Таълим тизими – иқтисодчининг нигоҳида

Мавзуни бошлашдан олдин таълим масалаларида мутахассис эмаслигимни қайд этишни истардим. Ушбу мақолада биз мазкур муаммога ҳозир бошимиздан кечираётган ўзгаришлар давридаги жамиятнинг ривожланиш диалектикаси нуқтаи назаридан қарашга уриниб кўрамиз.

Ўзбекистон 30 йилдан буён социализмдан капитализмга ўтиш каби мураккаб даврни бошидан кечирмоқда, кишиларнинг онги, турмуш тарзи, бўлаётган воқеаларни ва келажакни қабул қилиш тарзидаги ўзгаришлар келтирадиган барча қийинчиликларни ҳис қилмоқда.

Ушбу ўтиш даврининг мураккаблиги шундаки, унда борлиқ ва онгнинг мақсадни қўйиш жараёни ўзгаради. Олдинлари давлат мақсадни оддий қилиб қўярди, шу боис ҳам ҳаммаси тушунарли бўлган: олдин социализм, кейин эса коммунизм қуриш керак. Ҳозир оддий ва тушунарли қилиб баён этилган мақсадлар йўқ. Одамлар қандай жамиятни қуришни исташини билмаяпти.
 
Агар авваллари ҳар бир киши учун тенг имкониятлар тамойили эълон қилиниб, ишлаб чиқаришда виждонан меҳнат қилиш яхши ҳаёт шарти бўлган бўлса, ҳозир, ҳаёт кўрсатиб турганидай, ўз меҳнати билан моддий қийматларни яратаётганлар асосий наф олувчилар бўлмай қолди.

Қуйидаги оддий саволга жавоб йўқ: қурилаётган жамиятда яшашдан ким фойда кўради, бу таълим, маданият, иқтисодиёт ва жамиятни бошқариш соҳасидаги сиёсатнинг мақсадларини белгилаши керак. Афсуски, жамият мақсадлари баён этилган Конституциямизнинг кўпгина моддалари перманент кучсиз ҳолатда қолган бўлиб, тегишли тарзда бажарилмаяпти.
 
Назаримда, бугун ҳали куртак шаклида бўлган давлат-хусусий монополистик капитализми одамларнинг онгини белгилаётгандай ва Ўзбекистон жамиятининг доминант белгисига айлангандай гўё. Ушбу куртак ўзини кучли жўжадай, аниқроғи якка ўзи ҳамма қимматли нарсаларга эга бўлишни истаётган ва бошқа жўжаларни уясидан сиқиб чиқариб ташлаётган жўжадай тутмоқда.

Гўёки бундай капитализм биз тарихан эга бўлган таълим тизимини ўзи учун энг асосий таҳдид сифатида аниқ белгилаб олганга ўхшайди. Совет таълим тизими, эҳтимол, камчиликларга эга бўлган бўлиши мумкин, бироқ у инсон турмушининг ва ҳар бир кишининг жамият олдидаги жавобгарлигининг моҳиятини тушунишни таъминлаган.

Янги пайдо бўлган ва жамият бойликларидан наф олаётган давлат-хусусий монополистик капитализми олий маълумотли мутахассислар (педагог, муҳандис, филолог, иқтисодчи, дастурчи ва ҳ.к.) хизматидан воз кечди. Унга озгина нарсага қаноат қиладиган ва ортиқча савол бермайдиган арзон ишчи кучи керак. Бир нечта зарур мутахассисларни эса у халқаро меҳнат бозорида ҳам ёллаши ва бўйсунмаслик аломатлари пайдо бўлиши билан уларни ҳам ҳайдаб юбориши мумкин.

Шу боис ҳам, таълим, энг аввало – олий таълим шундай янги мақсаднинг биринчи қурбонига айланди. Олий мактаб деградацияси аста-секин ўрта таълимнинг инқирозга учрашига олиб келди. Таълим (ҳам ўрта, ҳам олий) сифатига қўйиладиган талаблар жуда пасайиб кетди, ҳолбуки давлатнинг бу борадаги шиорлари бошқача эди.

Қуйидаги объектив омиллар келтириб чиқарган таълим тизими деградациясининг иқтисодий илдизлари тоборо чуқурлашди:

  1. СССР парчаланиб кетганидан сўнг, иқтисодиётнинг кадрларга бўлган эҳтиёжи сезиларли даражада ўзгарди, таълим тизими эса, ҳудудлар бўйича яхши тақсимланмаган мутахассисликлар рўйхати ва битирувчилар сонини назарда тутган ҳолда, одатга кўра “ўша кадрларни ишлаб чиқарарди”;
  2. Иқтисодий ўсишнинг мутлақ ўлчамлари, халқ хўжалигининг ҳудудий тузилмаси аҳоли ўсиши, меҳнат ресурсларининг ҳар йиллик ўсиши даражасидан ортда қолаётганди. Халқ хўжалиги улкан миқдордаги меҳнат ресурсларини “қамраб ололмасди”, уларни иш ўринлари ва муносиб иш ҳақи билан таъминлай олмасди;
  3. Ишчи кучи ҳаддан ташқари кўплиги, ўрта махсус таълимнинг инқирозга учраши, иқтисодиёт тузилмасидаги ўзгаришларни олдиндан кўра олмаган амалдорларнинг фикрлаши секинлиги натижасида мутахассисларнинг сифати ҳам тушиб кетди. Малакали ишчи кучи ўз ўрнини жон сақлаш учун ҳар қандай шартларни қабул қилишга тайёр бўлган ишчиларга бўшатиб бера бошлади;
  4. Давлат таълим соҳасига “ўгай бола” сифатида қарай бошлади, таълим соҳаси билан чеки кўринмайдиган турли тажрибаларни ўтказиб, “рудимент элементларни” олиб ташлаган ҳолда, унга маблағларни ҳам қолдиқлар тамойили бўйича ажрата бошлади. Жамият, ота-оналар шахсида таълимни қўллаб-қувватлаш учун давлат билан бир қаторда ушбу соҳани тўғридан-тўғри молиялаштиришга мажбур бўлди. “Синф ва мактаб жамғармаларига” “ўлпон” йиғиш, болаларни мажбуран хусусий мактабларга (ўртаҳол оилалар учун имконсиз бўлган) ўтказиш шулар жумласидандир.

Янги тартибнинг асосий наф олувчиси ўзи томонидан таклиф қилинган капитализмни ривожлантириш модели улкан ижтимоий тенгсизликка, турмуш даражасининг тушиб кетишига олиб келишини яхши тушунарди, ахир бу унга узоқ вақт давомида жамиятни хотиржам бошқариш кафолатини бермасди-да. Шу тариқа у давлат мажбурлаш аппаратини ислоҳ қилиш ва ўз хавфсизлигини муҳофаза қилиш борасида катта “ютуқларга” эришди.

Давлат жамиятнинг энг асосий ижтимоий устуворликларини, яъни имкониятлар тенглиги, таълим, маданият, ахлоқни иккинчи даражали қилиб қўйиб, “давлатчиликни мустаҳкамлашга”, давлат тузилмаларининг фаолияти ва уларнинг функцияларини кенгайтиришга, амалдорлар тушунадиган маънодаги “маънавиятни” мустаҳкамлашга  маблағлар сарфларди.

Юридик жиҳатдан “тўғри” шиорлар янграрди, аммо амалда “иқтисодиёт кўтарилса бас, таълим ва маданият ўз-ўзидан кўтарилади” деб ҳисобланарди. Орадан ўттиз йил ўтди! Мамлакат иқтисодиёти, расмий статистикага қараганда, ҳозирча барқарор ривожланмоқда. Аммо коррупциянинг, амалдорлар орасидаги ўзбошимчаликнинг ўсиши, мустақил суд тизимининг йўқлиги ахлоқнинг инқирозга юз тутишига олиб келди, буни турли сайтлардаги хабардардан ҳам кўриш мумкин.

Жавоб оддий – иқтисодий ўсишдан манфаатдорлар – бу бутун мамлакат аҳолиси эмас, бизнинг руҳий ҳолатимиз учун жавоб берадиганлар, яъни ўқитувчилар, шифокорлар, ёзувчилар, шоирлар ва адабиётчилар эмас.

Охирги йилларда тўғри қадамлар босилди – ўрта мактаб ўқитувчиларининг иш ҳақи 2,5 бараварга оширилди, улардан кўплаб қўшимча юкламалар олиб ташланди. Бундан ташқари, таълим билан ўтказилаётган сон-саноқсиз тажрибаларни ҳам тўхтатиш керак (ҳеч бўлмаганда, лицейлар тизимини жорий этишга мажбурлаш, дарсликлар билан тажрибалар, алифбо билан экспериментлар), сифат миқдордан орқада қолмоқда, реал иш ўрнига ўзини “қизғин фаолият” кўрсатаётган қилиб кўрсатишни ва “назоратчини назорат қил” тамойили бўйича педагоглар фаолиятини назорат қилиш кучайганини кўриш мумкин.  
 
Бироқ, ҳозирча, яхши томонга принципиал ўзгариш йўқ, аввалги инерция сақланиб қолган – ўқитувчиларнинг 80 фоизини кўп вақт ва асабни талаб қиладиган оила ўчоғи ҳақида, болалар тартияси ҳақида қайғуриши керак бўлган аёллар ташкил қилмоқда. Демократия ва холисликка эришишга бўлган уринишлар билан биз ҳар бир ота-онага, боланинг ақлий-ахлоқий қобилиятларини баҳолашда ўқитувчининг холислигига эътирозлари билан, таълим жараёнига аралашиш ҳуқуқини бердик. Болалар тарбияси учун асосий жавобгарлик ота-она зиммасида эканини эслатиб қўйиш вақти келди.
 
Айниқса, давлат томонидан мактаб жиҳозларига, бинолар, иншоотларни сақлаш ва таъмирлашга, давлат байрамларида жамоатчилик тадбирларини ўтказишга, мактаб машғулотларини ўтказишга, бошланғич синф ўқувчиларининг тушликларига  ажратилаётган маблағлар талон-тарож қилинаётгани кишининг ғазабини қайнатади. Мактабгача етиб борадиган нарсаларнинг сифати кўп ҳолларда паст эканини кўрасиз, директорлар улардан воз кечишга ва ёрдам сўраб ота-оналарга мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда.

Афсуски, “мустақил ишлаш жараёнини рағбатлантириш” уй вазифаларининг ҳажми ва мураккаблиги ошишига олиб келаётир. Ота-она кечгача ишлайдиган оилаларни кўз олдимизга келтирайдик, уларда фарзанди билан бирга уй вазифасини бажариш, улар билан шуғулланиш учун на вақт, на куч қолади.

Демак, уй вазифаларининг (мустақил ишлар) сони ва мураккаблигини оширган ҳолда таълим тизими жамият сегрегациясини рағбатлантирмоқда: уйда болалар билан фақат бунга имкони борлар шуғулланади. Кимнинг имкони бўлмаса, у паст сифатли таълимга рози бўлишга мажбур.
 
Кўплаб кадрлар кетиб қолгани учун, умуман угбу номга муносиб бўлмаган ўқитувчиларни кўриш мумкин. Кўп ҳолларда айрим ўқитувчиларнинг очиқдан-очиқ пала-партиш ва ғариб кўриниши болаларнинг уларга нисбатан ҳурмати тушишига олиб келяпти. Баъзида бундай педагоглар ўзларининг бу “камчилигини” болалар кийган юбка, пайпоқ ёки ўқувчилар сочининг узунлигини назорат қилиш билан “компенсациялайди”.
 
Нималарни ўзгартириш мумкин
 
Авваламбор, таълим соҳасига ажратилаётган маблағларнинг тўғри тақсимланиши ва ишлатилишини барча босқичларда назорат қилишни кучайтириш зарур. Молия вазирлиги ўзи пул ажратиб, ўзи унинг ишлатилишини назорат қиладиган мавжуд давлат назорати тизими аллақачон эскирган. Ғазначилик ва давлат Назорат-тафтиш бўлимлари Молия вазирлигининг итоаткор воситаси бўлиб қолмасдан, давлат назорати ва бошқарувининг мустақил органларига айланиши керак.

Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари шаҳар ва туман молия бўлимларидан эмас, балки автоном бирликка айланиши керак бўлган бевосита Ғазначилик бошқармасидан таълим учун маблағлар ажратилиши ва улардан фойдаланиш ҳолати ҳақидаги тезкор ахборотга эга бўлиши лозим.
 
Мактаблар ва олий ўқув юртларининг эҳтиёжлари учун давлат харидларини назорат қилиш жараёни иложи борича шаффоф бўлиши, таълим тизимининг барча даражадаги раҳбарлари томонидан амалга оширилган ҳар бир йирик харид бўйича ҳисоботлар ва тушунтиришлар чоп этилиши зарур.
 
Таълим соҳасидаги (айниқса, олий мактабларда) коррупцияга қарши курашиш муҳим ва зарур иш. Бироқ, бошқа томондан, таълим соҳасига ажратиладиган маблағларнинг тақсимланиши ва улардан фойдаланиш борасидаги барча даражалардаги коррупция муаммосини ҳал қилмасдан туриб, ҳозир мактабларни ягона кўмак канали – ота-оналар ёрдамидан кесиб ташлаган ҳолда, биз соғлом ақл тантанасига бўлган охирги умидни ҳам “ўлдириб қўямиз”.  Ота-оналар ёрдамидан воз кечиш шартларини аниқ кўриш ва бунда маблағлардан фойдаланиш ва харажатлар шаффофлиги устидан назоратни кучайтириш лозим.

Мактаблар ва олий ўқув юртлари ўзларига хос бўлмаган функциялардан халос бўлиши керак, яъни сайловларда ҳозир бўлишни таъминлаш, бинолар ўз вақтида таъмирланишини таъминлаш, ўқув йили бошланишига тайёргарликни таъминлаш ва ҳ.к.
 
Ўқитувчиларнинг малакаси расмий матнлар билан эмас, балки ўқувчилар кўрсатаётган билим даражаси билан тасдиқланиши лозим. Ўқитувчиларни ортиқча қоғоз ишлардан халос қилишни давом эттириш зарур.
 
Биз таълим (ўрта ва олий мактаб) жамиятимизда юз бераётган барча жараёнларнинг кўзгуси эканини, фарзандларимиз бундай таълимнинг ичидаги бор нарсани губка сингари “шимиб” олишини тушунимиз ва тан олишимиз керак. Шу билан бирга, ҳеч нимага қарамасдан, ҳар куни болаларни қалб самимийлиги билан кутиб олаётган ва уларга ҳақиқий билимларни улашаётган ўқитувчиларимизга миннатдорчилик билдиришни истардим.

Абдулла Абдуқодиров,
Anhor.uz нашри учун

Фотосурат: ЮНИСЕФ
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.