Таниқли вирусолог COVID-19 га тестлар, антитаначалар ва коронавирусга қарши дорилар ҳақида гапиради

Таниқли вирусолог COVID-19 га тестлар

Июнь ойи якунида Ўзбекистон аҳолиси коронавирус инфекциясига антитаначалар бор-йўқлигига тестдан ўтказилиши бошлангани ҳақида эълон қилинди. Ўша пайтда хусусий клиникаларга санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари билан тузилган шартномалар асосида COVID-19 га пуллик лаборатория тестларини ўтказишга рухсат берилди
 
 

Anhor.uz журналисти Ўзбекистондаги ТМС/BTRP халқаро дастурининг соғлиқни сақлаш бўйича илмий бўлими раҳбари, вирусолог, “Тошкент шифокорлари”тиббий ҳамжамиятининг асосчиси Дилдора Секлер билан COVID-19 га тест ўтказиш қандай бўлиши, биринчи навбатлар бундай тестни ким топшириши ва нега одамлар санитария-эпидемиологик осойишталик марказларида навбатда туриб оладиган саломатлик ҳақидаги маълумотномалар аслида ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслиги ҳақида суҳбатлашди.
 
– Коронавирусни аниқлаш жараёни қандай амалга ошади?
 
– Даставвал бироз вирус ҳақида ва у қандай ҳаракат қилиши ҳақида айтиб беришни истардим.
 
Коронавируслар, бошқа кўплаб вируслар сингари – бу РНК-сақловчи вируслардир. Уларнинг 40 га яқин тури мавжуд. Биринчи коронавирус штамми 1937 йилда товуқ эмбрионларидан изоляцияланган эди. Улар фақат ҳайвонлар орасида айланиб юрган. Одамга юққан илк иккита коронавирус штамми 60-йилларда аниқланган. Ўшандан бери коронавируслар одамлар орасида ҳам айланиб юради. Бугунги кунга келиб одамларга юқишга қодир бўлган коронавируснинг еттита штамми маълум. SARS CoV-2 – коронавируснинг айнан охирги еттинчи тури.
 
Вирус “хўжайинига” қандай юқади? Коронавирус одам организмидаги фақат муайян ҳужайраларни (нишон-ҳужайралар) “ёқтиради”. COVID-19 ҳолатида бу юқори нафас йўлларининг (бурун ва томоқ-ҳалқум) эпителиал ҳужайралари ва ўпка тўқималарининг ҳужайраларидир. Вирус уларга S-оқсил («spike» proteins) деб номланувчи ўзига хос юза гликопротеин оқсили ёрдамида ўтади. S-оқсилларнинг тузилиши ва функцияси COVID-19 нинг олдинги тури SARS-CoV-1 никига жуда ўхшайди.
 
Инфекцияга чалиниш қуйидаги тарзда юз беради: S-оқсил нишон-ҳужайралар юзасига яқинлашиб ACE2 махсус рецепторлари (Angiotensin Converting Enzyme 2) билан боғланади ва ҳужайрага киради (Walls A. et al. 2020; Zhang C. et al. 2020).
 
Вирус ўз “хўжайинининг” организмига тушиши билан ҳимоя иммунитетини ишлаб чиқара бошлайди. Бунда ҳам ҳужайралар, ҳам гуморал (қон) даражаларда жуда мураккаб жараён юз беради. Айнан гуморал иммунитет вирусга қарши антитаначаларни ишлаб чиқиш учун жавобгар. Уларнинг вазифаси ўша S-оқсилни бартараф этиш ва бу билан вируснинг ҳужайрага киришини тўсиб қўйиш. Демак, бундай антитаначалар қанча кўп ишлаб чиқилса, организм шунча тез вирусни енгади. Аммо бу жараён инфекцияга чалиниш пайтидаги вирус дозаси, сурункали касалликларнинг мавжудлиги, умуман иммунитет ва организм ҳолати каби кўплаб омилларга боғлиқ. Ҳатто киши қабул қилаётган препаратлар ҳам касалликнинг ривожланишига таъсир қилиши мумкин. Шу боис ўз-ўзини даволашда эҳтиёткор бўлиш ва профилактика сифатида ҳеч қандай препаратларни қабул қилмаслик керак. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳам шуни тавсия этади. 
 
Буни билиш нега керак? Гап шундаки, инфекцияга чалинганлик фактини аниқлаш ва COVID-19 диагнозини қўйиш учун вирус РНКсининг ўзини аниқлаш зарур. Бу полимеразали занжирли реакция (ПЗР) молекуляр методи билан амалга оширилади. Илмий мақсадларда эса секвенирлаш методидан, яъни ҳужайралардан тирик вирусни ажратиб олиш усули қўлланади. У вируснинг тузилмаси, хусусиятлари ва функцияларини аниқлаш имконини беради. Бошқа методлар вирусни аниқламайди ва унинг организмда мавжудлигига далил бўлолмайди.


Фотосуратда: Дилдора Секлер (қаҳрамонимиз архивидан)
 
Бугун мамлакатда COVID-19 ни аниқлаш учун қандай тест турлари қўлланмоқда?
 
Бугун Ўзбекистонда ПЗР-диагностика ва серологик методлардан фойдаланиляпти. ПЗР-тестлар мамлакатда коронавирус инфекцияси тарқалган пайтдан бошлаб қилинмоқда, серологик тестларни эса энди қўллай бошладик.
 

Серологик  скрининг натижалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ)нинг тўлиқ назорати остида ва ҳамкасбларим пухта анамнезни, шу жумладан эпидемиологик анамнезни тўплаяпти (тестни юборишдан олдин) деб умид қиламан. Бу олинган маълумотларга кейинги ишлов бериш учун жуда муҳим.

 
Дунёда COVID-19 нинг лаборатория диагностикаси бўйича бир нечта метод мавжуд. Айни пайтда фақат ПЗР методи ушбу диагнозни тасдиқлаш учун асосий лаборатория тадқиқоти ҳисобланади.

Молекуляр-генетик тадқиқотларни вирус аломатлари пайдо бўлган дастлабки кунлардан (инфекцияга чалинган пайтдан бошлаб ўртача 5-6 кун) бошлаб уч ҳафтагача ўтказиш мақсадга мувофиқ. Кейин вирус РНКси камая бошлайди ва ПЗР-тест уни аниқлай олмаслиги мумкин.
 
Тестдан ўтказиш ишлари халқаро алгоритмларга кўра, икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқичда коронавирусларнинг кенг турлари (SARS-CoV, MERS CoV) аниқланади, иккинчисида – COVID-19 нинг ўзи.
 
– Вирусларни тадқиқ қилишнинг бошқа методлари ҳақида ҳам гапириб берсангиз.
 
Тўлиқ геномли секвенирлаш – молекуляр-генетик тадқиқотларнинг яна бир тури ҳисобланади, у одатда илмиқ мақсадларда ўтказилади. Бунда ПЗРнинг ижобий натижаси – мажбурий шарт ҳисобланади. Секвенирлаш натижасида геномни ташкил қилувчи нуклеотидларнинг кетма-кетлиги аниқланади ва шу тарзда вирус идентификацияланади.
 
Серологик тадқиқотлар жараёнида эса антитаначалар ёки антигенлар аниқланади. Маълумотларга кўра, антитаначалар инфекцияга чалинган пайтдан бошлаб организмда камида 10-14 кундан сўнг ишлаб чиқила бошланади. Биринчи бўлиб М синфига мансуб иммуноглобулинлар – IgM (ўртача 10-кунда) пайдо бўлади, кейин – IgG (14-кундан бошлаб).
 
Серологик тестлар вируснинг қонда бор-йқлигини аниқламаслигини, у фақат вирус ушбу организмда бўлганидан далолат беришини эсда тутиш керак. 

Бу тестлар бир-биридан нимаси билан фарқ қилади?
 
– Бу мутлақо турли тестлар бўлиб, улар мутлақо турли маркерларни аниқлайди. Секвенирлаш ва тирик вирусни ажратиб олиш – бу илмий методлардир. РНК аниқланадиган ПЗР методи эса организмда вирус бор-йўқлигини кўрсатади. Бошқа тестлар, масалан, антитаначаларга ўтказиладиган тестлар иммунитут ишлаётганининг кўрсаткичи ҳисобланади, шунингдек улар қўшимча равишда бу организмда вирус аниқ бўлганини ҳам кўрсатади.
 
Антитаначаларга тест ўтказиш қатор сабабларга кўра муҳим ҳисобланади. Аввало, эпидемиологик назорат учун. Бу тест касалга чалиниб тузалганларни, шу жумладан аломатсиз кечган ҳолатларни аниқлаш, касалликнинг ретроспектив таҳлилини ўтказиш, статистикани ва эпидемиологик прогнозни тузиш имконини беради. Айрим мамлакатларда соғайганларнинг плазмасидан COVID-19 га чалинган оғир беморларни даволашда ҳам фойдаланилмоқда. Антитаначаларнинг вирусни бартараф этиш қобилиятини ўрганиш ҳар қандай вирусларга қарши вакциналарни ишлаб чиқишда аҳамиятга эга. Кейинчалик серологик тадқиқотлар вакцинациянинг самарадорлигини аниқлаш учун муҳим аҳамиятга эга бўлади. 
 
Карантин чекловларига қайтишдан олдин туманлардаги СЭОМларда навбатлар кузатилди. Одамлар соғ экани ҳақида маълумотнома олиш учун таҳил топширяпти. Маълумотномани ишга чиқиш, болаларни дам олишга юбориш учун талаб қилишган. Кимдир ўз хотиржамлиги учун таҳлил топширган. Бу маълумотномалар фақат беш кун амал қилади, касалликнинг инкубация даври эса 14 кун. Шуни ҳисобга олган ҳолда бу ишни қилиш зарурмикин?

 
Сурат. Вирусемия (вируснинг қонга ўтиши) ва организмнинг иммун жавоби
 
Агар вируснинг организмдан ажралиш схемасига ва иммун жавобига қарасангиз, қачон ва қандай таҳлилларни топшириш кераклигини тушуниб оласиз, деб ўйлайман. Масалан, РНКни аломатлар пайдо бўлган пайтдан бошлаб уч ҳафтагача кўриш мумкин. Антитаначаларга тестни эса маркерларга қараб камида 2-3 ҳафтадан сўнг ва ундан ҳам кейинроқ: бир ойгача бўлган муддатда IgM (яқинда юқтирган) антитанчаларини, ундан ортиқ муддатда IgG (инфекцияни бошидан кечириб соғайган) антатаначаларини кўрамиз. Фақат шу даврлардагина тестлар ҳаққоний бўлади.
 
Агар бошқа даврларга тушиб қолинса, салбий тест натижасини олиш эҳтимоли бор. Бунда вирус аллақачон организмда бўлиши ва бироз вақтдан кейин атроф-муҳитга ажралиб чиқа бошлаши мумкин. Масалан, одам 3-4 кун олдин юқтирган, ҳозир вирус кўпая бошлаяпти, аммо ПЗР-тест аниқлай оладиган даражадаги концентрацияга етгани йўқ. Касаллик аломатлари пайдо бўлмоқда. Бемор таҳлил топширади, салбий натижани олади ва эртаси куни хотиржам дам олиш зонасига жўнаб кетади ёки самолётда учади, у ерда эса кўплаб одамлар билан алоқада бўлади. Бу пайтда одам аломатлари бўлмаса ҳам аллақачон вирусни ажратиб чиқараётган бўлади. Аломатлар вирус муайян миқдорга етганида пайдо бўлади. Бу юқтиргандан кейин ўртача 5-7 кун ичида, айрим ҳолатларда эса 14 кунгача бўлган даврда юз бериши мумкин. Бу вақт оралиғида эса бемор нечта киши билан  алоқада бўлгани ва нечтасига юқтиргани номаълум бўлиб қолади.
 

Демак, таҳлил топшириш ҳам тестдан ўтган киши юқтирмаганига ва у ўша маълумотнома бериладиган беш кун давомида бошқалар учун хавфли эмаслигига кафолат беролмайди. Шуни ҳисобга олган ҳолда айтишим мумкинки, оммавий ПЗР-тестлар ва COVID-19 га маълумотномалар керак эмас. Улар ҳеч қандай кафолат беролмайди, аммо ҳозир бизда етишмаётган лабораториялар ва ходимларга улкан юклама бўлади. Мутахассислар суткалаб стресс режимида ва бизнинг жазирама шароитларда ҳимоя кийимларида ишлашмоқда. Бу ўтказиладиган тадқиқотлар сифатига ҳм таъсир қилади. Шу боис раҳбарият тестдан ўтиши керак бўлган одамларнинг тоифаларини қайта кўриб чиқиши зарур деб ҳисоблайман. Бу менинг вирусолог сифатидаги шахсий фикрим.

 
COVID-19 га тестни биринчи навбатда кимлар ва қандай тестларни топшириши керак?
 
– ЖССТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг бу борада аниқ мезонлари мавжуд бўлиб, COVID-19 га ким текширилиши кераклигини кўрсатади. Энг аввало, бу “шубҳали ҳолат” мезони остига тушадиган шахслардир. Уларда коронавирус инфекцияси аломатлари бор ва тегишли эпидемиологик анамнез мавжуд, яъни бемор касаллик қайд этилган ҳудудларда бўлган, COVID-19 диагнози тасдиқланган бемор билан алоқада бўлган ёки агар унда оғир респиратор касаллик белгилари кузатилаётган бўлса.
 
Бошқа ҳолатларда ПЗР-тестларни ўтказиш мақсадга мувофиқ эмас, бундай одамларда вирус РНКсини аниқлаш имконияти жуда паст. Ҳатто касаллик белгиларига эга одамларда ҳам ҳар доим ҳам вирусни ажратиб бўлмайди, аломатсизлар ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади.

Антитаначаларга тестдан ўтказиш борасида ишлар бошқача. Антитаначаларни одам ЎРВИни бошидан кечирганидан сўнг кўрган маъқул. Агар бемор аввал ПЗР тестини топшириб, натижа салбий чиққан бўлса, унда коронавирусга ўхшаш белгилар мавжуд бўлганида, мен ҳам антитаначалар бор-йўқлигига текшириниб кўришни тавсия этган бўлардим. Бе тестни касаллик ўтиб кетганидан кейин икки-уч ҳафтадан сўнг топширган маъқул. Агар одам қишда касалланган бўлса, унда коронавирусга антитаначаларни ҳам кўриш керак, у ўша пайтда инфекцияни бошидан кечирган бўлиши мумкин.

Аломатсиз кечган инфекцияда ҳам шу тестни қўллаган яхши. Бу COVID-19 га чалинган беморлар билан контактда бўлган, аммо касаллик аломатлари ривожланмаган одамлар учун ҳам аҳамиятга эга. Эҳтимол бу одамлар ҳам ПЗР тестни топшириб, у салбий натижа билан чиққандир. Бундай ҳолатда юқорида қайд этиб ўтилган серологик методлар ёрдам беради.
 

– Тестдан ўтказиш сифатига қандай омиллар таъсир кўрсатади?
 
– Улар жуда кўп. Бу нафақат реагентларнинг сифатига, яъни уларнинг сезгирлиги ва ўзига хослигига, балки уларнинг сақланиши ва лабораторияга қандай етказилганига ҳам боғлиқ. Лабораториялар мутахассислари техник жиҳатдан қай даражада тайёрлиги ва тажрибага эга экани ҳам катта аҳамиятга эга.
 
Яна бир бор таъкидлашни истардим, натижа сифатининг деярли 80% биоматериалнинг сифати, улар кимдан ва қай даражада тўғри олингани, ўз вақтида ва тўғри етказиб берилганига боғлиқ.
 
Тестларнинг сохта ижобий ва сохта салбий натижаларини нима билан изоҳлаш мумкин?
 
– ПЗР тестдан ўтказиш мисолида тушунтираман, чунки айнан у COVID-19 диагнозини қўйиш учун мезон ҳисобланади.
 
Сохта ижобий натижа – вируса йўқ, аммо тест ижобий. Кўп ҳолларда бу чапараста реакция туфайли, айниқса реактивларнинг (тест-тизимларнинг) ҳаддан ташқари сезгирлигива уларнинг паст спецификлиги сабабли юз беради. Кўпинча сохта ижобий натижалар лабораторияда материалнинг ифлосланишида/инфекцияга чалинишида кузатилади.
 
Сохта салбий натижа – вирус бор, аммо тест салбий. Бу хавфлироқ, чунки ҳаммани адаштиради ва вирус тарқалишига сабабчи бўлади, чунки бемор ўзини соғ деб ўйлаб бошқа одамлар билан алоқа қилишда давом этади. Кўп ҳолларда бундай натижалар тестларнинг етарлича сезгир эмаслиги сабабли бўлиши мумкин. Агар намуна нотўғри олинса ҳам, тест натижалари сохта салбий бўлиб чиқишига ҳам эътибор қаратишни истардим. Масалан, бу қўлланиши мумкин бўлмаган мосламалардан фойдаланилганда ёки намуналар “дарча” даврида ёки инфекцияга чалингандан кейин ҳаддан ташқари узоқ вақтдан сўнг (уч ҳафтадан ортиқ) олинганида юз беради.
 
Ҳозирги пандемия ҳолатида, албатта, сохта салбий натижадан кўра, сохта ижобий натижа бўлгани яхши. Аммо у ҳам беморга ва унинг қариндошларига яхшилик келтирмайди, чунки бу алоқа қилганларнинг ҳаммасини мажбурий карантинда сақланишини билдиради.
 
Экспресс-тестлар қай даражада самарали? Улар қандай ишлайди ва уларда хатоликлар даражаси қандай?
 
– Ҳозир турли экспресс-тестлар мавжуд. Агар ҳозир Ўзбекистонда қўлланаётганлари ҳақида гапирсак, унду бу – серологик тестлар. Яна такрорлаб айтаман, улар инфекцияга жавоб тариқасида организм томонидан ишлаб чиқилган антитаначаларни аниқлашга йўналтирилган. Серологик тестларнинг турлари ҳам кўп.
 
Тадқиқотчиларнинг маълумотларига кўра, экспресс-тестларнинг сезгирлиги ўртача 80-85% ни ташкил қилади, спецификлиги эса 85-100% га етиши мумкин. Хатоликлар ҳам шунга мос равишда сезгирлик бўйича 15-20% ва спецификлик бўйича 0-15% бўлади.
 
Илмий маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, умумий антитаначаларни (IgM + IgG) аниқлаш учун ва юқтириш пайтидан бошлаб уч ҳафтадан ошадиган даврда тестлар қўлланганида, юқори натижаларга эришилган. Агар шунчаки коронавирусни бошингиздан кечирган-кечирмаганингизни (бир ойдан зиёд ёки бир неча ой олдин) кўрмоқчи бўлсангиз, унда фақат IgG га тест топширишнинг ўзи кифоя.
 
– Намуна олишга тайёрланиш ва уларни олиш қоидалари ҳақида гапириб берсангиз. Тест топширмоқчи бўлган одамлар нималарга эътибор қаратиши керак?
 
– Бирламчи лаборатория тестини ўтказиш учун, юқорида айтганимдай, фақат касаллик аломатларига эга бўлган беморларнинг юқори ва қуйи нафас йўлларидан намуналар олиш зарур.
  
Қуйи нафас йўлларидан олинадиган намуналар – бу бронхоальвеоляр лаваж, балғам,  эндотрахеал аспират.
 
Юқори нафас йўлларидан олинадиган намуналар – бурун ва томоқ-ҳалқум мазоклари бир вақтда ва битта пробиркага олинади. Агар уларни бир пробиркага олиш имконияти бўлмаса, унда бурун-ҳалқум мазокларини олиш устувор аҳамиятга эга бўлади.
 
ПЗР-таҳлил натижаларининг сифати ва ҳаққонийлигида намуналарнинг сифати катта роль ўйнайди, шу боис мазокларни олиш билан яхши тайёргарлик кўрган, йўриқномаларни биладиган ўрта бўғин тиббиёт ходимлари шуғулланиши керак. Мазоклар фақат махсус тўпламлар, яъни дакрондан ёки полиэстердан тайёрланган флок-тампонли тупфер ёрдамида стерил контейнерга олиниши керак (расмга қаранг).
 
Ҳеч қандай ҳолатда ёғоч шпателлар ва calcium alginate-ли тампонлардан, момиқли тампонлардан, қулоқ таёқчаларидан ва ҳоказолардан фойдаланиш мумкин эмас.


Фото: https://partners-in-health.com/blog/
 
– COVID-19 га таҳлил топширишдан олдин қўйиладиган бирор-бир мажбурий талаблар борми?
 
– Чекловлар тест турига ва шунга мос равишда топшириладиган намунага боғлиқ бўлади. Агар бу ПЗР-тест бўлса, бурун-ҳалқум ва/ёки томоқ-ҳалқумдан мазоклар топширилади. Бу ҳолда махсус чекловлар бўлмайди. Таҳлил топширишдан олдин назал ва орал спрейларни қўлламаслик керак.
 
Агар антитаначалар бор-йўқлигини текшириш керак бўлса, унда қон топширилади, бу ҳолда таҳлил топширишдан бир кун олдин ёғли, қовурилган овқатларни истеъмол қилмаслик зарур.
 
Антитаначалар мавжудлиги яна такрор касалланмасликка кафолат бўлолмаслиги тўғрими? Агар шундай бўлса, унда нега?
 
– Бу ерда кафолат сўзини қўллаш унчалик мақсадга мувофиқ эмас. ҳаммасини олдиндан билишнинг имкони йўқ.
 
Антитаначалар мавжудлиги ҳар доим ҳам тўлиқ ҳимояни таъминламайди, чунки нейтралловчи антитаначалар, уларнинг ҳимоя титри ва иммунитетнинг турғунлиги каби тушунчалар ҳам мавжуд.
 
Битта штамм билан такрор касалланиш ҳолатлари ҳақида ҳозирча дунёда ҳеч қаерда эълон қилингани йўқ. Бу, ўз навбатида, ушбу вирусга қарши иммунитет ишлашидан далолат беради. Аммо антитаначаларнинг касалланиб тузалган кишини аниқ ҳимоя қилиш қобилияти, коллектив иммунитет ривожланиши каби, ҳозирча ўрганиш ва илмий тасдиқланиш босқичида.
 
Мавжуд илмий тадқиқотларга кўра, янги коронавирус (SARS CoV-2) тузилиши бўйича олдинги штаммга (SARS CoV) 85% ўхшайди. Бу антитаначалар киши касалланган пайтдан бошлаб камида 16 ойгача сақланиб туриши мумкинлиги ҳақида тахмин қилишга асос бўлади. Касалликнинг енгил ва аломатсиз шакллари бундан мустасно, уларда антитаначаларнинг сақланиш давомийлигини ҳали ўрганишимиз керак.
 
Айнан юқорида тилга олинган ўрганилмаган жиҳатлар туфайли сифатли ва самарали вакцинани яратиш масаласи ҳамон очиқлигича қолмоқда.
 
– Ўзбекистонда иккинчи бор COVID-19 га қарши дори ишлаб чиқилгани ҳақида эълон қилишмоқда. Даставвал “Рутан” препарати эди, энди “Ковипир” (таъсир қилувчи моддаси фавипиравир). Сизнингча, булар ўзи нима: ҳақиқатдан ҳам дорими ёки биологик фаол қўшимча (БФҚ)?
 
– Энг аввало, бу БФҚ эмаслигини қайд этаман, уларнинг йўриқномаларидаги тавсифларига ва маҳаллий мақолаларга қараганда реал таъсир қилувчи препаратлар. Инновациялар вазирлиги сайтига жойлаштирилган материалда “Рутан” препарати иммунитетни, унинг ҳам ҳужайра, ҳам гуморал бўғинини рағбатлантириши ёзилган.

Менинг ўз шахсий фикрим ва приницпиал қоидам бор – илмий исботланган фактларга, расмий ахборот манбаларига ва мантиққа таяниш. Агар юқоридагиларнинг ҳаммаси эътиборга олинадиган бўлса, унда иммунитетни рағбатлантирувчи самарага эга препаратлар COVID-19 да хавфли бўлиши мумкинлигини эслаш мумкин. Касаллик оғир кечаётган айрим беморларда  “цитокинли шторм”, яъни гемофагоцитик лимфогистиоцитоз (ГЛГ)га ўзшаш оғир реакция ривожланиши мумкин.

Шу муносабат билан COVID-19 га чалинган беморларга иммунитетни рағбатлантирувчи бирор-бир воситани қабул қилиш тавсия этилмайди. Шу нуқтаи назардан “Рутан” БФҚ бўлгани маъқул эди.

Иккинчи препарат – «Ковипир», ишлаб чиқарувчилар унинг фаол моддасини Favipiravir деб аташмоқда. Илк бор у 2014 йилда Японияда вирусга қарши таъсирга эга препарат сифатида гриппни даволаш учун рўйхатдан ўтказилган. Мантиқан РНК сақловчи вирусларга таъсир қилиш усули бўйича у COVID-19 да самарали бўлиши керак, аммо ҳозирча бу ҳақда жаҳон илмий ҳамжамиятида узил-кесил расмий маълумотларни топганим йўқ. Бизда препаратнинг клиник синовлари қандай ўтказилганини билмайман, чунки чоп этилган илмий мақолаларни кўрганим йўқ.

Бунинг устига, халқаро ташкилотлар шу пайтга қадар COVID-19 ни даволаш самараси исботланган бирортаям препарат ҳақида расман эълон қилмаган. Вирусга қарши тўғридан-тўғри таъсир кўрсатувчи препаратлар анчагина, аммо COVID-19 ни даволаш учун қўлланадиган ҳамма препаратлар, уларнинг бошқа вирусларга таъсир қилиши механизмларига асосланган ҳолда, эмпирик тарзда қўлланмоқда. ОИВни даволашда қўлланадиган  ўша “Лопинавир”, грипп вирусига қарши “Осельтавимир” шулар жумласидандир.

Ҳозир вирусга қарши «Ремдесивир» препаратини қўллаш шошилинч тарзда маъқуллангани ҳақида хабарлар бор, унинг клиник синовлари Эбола вируси тарқалганида бошланганди, аммо охиригача етказилмаган. Бироқ ўшанда препарат яхшигина натижаларни кўрсатган. Айнан шу боис шошилинч ҳолатларда, касаллик оғир кечганида COVID-19 ни даволаш учун уни қўллашга қарор қилинди.
  
«Фавипиравир» препарати ҳақида илмий доираларда ҳозирча маълумотлар кам, аммо бу йил бир нечта мамлакатда клиник синовлар бошланган. Масалан, апрелда Японияда ва майда Ҳиндистонда.
 
Виктория Абдурахимова суҳбатлашди

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.