ёки сарлавҳаларни тасдиқлаш учун мурожаат қилишга мажбур эмас.

“Фактчекинг” атамаси фикрлар, мулоҳазалар ва хулосаларга эмас, балки фактларга нисбатан қўлланилади. Суғурта тўловлари тўланмаганлиги  факти “O’ZAGROSUG’URTA” АЖ томонидан инкор этилмаяпти.

Шундай қилиб, мақолаларда келтирилган барча фактлар ҳақиқатдир ва ёзма ҳужжатлар асосида ўрганилган.

O’ZAGROSUG’URTA :

Масалага нуқул бир тарафлама ёндашилиб, жамоатчиликка “Ўзагросуғурта” АЖ суғурта тўловини тўлашдан қочиб, турли баҳоналар билан суд қарори ижросини таъминлаш вақтини атай чўзмоқда. Асосий таъсисчиси Молия вазирлиги бўлгани туфайли судлар уларнинг фойдасига қарор чиқаради, деган мазмундаги нотўғри хулосалар келтирилган. Суд мажлисидаги номаълум иштирокчидан (исм, шарифи келтирилмаган) олинган иқтибос бунга мисолдир.

Таҳририят шарҳи:

Мақолалардаги хулоса таҳририятнинг фикри бўлиб, келишиш ёки тасдиқланиши мумкин эмас, чунки бу, биринчи навбатда, ишнинг мумкин бўлган натижалари тўғрисидаги фикрдир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасига мувофиқ, ҳар ким фикр, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга.

Нашр муҳаррирлари ва журналистлари ўз фикр, мулоҳаза ва хулосаларини эркин баён этиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга.

Фикр ва сўз эркинлиги давлат ёки бошқа сирларга асосланиб қонун билан чекланиши мумкин. Мақолаларда баён этилган ҳолатлар давлат ёки бошқа сирларга тааллуқли бўлмагани учун уларни баҳолаш бўйича фикрларни чеклаш учун асослар йўқ.

O’ZAGROSUG’URTA:

Суд мажлисидаги номаълум иштирокчидан (исм, шарифи келтирилмаган) олинган иқтибос бунга мисолдир.

Ушбу интернет нашрининг мақолада билдираётган мулоҳазалари мамлакатда судларнинг мустақил қарор қабул қилишига аралашиш (таъсир этиш) ва етакчи суғурта компаниясининг обрўсизлантиришга уриниш эмасми?

Суғуртанинг моҳиятини тўлиқ англаб етиш учун яна бир маълумот: суғурта соҳасидаги низолар суд тартибида ҳал этилиши, қарор ижроси суд томонидан қонуний тарзда тўхтатилиши суғурта фаолияти амалиётида мутлақо нормал ҳолат. Муаллиф томонидан бу ҳолатлар, гўёки суғурта ташкилоти ўз мажбурияти ва суд қарорига беписанд ракурсда тасвирланган.

Таҳририят шарҳи:

Қонун ҳужжатларига мувофиқ, журналистлар ва оммавий ахборот воситалари мақолада баён этилган ҳолатларга баҳо бериш юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириш ҳуқуқига эга.

Танқидий материаллар судлар томонидан қарор қабул қилиш жараёнига аралашиш сифатида қаралиши мумкин эмас.

“O’ZAGROSUG’URTA” АЖ ушбу мақолаларни обрўсизлантирувчи деб ҳисобласа, “Ўзагросуғурта” АЖда нашрда кўрсатилган фактларнинг ҳақиқатга тўғри келмаслигини тасдиқловчи далиллар мавжуд бўлган тақдирда, у адлия органларига суд орқали ҳимоя қилиш учун мурожаат қилишга ҳақли. Танқидий фикр, агар у ҳақиқатга мос келадиган фактларга асосланган бўлса, уни обрўсизлантирувчи деб эътироф этиб бўлмайди.

Агар “O’ZAGROSUG’URTA” АЖда суд томонидан қабул қилинган қарорларга шубҳа туғилса, бундай эътирозлар тегишли судларга юборилиши керак.

“O’ZAGROSUG’URTA” АЖ ахборот хизмати ҳам юзага келган ҳуқуқий низо бўйича расмий позицияси тўғрисидаги маълумотларни тарқатиш ва инсофли суғурталовчилар олдидаги шартнома мажбуриятларига бефарқ эмаслигини билдириш ҳуқуқига эга.

O’ZAGROSUG’URTA :

Ўзбекистон Республикаси Олий суди иқтисодий судлов ҳайъати томонидан 2022 йил 21 январда қуйи инстанция судлари қарорлари, шу жумладан 2021 йил 10 ноябрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий суди иқтисодий судлов ҳайъатининг қарори ҳам бекор қилинган. Яъни мақолада кўрсатилган ҳолатлар нотўғри талқин қилинганлиги суднинг якуний қарорида ҳам ўз тасдиғини топган.

Таҳририят шарҳи:

Нашрларда судлар қарорларининг талқини берилмаган, фақат қуйи судлар қарори, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий коллегиясининг қарори бекор қилинганлиги факти баён қилинган (Хўжалик коллегияси O’ZAGROSUG’URTA АЖ ахборот хизмати хабарига кўра, бир неча йиллардан бери мавжуд эмас!- муҳаррир эслатмаси ).

“O’ZAGROSUG’URTA” АЖ мақоланинг айнан қаерида нотўғри талқин қилинганлигини батафсилроқ тушунтириши керак.

Ўзбекистон Республикасининг хўжалик процессуал кодексининг 190-моддасига биноан, ҳал қилув қарори ноаниқ бўлган тақдирда, ушбу ҳал қилув қарорини қабул қилган суд ишда иштирок этувчи шахснинг, давлат ижрочисининг, ҳал қилув қарорини ижро этиш юкланган бошқа органларнинг илтимосига кўра, қарорнинг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда тушунтиришга ҳақли.

Шундай қилиб, суд қарорларини нотўғри талқин қилиш тўғрисидаги даъволар фақат унинг қарорига аниқлик киритиш тўғрисидаги суд ажримига асосланиши мумкин.

Таҳририят “O’ZAGROSUG’URTA” АЖдан ўз важларини тасдиқлаш учун суд ажрими шаклида шундай тушунтириш беришни сўрайди.

O’ZAGROSUG’URTA :

Шу ўринда, anhor.uz таҳририятидан танқидий материалларни ҳолислик ва ҳалоллик принципига риоя қилиб, ҳар икки томоннинг далил ва важлари асосида жамоатчиликка етказишларини сўраб қоламиз.

Таҳририят шарҳи:

“O’ZAGROSUG’URTA” АЖнинг маслаҳатлари учун миннатдормиз ва ўз навбатида ОАВ фаолиятига ташкилотлар томонидан аралашишга йўл қўйилмаслигини эслатиб ўтамиз.

Қонунчиликка кўра, танқидий материалларни чоп этгани учун журналистлар ва ОАВга таъқиб ва ​​босим ўтказишга йўл қўйилмайди.

Таҳририят ўз фаолиятини фақат амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ олиб боради ва биринчи навбатда жамоат манфаатларини кўзлайди.

Оммавий ахборот воситаларининг асосий вазифаси жамоат манфаатларини таъминловчи ахборотни тарқатиш, шунингдек, фуқароларнинг оммавий ахборот воситалари орқали ўз фикрини билдириш бўйича конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш имкониятини таъминлашдан иборат.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.