Тожикистонда ҳозирча коронавирус йўқ

Тожикистонда ҳозирча коронавирус йўқ

Кўпроқ COVID-19 ёки шунчаки коронавирус сифатида танилган SARS-CoV-2 вируси дунё бўйлаб тарқалишда давом этмоқда. ЖССТнинг маълумотларига кўра, 25 март ҳолати бўйича ҳукуматлари коронавирусга чалиниш ҳолатлари қайд этилмаганини таъкидлаётган бир нечта мамлакат қолган, холос. Ушбу материал CABAR.asia таҳлилий порталининг сайтида чоп этилган.

Булар қуйидаги давлатлар: Палау,  Ботсвана, Бурунди, Вануату, Яман, Кирибати, Комор ороллари, Корея Халқ-Демократик Республикаси, Лесото, Малави, Маршалл ороллари, Науру, Самоа, Сан-Томе ва Принсипи, Соломон ороллари, Сьерра-Леоне, Тонга, Тувалу, Туркманистон, Микронезия Федератив Штатлари, Жанубий Судан ва қатор орол давлатларининг ҳудудлари.


30 март ҳолатига инфекция тарқалгани тасдиқланган мамлакатлар харитаси . Фотосурат: who.int

Ҳозирча бу мамлакатлар орасида ушбу вирус аллақачон тарқалиб бўлган республикалар билан чегарадош Тожикистон ҳам бор.

Тожикистон собиқ СССРнинг энг қашшоқ мамлакатларидан бири ҳисобланади. Мамлакат иқтисодиёти меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмаларига боғлиқ. Меҳнат муҳожирларининг йиллик ўтказмалари ҳажми 3 млрд долларга яқин, бу мамлакат ЯИМнинг 35% ни ташкил қилади.

Бир ҳафта олдин кундалик самолёт парвозларининг сони йигирматага етарди, йўловчилар оқими эса 6,5 минг кишини ташкил қиларди. Шунингдек чегарада юзлаб кишилар ўтган 30 яқин ўтказиш пунктлари ишлаб турганди. Айнан шу факт мамлакат ҳукуматининг коронавирусга чалиниш ҳолатлари йўқлиги ҳақидаги баёнотини шубҳа остига қўймоқда.  

Маълумки, Саудия Арабистонидан Қирғизистонга кичик ҳаж амалини бажариб қайтганлар орасида коронавирус расман тасдиқланган фуқаролар бор эди. Шундай экан, Тожикистонлик кўп сонли зиёратчилар қандай қилиб бу вирусга чалинмади экан?

Аммо 30 март ҳолати бўйича Тожикистон ҳукумати мамлакат ҳудудида вирус пайдо бўлгани фактлари йўқлигини билдиришган. Улар карантин жорий этишга шошилмаяпти ва ҳатто оммавий табдирларни ўтказишдан ҳам воз кечишмаяпти.

Ҳукумат охирги 10 кун ичида мамлакатга келганлар карантинга жойлаштирилганини билдирмоқда. Бундан олдин карантинга фақат Хитой, Эрон, Жанубий Корея, Япония ёки Италиядан келганлар жойлаштирилаётганди.  Тожикистон ССВнинг маълумотларига кўра, февраль ойи бошидан 25 мартгача карантинга 5,5 минг киши жойлаштирилган, уларнинг икки мингтаси уйига қўйиб юборилган.

Душанбе шаҳрининг юқумли касалликлар шифохонаси бош врачи Мунира Каримова ҳукумат томонидан коронавирусга чалиниш ҳолатлари йўқлиги ҳақида билдирилган ахборотни тасдиқламоқда. Каримованинг сўзларига кўра, тожик шифокорларида сир йўқ, уларнинг хулосалари тўғри экани Лондон ва Россия лабораторияларида тасдиқланган.


Хўжандда Наврўз байрамини нишонлашмоқда. Фотосурат: prezident.tj

Тожикистон ҳукумати мамлакатда коронавирусга чалиниш ҳолатлари йўқлиги ҳақида билдираётганига қарамасдан, бу ерда ҳам айрим чекловлар жорий этилмоқда. Хусусан, барча халқаро авиарейслар бекор қилинган, бошқа мамлакатлардан қайтиб келаётганлар эса икки ҳафталик карантинга жойлаштириляпти. Шунингдек бироз вақтга жамоа бўлиб намоз ўқиш ҳам бекор қилинганди, аммо ҳозир масжидлар яна очилган.

Шу билан бирга, коронавирус тарқалиши таҳдиди муносабати билан ҳукумат томонидан қилинаётган ҳаракатлар мамлакат ичида ҳам, ундан ташқарида ҳам танқидга учрамоқда. Энг катта шов-шувни байрам тантаналарини ўтказиш ва мамлакат ўқув муассасаларида таътилларни узайтиришдан воз кечилиши ҳақидаги қарор келтириб чиқарди.

Хусусан, ЖССТ шу йил март ойида ҳукуматга Наврўз байрамини нишонлашдан воз кечиш илтимоси билан мурожаат қилганди. Аммо ҳукуамат бу тавсияни эътиборсиз қолдирди ва Хўжанд шаҳрида байрам 12 минг киши иштирокида нишонланди. Концертга Эмомали Раҳмоннинг ўзи ҳам қатнашди. Шунингдек Наврўз мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам кенг нишонланган.

Дунёнинг бошқа мамлакатларидан фарқли ўлароқ, Тожикистон умумтаълим мактаблари ва университетлар ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Бироқ ҳукуматдаги айрим манбаларнинг маълумотига кўра, яқин кунларда Тожикистонда карантин жорий этилади. Мамлакат ССВ ва ижтимоий ҳимоя вакиллари бу маълумотни расман тасдиқлагани йўқ. Аммо ССВ матбуот хизматининг ахборотига кўра, 28 март куни ўтказилган мажлисда мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этилган тақдирда кўриладиган зарур чоралар ҳақидаги масала кўриб чиқилган.
 
Тожикистон соғлиқни сақлаш тизимида 20 йилдан ортиқ иш тажрибасига эга шифокор Аброр Асоев мамлакатда ушбу вирус эпидемияси аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини айтади. Унинг фикрича, тожик шифокорларида бундай вирусларга қарши курашиш тажрибаси йўқ, бунинг устига соғлиқни сақлаш тизими ҳам бунга тайёр эмас.

– Бизда ҳозирнинг ўзидаёқ 5-6 минг кишини карантинга жойлаштириш билан муаммолар туғилмоқда. Агар беморлар сони ушбу рақамга етса, нималар бўлишини бир тасаввур қилинг, – дейди у.

Мамлакат ҳукумати коронавирусга чалинган беморлар йўқлиги ҳақидаги ахборотни рад этаётган бўлса-да, бу касаллик ҳозирнинг ўзидаёқ мамлакат иқтисодиётига ва жамиятга ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Меҳнат миграциясига чиқишни режалаштираётган бир миллиондан ортиқ киши энди бу режадан воз кечишга мажбур. Нархларнинг ошиши ва миллий валюта курсининг тушиши кучайди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.