Ўзбекистон: болаликдан мосуво болалар

Источник: Cabar.asia/Аброр Курбонмуродов

ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 55 фоизини болалар ва ёшлар ташкил қилади. Бу инсон капиталига сармоя киритилган тақдирда мамлакатга демографик дивидендлар олиш имкониятини беради. Аммо бу болаларнинг қашшоқлиги билан боғлиқ вазиятни аниқ тушунишни ва миллий ривожланиш дастурида уни биринчи ўринга қўйишни талаб қилади.

Covid-19 бутун дунё бўйлаб кўплаб оилаларнинг молиявий аҳволини сезиларли даражада ёмонлаштирди, болалар эса энг заиф гуруҳлардан бири сифатида тан олинган. БМТ Болалар жамғармасига баҳоларига кўра, энг ёмон ҳолатда Ўзбекистонда яна 1,2 миллион бола қашшоқликка дучор бўлиши мумкин. Бу ҳақда Cabar.asia материалида сўз боради.

Яқин вақтгача мамлакатда болалар қашшоқлигининг расмий кўрсаткичи йўқ эди, яъни вазият ҳеч қандай тарзда кузатиб борилмаган. Фақат 2021-йил август ойида ҳукумат болалар камбағаллигининг миллий даражасини минимал харажатлар асосида аниқлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилди. Бу вазиятни тушунишга ва кейин жавоб чоралари кўришга имкон беради.

Ҳозирча, ЮНИСЕФ нинг уй хўжаликлари миллий сўровларига асосланган ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда болаларнинг 24 фоизи қашшоқликда яшайди.

Ёрдам беришни хоҳлайман ва ишга бораман”

Шоҳжахон Бобоназаров 11 ёшда. У байрам кунлари отаси билан бирга ҳар куни аҳолининг аравачаларини бозорга олиб бориб, кунига 50 минг сўмдан 100 минг сўмгача (5-9 АҚШ доллари) ишлаб топган.

– Биз уйда дадам, онам ва опа-сингилларим билан яшаймиз. Ҳаммаси бўлиб беш киши. Оилада фақат дадам ишлайди. Бозорда арава кўтариб, одамларнинг юкига ҳам қараб туради. Мен таътил пайтида оиламга ёрдам бериш учун ишладим. Дадам билан топган пулимизга оиламиз учун озиқ-овқат сотиб оламиз. Қолганини йиғиб, мактаб формасини сотиб олдим. Мактаб энди бошланди. Дарсдан кейин ишлайман ва уй ишларига ёрдам бераман. Дадам “ишлама” деса ҳам, ота-онамга доим ёрдам бермоқчи эканимни айтаман ва ишга кетаман. Ўртача 15 килограммдан 25 килограммгача юк кўтариб, меҳнатим учун 50 минг сўм оламан. Мен кунига қанча одамга хизмат қилишимни ҳисобламаганман.

“Мактаб формасини сотиб олиш учун музқаймоқ сотдим”

Жаҳонгир Алимов 16 ёшда, 11-синфда ўқийди. Дам олиш кунларида қўшимча ишлаган ва музқаймоқ сотган. Кунига 12 килограммгача сота олган, бу 100-200 минг сўм (10 дан 20 АҚШ долларигача) даромад дегани.

Оиламизда тўрт киши бор – дадам, онам, акам ва мен. Мендан ташқари дадам ишлайди, таксида юради. Акам 20 ёшда, ҳозир Тошкентдаги савдо марказларидан бирида сотувчи бўлиб ишлайди. Мен онамга уй ишларида ёрдам бераман ва мактаб формасини сотиб олиш учун пул йиғаман. Музқаймоқ сотиш мавсумийдир. Ҳозир совуқ кунлар келди, ҳеч ким музқаймоқ сотиб олмайди. Шунинг учун мен ҳозир фақат мактабда ўқийман.

Шоҳжахон ва Жаҳонгир ҳикоялари ягона эмас, бутун Ўзбекистонга хосдир. Мамлакатимизнинг кўплаб ҳудудларида болалар мактабдан кейин ёки таътилда бозорларда қандай меҳнат қилаётганига гувоҳ бўлишингиз мумкин.

Фозилбек Фарҳодов Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Маънавият ва маърифат маркази директори ўринбосари:

– Вояга етмаганларнинг оғир меҳнатга жалб этилиши уларнинг болалигининг ўғирланиши ҳисобланади. Мажбурий меҳнат, оғир оилавий аҳвол, ноқулай шароитлар туфайли ҳар доим ҳам самарали эмас. Ишлаётган бола ота-онасига ёрдам беришдан фахрланиши мумкин, аммо эртаси куни нима бўлади? У ўқимайди, ўзига эътибор бермайди, унинг болалиги деярли йўқ. Бундай шароитда тарбияланган болалар билан суҳбатлашганингизда, болалар кейинги ҳаётда қандай йўл топишганига камдан-кам гувоҳ бўласиз. Бундай болаларнинг саводхонлик даражаси паст, қоида тариқасида, уларнинг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Улар ҳаётдан мамнун эмас, ундан норози. Бошқа мамлакатларга кетиш истаги борлигини сезасиз.

“Фарзандларимни таъминлай олганимда эди, улар ҳеч қачон ишламасди”

Манба: cabar.asia /Аброр Қурбонмуродов

Моҳигул Жумагулова 42 ёшда, уч нафар вояга етмаган фарзанди бор. Эри аввалига спиртли ичимликларга берилиб кетган, кейин болалар билан уйдан чиқиб кетгунча уларни калтаклай бошлаган. Унинг ўзи III гуруҳ ногирони, юрак хасталиги туфайли ишлай олмайди. Ногиронлик бўйича давлат нафақаси ойига 400 000 сўмни (40 доллар) ташкил этади. Бу пулга бутун оила яшайди.

– Узоқ вақт давомида турли ётоқхоналарда хоналарни ижарага олдик. Ҳозир Термиз шаҳрида 20 га яқин биз каби оила истиқомат қиладиган ётоқхонада яшаяпмиз. Дастлабки уч ой қизим билан бирга ошхонада ишладик – эрталаб соат 9:00 дан тунги 1:00 гача идишларни ювардик. Иккимиз ҳам кунига 15 мингдан 50 минг сўмгача (2 дан 5 АҚШ долларигача) олдик. Топган пулимизни овқат ва дори-дармонга сарфладик. Шундан сўнг қизим савдо мажмуасига кассир бўлиб ишлади, бироқ унинг мактаб ўқувчиси эканлигини билиб, ишдан бўшатишди. Ҳозир у 11-синфда ўқийди. Биз иш излаб кўплаб ташкилотларга мурожаат қилдик, лекин қизим мактаб ўқувчиси бўлгани учун ҳеч нарса топа олмади. 14 ёшли ўғлим таътил пайтида автоювиш шохобчасида ишлади. Кунига ўн минг сўм (1 АҚШ доллари) ишлаб топди. Унга ўхшаган йигитлар кўп, машина ювиш учун навбатга туришади. Аммо ўқиши боис ўғлимнинг вақти бўлмади ва ўз навбатида ишлашни тўхтатди. Кичик ўғли 11 ёшда, у ҳам ишлашга ҳаракат қилди – арава тортиш учун бозорга борди. Аммо унга ўз араваси бўлмаса, ишлай олмаслигини айтишди. Агар мен уларни таъминлаш имкониятига эга бўлсам, мен уларни ҳеч қачон пул ишлаш учун ишлатмасдим. Лекин муаммоларимиз борлигини кўриб, улар катталардек ўйлашади, ишлашади.  Фарзандларимнинг синфдошлари уларни тез-тез хўрлашади. Уйга йиғлаб келганларида эса, ҳали ҳаммаси яхши бўлади, деб кўнглини кўтаришга ҳаракат қиламан. Улар келажакда яхши ўқиб, яхши иш топадилар.

Ўзбекистонда кам таъминланган оилалар фарзандларига ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича қатор давлат дастурлари – кам таъминланган болали оилаларга ижтимоий нафақалар, ногирон болаларга моддий ёрдам кўрсатиш, қишки кийим-кечак, мактаб дарсликларини бепул бериш, мактабгача таълим муассасаларида кам таъминланган оилалар фарзандларини имтиёзли ўринлар билан таъминлаш кўзда тутилган.

* Аҳоли жон бошига ўртача ойлик 40 доллардан кам бўлган оила кам таъминланган оила ҳисобланади.

2020-йил сентабрь ойидан бошлаб кам таъминланган, кўп болали оилаларга ижтимоий нафақалар “Ижтимоий муҳофаза қилишнинг ягона реестри” электрон тизими орқали расмийлаштирилмоқда. Ҳозир эса у 1 миллион 200 мингга яқин оилани қамраб олган, бу ўтган йилгидан икки баробар кўпдир.

2021-йил 1-сентабрдан бошлаб кам таъминланган оилаларнинг 14 ёшгача бўлган болалари ва 2 ёшгача бўлган бола парвариши ўрнига кам таъминланган оилалар фарзандлари учун ягона нафақа жорий этилади. Ўзгаришлар орасида:

  • нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлган болаларнинг ёши 14 ёшдан 18 ёшгача ошади;
  • тўлов муддати 6 ойдан 12 ойгача ошади, кейин сиз ҳужжатларни қайта топширишингиз керак;
  • нафақа миқдори оиладаги болалар сонига қараб белгиланади.

Имтиёзлар миқдори қуйидагича белгиланади:

  • 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта бола учун – 250 000 сўм (23 АҚШ доллари);
  • 3 ёшгача бўлган битта кичик бола учун – 325 000 сўм (30 АҚШ доллари);
  • иккинчи фарзанд учун нафақа — 150 000 сўм (14,03 АҚШ доллари);
  • ҳар учинчи ва ундан кейинги болалар учун – 100 000 сўмдан (9,36 АҚШ доллари).

Аммо Ўзбекистонда болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қатор дастурлар фаолият кўрсатаётганига қарамай, уларнинг самарадорлиги пастлигича қолмоқда, дея қайд этади ЮНИСЕФ.

“Асосий сабаб – қамровнинг етарли эмаслиги. Заифликни аниқлаш ёки ўлчаш учун аниқ мезонлар мавжуд бўлмаса-да, барча мавжуд дастурлар “ижтимоий заиф оилалар” деб аталадиганларга қаратилган. Масалан, ижтимоий нафақалар фақат оила аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади 440 минг сўмдан (40 АҚШ доллари) кам бўлган оилаларга берилади. Бироқ, аҳоли жон бошига 450 минг сўм (42 АҚШ доллари)га яқин даромадга эга бўлган оилаларнинг турмуш шароити ушбу таърифга тўғри келадиганларга жуда ўхшаш. […] 

Яна бир мисол, ногирон болалар учун нафақа фақат расмий ногиронлик мақомига эга бўлган болаларга берилади. Аммо бу мақомга эга бўлишдаги қийинчиликлар туфайли кўплаб ногирон болалар қўллаб-қувватлашсиз қолмоқда”, — дейилади ЮНИСЕФ CABAR.asia га берган изоҳида.

Мутахассислар таъкидлаган яна бир муаммо шундаки, Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя турли ташкилот ва идоралар ўртасида тақсимланган, улар фаолияти етарли даражада мувофиқлаштирилмаган. Ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастурларининг парчаланиши натижасида ёрдам оила эҳтиёжларини адекват баҳоламасдан ва заифлик сабабларини ўрганмасдан кўрсатилмоқда, бу эса унинг самарадорлигини пасайтиради.

“Кўпинча тўйиб овқатланмаслик туфайли касал бўлишади”

Термиз шаҳридан Фотима Ашурова турмуш ўртоғи Сайфулло Сафаров билан тўрт ва беш ёшли икки фарзандни тарбияламоқда. Уларнинг ҳеч бири ишламайди. Эри II гуруҳ ногирони, аёл эса болаларига қарайди. Уларнинг ойлик бюджети 620 минг сўм (60 доллар) ногиронлик нафақаси ва 288 минг сўм (27 доллар) болалар нафақасидан иборат. Бу пул уларга деярли етмайди.

– Биз ҳар ой коммунал хизматлар учун 300 минг сўм (28 АҚШ доллари) тўлаймиз. Болалар учун тахминан 200 минг (20 доллар) сарфланади, қишда эса ундан ҳам кўпроқ, чунки улар тез-тез касал бўлиб, касалхонага боришга мажбур бўлишади. Бу даволаниш учун кунига яна 200 минг. Пул жуда оз, фарзандларимизга янги мева сотиб олишга ҳам қурбимиз етмайди. Биз гўшт маҳсулотларини жуда оз миқдорда сотиб оламиз, жуда қиммат. Иложи бўлса, болалар учун фойдали маҳсулотлар харид қилган бўлардик, бу уларнинг саломатлигига яхши таъсир қилган бўларди. Шунингдек, улар тўйиб овқатланмасликдан тез-тез касал бўлишлари мумкин.

Манба: cabar.asia /Аброр Қурбонмуродов

ЮНИСЕФ тадқиқоти шуни кўрсатдики, ёш болаларнинг атиги 30,3 фоизи турли хил овқатлар истеъмол қилади, яъни уларнинг кундалик рационида камида тўрт хил озиқ-овқат гуруҳи мавжуд. Ҳар тўрт боладан фақат биттаси (22,6%) кунига яхши озуқа олади. 6 ойдан 23 ойгача бўлган чақалоқларнинг 94 фоизи оптимал ўсиш ва ривожланиш учун етарли даражада овқатланмайди.

Ўзбекистонда болаларнинг 15 фоизи камқонликдан азият чекмоқда, дея хабар беради ЮНИСЕФ. Икки ёшгача бўлган ҳар тўрт боладан бирида камқонлик ташхиси қўйилган ва беш ёшгача бўлган болаларнинг ярмидан кўпи темир танқислигига эга, бу эса когнитив кечикишга олиб келиши мумкин.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.