Ўзбекистон – Исроил аниқ фанлар анжумани

Ўзбекистон - Исроил аниқ фанлар анжумани

Ўзбекистон Президенти томонидан 2017 йил қабул қилинган бир неча фармон ва қарорларда келтирилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида, жорий йилнинг 6-октябр куни Ўзбекистон Миллий университетида “Математика ва физиканинг долзарб масалалари” мавзусидаги Ўзбекистон – Исроил анжумани ўз фаолиятини бошлади. Анжуманда жами 100 дан ортиқ қатнашчилар жумладан, Исроил, Россия, Мексика ва Қозоғистондан ташриф буюрган 30 дан зиёд дунё тан олган олимлар ҳамда Республикамизнинг мазкур соҳадаги етакчи олимлари иштирок этишади. Анжуман очилиш маросимида Исроил давлатининг Ўзбекистондаги элчиси Эдуард Шапира, Ўзбекистон Республикаси Олий ва Ўрта махсус таьлим вазири Иномжон Мажидов, Ўзбекистон Миллий Университети ректори Мараҳимов Авазжон Раҳимович, Холон Теника институти президенти Эдуард Якубов сўзга чиқиб, ушбу конференциянинг икки давлат илмий ҳамкорлигидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида сўз юритдилар. Шунингдек, улар илм аҳлини амалга оширилажак буюк ишлар билан чин дилдан қутлаб, ҳар икки давлат ҳам ушбу ташаббусни анчадан буён кутганини таъкидлаб ўтишди. Ушбу конференция Ўзбекистон ва Исроил олимлари алоқаларини ривожлантиришга, илм-фанни амалиётга кенг тадбиқ қилиш бўйича тажриба алмашишга, шунингдек, Республикамизнинг ёш изланувчилари томонидан олинган натижаларни кенг тарғиб қилишга йўналтирилган. Юртимизда ўтказилаётган ушбу илмий конференциядан кўзланган асосий мақсад, келгусида Ўзбекистон Миллий Университети ва Исроилнинг Холон Технология институти ўзаро илмий ҳамкорликни давом эттиришлари, ёш олимлар алмашинувини йўлга қўйиш, малака ошириш учун юртимиз мутаҳассиларини Исроилга юбориш ва Исроил олимларини юртимизга таклиф этишдир. Эслатиб ўтамиз, конференция 4 кун: 6 – октябрдан 10 – октябрга қадар давом этади. Камола Юсупова тайёрлади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.