Яна бир бор сут хавфсизлиги тўғрисида

Яна бир бор сут хавфсизлиги тўғрисида

 
Сут ва унинг маҳсулотлари бозори доим чаққон бўлган. Хозирги кунда соғлом ҳаёт тарзи ва соғлом озиқ-овкат истеъмол қилиш замонавий тамойил ҳисобланади. Бугун одамлар қандай овқатни истеъмол қилаётганлигини, у қай услуб ва шароитларда тайёрланганлигини аниқ билишни хоҳлайдилар. Балки, ҳали ҳамма эмасдир, лекин тамойил – яққол кўзга ташланмоқда. Бунга кўра таклифлар ва уларнинг замонавий турлари ҳам кўпаймоқда.   
 
Anhor.uz кўчада қўлдан сотиладиган сут мавзусини илгари ҳам кўтарган эди ва кейин ҳам Тошкент шаҳрининг турли туманларида сотиб олинган сутнинг микробиологик экспертизаси натижаларини мунтазам чоп этишни давом этади. «Кўчадан олинган сутнинг хавф-хатарлари» мақоласида биз ўз режаларимиз билан ўртоқлашганимиздан сўнг таҳририятимиз манзилига кўплаб хатлар олдик. Улардан бири бизларга қизиқарли бўлиб туюлди, сабаби – унинг муаллифи сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида ишлаб, катта тажриба орттирган мутаҳассис экан. Қуйида унинг хатини чоп этаяпмиз, лекин, унинг илтимосига кўра, исмини сир сақлаяпмиз. 
 
«Мен сут ва сут маҳсулотлари соҳасида кўп йиллик тажриба орттирган технологман ва ушбу саноатнинг айрим, инсон соғлигига даҳли бор хусусиятлари тўрисида ҳамюртларимга бирмунча тушунчалар бермоқчиман.
 
Қўлдан сут олиш тарафдорлари уни соф, табиий ва хеч қандай сунъий таъсир кўрмаганлиги учун энг фойдали деб таъкидлайдилар. Уларнинг қадоқланган сутни афзалроқ деб билгувчи муҳолифлари эса, сут асосий фойдали томонларини сақлаб қолган холда, истеъмол қилиш учун анча хавфсизроқ дейдилар. 
 
Танлов, ташқаридан қараганда, ниҳоят оддий кўринади – соф, ишлов берилмаган сут ва хавфсизлиги талабчан санитария ва гигиена мезонлари остида махсус ишлов билан кафолатланган, қодоқланган сут орасида. Гапни пўсткалласини айтса – бу табиийлик ва хавфсизлик ўртасида кечаётган танлов.
 
 Агар сигир шахсан ўзингизники бўлса, сиз унинг соғлиғи ҳақида ҳамма нарсани билсангиз, эмчагларини соғишдан олдин ўз қўлингиз билан дезинфекция қилиб, стериллаштирилган идишга ўз қўлингиз билан соғсангиз – гап йўқ ва қўйилган саволга жавоб аниқ. Лекин, сигир ўзингизники бўлмаса қуйида келтирилган фактларни билишингиз фойдадан ҳоли бўлмайди.

Сигирлар, хўжаликнинг катта-кичигига қарамай йил бўйи соғилади. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки соғув шиддат билан амалга оширилади ва бундай ҳолат сигирлар организмида яллиғланиш аломатларига олиб келиши, бундай вазиятлар кам эмаслиги сир эмас. Бунга қўшимча қора мол ҳам табиатда кўпайиб қолган инфекциялар билан зарарланиб, касал бўлади. Шунда уни турли препаратлар, жумладан инсонлар даволанишида қўлланиладиган антибиотиклар билан даволашади.
  
Даволаниш давомида – антибиотклар истеъмол қилиш жараёнида сигирларнинг сути махсус ишловдан ўтказилиб бузоқларга берилади ёки умуман тўкиб ташланади.
 
Даволаниш тугагандан сўнг сигир карантинга қўйилиб, унинг муддатига қатъий равишда риоя қилиниши даркор. Фақат карантиндан сўнг сут истеъмол қилиниши мумкин. Лекин шахсий молнинг эгаси барча карантин талабларига риоя қилишини, дорилар дозаларини тўғри ўлчаганини ва бошқа ветеринария, санитария ва гигиена билан боғлиқ шартларини бажараётганлиги устидан назорат ўрнатишга илож йўқ.     
 
Масалани яна бир қирраси шундаки, сутга антибиотиклар нафақат сигирнинг қони орқали, балки маҳсулот ишлаб чиқарувчи томонидан сутга бевосита қўшиш ҳолатлари ҳам мавжуд. Сутга қўшилган антибиотиклар касаллик қўзғатувчи микрофларани йўқ қилади ва умуман ҳар қандай бактерияларни кўпайишини тўхтатади. Шу билан сутнинг бузилмасдан сақланиш муддатини узайтиради, бу эса нафли шароитни таъминлайди.
 
Этмоқчи, уй шароитида, шуларни билиб, антибиотиклар қўшилганлигини аниқлаш мумкин. Агар қўлдан олинган сутни стол устида қолдирсангиз ва у кун бўйи туриб ачимаса – демак антибиотиклар қўшилгани аниқ. Бугун антибиотиклар қўшилмаган сутни ўзи йўқ десак муболаға бўлмайди, лекин ҳамма гап – бу жараёнда санитария меёрларига қатъий риоя қилинган-қилинмаганлигига бориб тақалади.

 2013 йилнинг 1 июлида Бож Иттифоқининг техник регламенти тасдиқланган, унга кўра сут маҳсулотида левомицетин дорисининг максимал руҳсат этилган меёри ғ 0,0003%, стрептомицин учун эса 0,2% ошмаслиги талаб этилади. Айнан шу нормалар Ғарбий Европа мамлакатларида қўлланилади. Миқдорлар шунчалик арзимаски, улар ҳатто 2-3 маротиба оширилса ҳам инсон соғлигига зиён келтирмайди.

Бизнинг корхонамизда вақти-вақти билан тайёр маҳсулотнинг бир мунча қисми ачиб қолар эди, бошқа сўз билан айтганда бракга чиқиб кетарди. Барча технологик жараёнлар шартларига қатъий риоя қилинса ҳам, шундай ҳолат давом этишиниг сабабларини тушунишга узоқ муддат ичида ҳаракат қилдик.
 
Шунда бошқарувимиз консервация соҳасида оламга энг усталаридан бири сифатида танилган хорижий фирмадан экспертларни таклиф қилди. Ишхонамизнинг хорижий эспертлар томонидан кўздан кечирилмаган бурчаги ҳам, асбоб-ускунаси ҳам, мосламаси ҳам қолмади. Хаммаси рисолада ёзилгандай ишлаяпти деган ҳулоса беришди. Микробиологик лабораторияси ҳам ишлаб чиқариш стериллиги тасдиқланган стандартларга тўла мос, деган ҳулосани берди. 
 
Ишлаб чиқариш шароитлари, асбоб-ускуналар, технологиядан кўнглимиз тўқ бўлганидан кейин биз брак сабабини сутнинг сифати ва хусусиятидан ахтаришни бошладик ва сутимиз намуналарини Бутунроссия сут саноатиниг илмий-тадқиқот институтига юбордик. Ушбу лаборатория бугунги кунда МДҲ ҳамда Болтиқбўйи мамлакатларида энг юқори малакали, Росстандарт аккредитациясига эга, Данон, Вим-Биль-Дан, Юнимилк каби компанияларини маҳсулотларини барпо этган ҳисобланади.
 
Институтнинг лабораториялари ҳам барча намуналарни ГОСТга тўғри келганлигини тасдиқлади. Хулосани топшираётганларида, бизнинг маҳсулотимизнинг сифати юқори эканлигини яна бир бор алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
 
Лекин, шахсий норасмий учрашув ва мулоқотларда чоғида институт мутаҳассислари Россиянинг сут махсулотларини ишлаб чиқарувчи машҳур брендлари сутга тиббий нормалардан четга чиқмаган ҳолда антибиотиклар қўшишларини айтиб ўтишди. Ҳар қандай пастеризация қилинган сутда ҳам микрофлоранинг заррача қолдиқлари мавжуд. У, маълум бир шароитларда, маҳсулотни бузилишига олиб келиши мумкин.
  
Антибиотиклар, агар меёрларга катъий риоя қилинса микрофлорани ушбу заррача қолдиқларни фаоллигини босиб туради. Бу эса сут маҳсулотини бузилишдан сақлаб қолади.
 
Энг кўп ишлатиладиган дори – Низин, Lactococcus lactis микроорганизмидан ҳосил бўлувчи пептид асносидаги антибиотик. Уни пишлоқнинг  қаттиқ турларини ишлаб чиқарилишида, у шишиб чиқмаслиги учун ишлатилади. Эритма пишлоқ ишлаб чиқарганда уни споралар (замбуруғ турлари) келтириб чиқарувчи анаэроб бактерияларга қарши ишлатишади. Низин, айниқса, клостридия деб аталувчи бактериялар турларини бартараф этади ва шу билан маҳсулотда ботулотоксин, тетанспазмин ва шу қатордаги бошқа кучли захарлар пайдо бўлишига йул тўсади.
 
Сабзавотларни консервация қилиш жараёнида ҳам Низиндан фойдаланилади – айрим бактерияларни ҳарорат кўтарилишига сезгирлигини оширганлиги сабабли, стерилизация жараёнида оз миқдорда ёрдамчи восита сифатида ишлатилади. Унинг ёрдамида томат ва қўзиқоринлардан ишлаб чиқиладиган консервалар, қуруқ шўрва тайёрланаятган технологияларида стерилизация жараёнлари юмшатилади.
  
Шунинг учун сутни танлаганда қай бир мезондан келиб чиқиб қарор қабул қилиш – унинг табиийлигиданми ёки хавфсизлигиданми, менинг фикримча, аниқ. Албатта, пулни тежаб, сутни қўлдан олиш мумкин, лекин, соғлик бундан афзалроқдир.
 
Anhor.uz таҳририяти соғлом егулик муаммосини, айнан бу ҳолда – соғлом сут мавзусини ижтимоий аҳамиятга эга деб ҳисоблайди. Шуни ҳам эслатиш жоизки, хукуматимиз Ўзбекистон аҳолисини соғлом овқатланишини таъминланилишининг асосий йўналишларини белгилаб, махсус қарор қабул қилди.  Ўзбекистон аҳолисини соғлом овқатланиш борасида амалга оширилиши зарур бўлган чора-табирлар мажмуасини ишлаб чиқиш ва уни ҳаётга тадбиқ этиш устидан назорат қилиш мақсадида Республика комиссиясини тузилди.
 
Ўзбекистон аҳолисини соғлом овқатланишини таъминлаш учун хукумат томонидан 2015-2020 йилларга мўлжалланган концепция ва чоралар мажмуаси тасдиқланди.
 
Шунинг учун таҳририятимиз, ушбу муаммони ҳал қилишга баҳоли қудрат ўз ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилиб, шундай мақолаларни чоп этади. Биз, ўқувчиларимиз соғлом ва хавфсиз овқатланиш тарафдори бўладилар деган умиддамиз.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.