Умумхалқ хайрия ҳашари якунланди
Ҳашар… Бу каломни эшитганимизда, неча минг йиллар мобайнида одамларнинг бошини қовуштириб, улар қалбига инсонпарварлик, саховатпешалик, саранжом-саришталик каби туйғуларни сингдириб келаётган эзгу қадрият кўз олдимизда гавдаланади. Ушбу қадриятнинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, у инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталари, ҳамжиҳатлик, айниқса, ёшлар қалбида маҳалла-кўйга, она-Ватанга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлайди.
Кўнгилдан бошланган ободлик, яратиш-яшнатиш иштиёқи она-Ватанга чексиз меҳр-муҳаббат ифодасига айланиб, борлиққа кўркамлик, гўзаллик бағишлайди. Энг улуғ, энг азиз айём — Мустақиллик байрами арафасида 19-20 август кунлари уюштирилган умумхалқ хайрия ҳашари республикамиз бўйлаб уюшқоқлик билан ўтказилди. Ушбу тадбир мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасида, энг чекка қишлоқ, овул ва маҳаллаларида кенг қулоч ёйди.
Ҳашар — элимизга ярашадиган юмуш, қадриятлардан. Шу боис бундай хайрли амаллардан ҳеч бир юртдошимиз ўзини четга тортгани йўқ. Бу йилги ҳашарнинг жойларда уюшқоқлик билан ташкил этилганини 18 миллион 675 минг нафардан зиёд юртдошларимизнинг фаол иштирокида ҳам билиш мумкин. Уларнинг 12 миллион 424 минг нафардан ортиғи ёшлар экани эртамимз эгаларининг жамоат ишларида тобора фаоллашиб бораётганининг яққол ифодасидир.
Икки кун давомида эл-юрт юмушига бел боғлаган ҳашарчиларнинг ғайрат-шижоати билан 41 минг гектарга яқин майдон ободонлаштирилди, 27 минг километрдан зиёд ариқ-зовур ва лотоклар тозаланди, 9 мингдан ортиқ қабристон ҳамда 800 га яқин зиёратгоҳ тартибга келтирилди.
Бундан ташқари, қарийб 18 миллион тупдан зиёд дарахт ва кўчатга шакл берилиб оқланди. Ҳашар ишларига 17 мингдан ортиқ техника воситалари жалб этилиши натижасида 62 минг тоннага яқин чиқинди белгиланган жойларга ташиб чиқарилди.
Ҳашар кунлари ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, якка-ёлғиз кексалар ҳам эътибордан четда қолмади. Хайрия тадбирларида 18 мингга яқин кам таъминланган оилаларнинг 615 минг м2дан зиёд уй-жойлари ҳашар йўли билан таъмирланди. 24 мингга яқин эҳтиёжманд оилага, шу жумладан, 8 мингга яқин ногирон ва ёлғиз қарияларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ёрдамлар берилди.
Мазкур хайрия тадбирларига 5,3 миллиард сўмдан зиёд маблағ, шундан
900 миллион сўмга яқини «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳисобидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига беминнат мурувват ёрдамлари кўрсатишга сарфланди.
Тўйга тўёна билан бориш — халқимизга хос азалий қадрият. Шу боис ҳашар кунлари юртимиз маҳаллаларида 297 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари (дўкон, гўзаллик салони, сартарошхона, дорихона, тўйхона, кутубхона, новвойхона, маҳалла гузари, нуронийлар маркази ва бошқалар) фойдаланишга топширилди.
Айниқса, юртимиз кўркига узукка қўйилган кўздек ярашиб тушаётган замонавий маҳалла гузарлари сони кўпаяётгани киши кўнглига фахр ва ғурур бағишлайди. Ҳашар кунлари 18 та маҳалла фуқаролар йиғини биноси, 32 та болалар спорт майдончаси ишга туширилгани аҳолига байрамона кайфият бахш этди.
Ёшларнинг маънавиятини юксалтириш, тафаккурини чархлашда китоб алоҳида ўрин тутади. Айтиш жоизки, бугунги шиддаткор ахборот технологиялари даврида фарзандларимизни мутолаага ўргатиш орқали уларни турли ахборот хуружларидан, «оммавий маданият»нинг таҳдидларидан асрашимиз мумкин. Хайрия тадбирларида Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай туманидаги «Маданият» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида замонавий «Китоб олами» дўкони қуриб битказилди. Мазкур мақсадларга «Маҳалла» хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан 500 миллион сўм ажратилди.
Бу йилги ҳашар ўтган йиллардагига қараганда ўзгача файз-тароват, шижоат билан, асосийси, ҳамжиҳатликда ўтди. Боиси истиқлолимизнинг 26 йиллик байрамини муносиб кутиб олиш ва нишонлаш ҳар бир юртдошимизнинг эзгу муддаосига айланди.
Ҳашар муносабати билан барча корхона, муассаса ва ташкилот ишчи-хизматчиларининг бир кунлик иш ҳақи «Маҳалла» хайрия жамоат фонди республика бошқаруви ва унинг жойлардаги бўлимлари ҳисобига ўтказиб берилаётир. Ушбу маблағлар йил давомида «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йил»
Давлат дастурида кўзда тутилган тадбирларни амалга оширишга йўналтирилади.
Умумхалқ хайрия ҳашари якунланди. Аммо унинг моҳиятида мужассам бўлган ҳамжиҳатлик ва кўтаринки кайфият айни кунларда республикамизнинг барча маҳаллаларида давом этаётган ободонлаштириш ҳамда тозалик ойлиги тадбирларига кўчган.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари
фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича
Республика кенгаши Ахборот хизмати
Шарҳлар