Ўзбекистоннинг сохта туризми

Источник: https://unsplash.com/

Кўп йиллардан буён Қозоғистонда ташқи ва ички туризмни ривожлантириш билан шуғулланганим сабабли, минтақа мамлакатларида туризм бўйича кўплаб давлат дастурлари, концепциялари ва йўл хариталари қайси рақамларга асосланганлиги мени доим қизиқтириб келган, деб ёзади Қозоғистон “Атамекен” Миллий тадбиркорлар палатасининг (Олмаота) туризм бўйича экспертлар гуруҳининг раҳбари, “KazakhAlpineClub ” нодавлат ташкилоти бошқарувининг раиси Тимур Дуйсенгалиев.

Ўзбекистон кўп йиллар давомида Марказий Осиёда туризм соҳасида тан олинган етакчи ҳисобланади. Бизнинг тадқиқот объектимиз минтақа бўйича реклама қилинган қўшнимиз экани бежиз эмас. Ахир Қозоғистонда кўпинча юқори давраларда Ўзбекистонни бизга мисол қилиб, нима қилиш ва қандай қилиш кераклиги кўрсатилади.

Биз Олмаота сайёҳлик ҳамжамиятининг мутахассислари билан биргаликда қонунчилик ва туризм амалиётини ўрганиш асосида ушбу мамлакатнинг туризм соҳасида содир бўлаётган ўзгаришларни таҳлил қилишга ҳаракат қилдик.

Кекса авлод СССР даврида барча иттифоқ республикалари халқ хўжалигининг барча тармоқлари бўйича режаларнинг бажарилиши ва ортиғи билан бажарилиши тўғрисида ғалабали ҳисоботларни ёзганликларини яхши эслайди. Бу пайтда эса  мутлақ танқислик ҳукм сурар, пештахталарда эса энг оддий озиқ-овқат маҳсулотлари ва халқ истеъмоли моллари йўқ эди . Кўпинча бу катта қўшиб ёзишлар туфайли юз берарди. Масалан, Ўзбекистон пахтачилигида қўшиб ёзишлар 20 фоизга етганди! Ўз навбатида, пахтанинг кўп миллион долларлик қўшиб ёзишлари ҳақиқатга тўғри келмайдиган халқ тилида айтилганидек, “таранг” режалар натижаси эди.

Афсуски, қўшниларимиз ва Қозоғистонда биз ҳам, тўғрисини айтсам, ҳалигача бу иллатдан воз кечганимиз йўқ. Пахтачиликдаги қўшиб ёзишлар ўрнига сўнгги беш йил ичида Ўзбекистонга яна бир хунук ҳодиса – мамлакатга келаётган хорижлик сайёҳлар сони бўйича улкан қўшиб ёзишлар пайдо бўлди.

Шундай қилиб, Туризм ва маданий мерос вазирлиги ўз сайтида 2016-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрган хорижлик сайёҳлар тўғрисидаги расмий маълумотларни эълон қилди. Вазирликнинг расмий маълумотларида Ўзбекистон туризм вазирлигининг фикрича, мамлакатга қуйидаги миқдорда хорижий сайёҳлар келгани кўрсатилган: 2018 йилда – 5346,2 минг, 2019 йилда – 6748,5 минг, 2020 йилда – 1504,1 минг, 2021 йилда – 1881, 3 минг, 2022 йил – 4751,6 минг. Шу билан бирга, уларнинг 85 фоизи қўшни учта давлат – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондан. Хорижий сайёҳлар эса узоқ хориж давлатларидан (МДҲга кирмайдиган) қуйидаги миқдорда ташриф буюришган: 2018 йилда 281,6 минг, 2019 йилда 425,8 минг, 2020 йилда 63,8 минг, 2021 йилда 132,3 минг киши, 2022 йилда — 241,4 минг киши. Яъни улар умумий хорижий сайёҳлар сонининг ўртача 5% ни ташкил этган.

Дарвоқе, кўрсатилган йилларда Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан миллионлаб хорижлик сайёҳлар ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонга келганми?

2022 йилнинг 22 ноябрь куни Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси 2022 йилнинг январь-октябрь ойларида Ўзбекистонга энг кўп ташриф буюрган давлатлар фуқаролари тўғрисидаги навбатдаги маълумотларни эълон қилди. Бу даврда Ўзбекистонга 4 миллион 109,7 нафар хорижлик ташриф буюрган. Шу билан бирга, ушбу даврда, аввалги барча даврларда бўлгани каби, Қозоғистон фуқаролари Ўзбекистонга энг кўп – 1 миллион 255,4 минг киши (умумий ташриф буюрувчиларнинг 30 фоизи) ташриф буюрган.

Бундан ташқари, ушбу даврда Ўзбекистонга ташриф буюрган Марказий Осиёнинг учта давлати – Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон фуқаролари 3 миллион 472 минг кишини ташкил этган (аввалги барча даврлардаги каби умумий ташриф буюрувчиларнинг 85 фоизи).

Айни вақтда, Ўзбекистон туризм бошқармаси барча шаклларда (қўмита, вазирлик, қўшма вазирлик) сўнгги беш йил давомида қатъийлик билан Марказий Осиё давлатларидан келган барча ташриф буюрувчиларни сайёҳлар деб атамоқда ва, шу тариқа, сайёҳлар ялпи сонининг камида 60 фоизини ташкил этмоқда.

Шу билан бирга, амалдорлар чет эллик сайёҳлар мамлакатда ўртача  қанчадир хорижий валютани сарфлашини эмпирик тарзда аниқлайди. Кейинчалик бу ўртача кўрсаткич туристлар сонига, шу жумладан ташриф буюрувчиларнинг 60% (сайёҳ бўлмаганлар) сонига кўпайтирилади ва шу билан туризм хизматларининг ялпи экспорти олинади.

Ўзбекистонлик ҳамкорлар пандемиядан олдинги даврда Ўзбекистон Туризм вазирининг мамлакат Бош вазирига юборган мактубида статистика маълумотларида чет эллик сайёҳларнинг Ўзбекистонга сафари учун ўртача 620 АҚШ доллари миқдорида харажатларни ҳисобга олиш сўралган хатини кўрсатишди. Сиз бу кўрсаткични фалон давр учун эълон қилинган хорижий сайёҳларнинг ялпи сонига кўпайтирасиз ва фалон давр учун мамлакатда туризмдан хизматлар экспортининг ялпи ҳажмини оласиз. Шу билан бирга, бундай кўрсаткични рўйхатдан ўтган сайёҳларнинг катта сонига кўпайтирсангиз, мос равишда туризм хизматлари экспортининг ялпи ҳажмига катта қўшимчани оласиз. Энг жирканч, ифлос ва уятли нарса шуки, туризм соҳасидаги амалдорлар охирги беш йил давомида кўп миллионлик туристлар ҳақидаги бу сохта рақамларни занжир бўйлаб Ўзбекистон президентининг нутқларига ҳам киритиб қўймоқда.

Очиғи, ишончсиз расмий статистика мамлакат раҳбарияти ва жиддий инвесторларга тўғри иқтисодий ва сармоявий қарорлар қабул қилишга имкон бермаяпти.

Қозоғистонлик инвесторларнинг илтимосига кўра, биз Telegram мессенжери орқали Ўзбекистонда ишлаб турган меҳмонхонани сотиб олмоқчи эканлигимиз ҳақида эълон қилдик. Охирги беш йил ичида қурилган ёки қурилиши давом этаётган меҳмонхоналар эгаларидан; Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларида сайёҳлар камлиги туфайли меҳмонхоналарини сотмоқчи бўлган меҳмонхона эгаларидан бир қанча таклифлар олдик.

Кекса Марк Твен айтганидек: “Уч хил ёлғон бор: ёлғон, очиқдан-очиқ ёлғон ва статистика “. Бизнинг ҳолатимизда туризм соҳасининг айёр ва тажрибали кўз бойлоқчи амалдориўзининг ғайритабиий  ва ҳайратланарли туризм ҳодисаларини яратишидаги найранглари, устамона ғиррромлиги, маҳоратли найранги билан  туризм бўйича статистикани ва алмаштиришга асосланган.

Ўзбекистоннинг “Туризм тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, турист – бу вақтинча бўлган мамлакат (жой)даги манбалардан даромад олиш билан боғлиқ фаолият билан шуғулланмасдан, мамлакатга (жойга) бир муддат давомида вақтинча ташриф буюрган,  кетма-кет йигирма тўрт соатдан ўн икки ойгача бўлган муддатда ёки вақтинчалик яшаш жойида (жойида) камида бир марта тунашни амалга оширган жисмоний шахс. Шу билан бирга, тур – бу камида икки хил туристик хизматларни ўз ичига олган туристик хизматлар мажмуаси билан таъминланган, маълум бир вақт оралиғида маълум бир йўналиш бўйлаб саёҳатдир.

Ҳолбуки, ташриф буюрувчи (сайёҳ эмас) – бу бирон-бир жойда узоқ вақт қолишдан фарқли ўлароқ, бирон-бир мақсадда келган, кимнидир зиёрат қилган, қисқа вақт давомида бирор жойда қоладиган одам.

Шунга кўра, статистика ҳисоботларда булар – туристлар ва булар эса – ташриф буюрувчилар деб кўрсатилиши керак. Ҳа, сайёҳлар ҳам ташриф буюрувчилар. Аммо ташриф буюрувчилар сайёҳлар эмас!

Ўтган йилнинг 23 декабрида UzDaily.uz интернет нашри жорий йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистонга Қозоғистондан 164 660 нафар фуқаро ташриф буюргани, шундан 59 840 нафари (умумий ташриф буюрувчиларнинг 36 фоизи) қариндошлариникига ташриф буюргани ҳақида хабар берган эди. Расмий мақсадларда – 1066 нафар, тижорат мақсадларида – 37 нафар, ўқиш мақсадида – 9 нафар, тиббий мақсадларда – 1215 нафар.

Ҳақиқий туристик мақсадларда – дам олиш ва ҳордиқ чиқариш мақсадида – ноябрь ойида Ўзбекистонга 2493 нафар қозоғистонлик ташриф буюрган (умумий ташриф буюрувчиларнинг 1,5 фоизи). Қолган 100 020 киши (61 фоиз) Ўзбекистонга йигирма тўрт соатдан кам вақт давомида ташриф буюрган ва шунга кўра уларни ҳеч қандай тарзда турист деб ҳисоблаш мумкин эмас. Бундан ташқари, давлатларнинг қуруқликдаги чегаралари бўйича социологик сўров шуни кўрсатадики, уларнинг бир қисми Ўзбекистонга йилига 40-50 марта ёки ундан кўпроқ ташриф буюради.

Фоиз кўрсаткичларида келтирилган рақамлар бир ой, бир йил, беш йил давомида Қозоғистондан келган ҳақиқий сайёҳлар сонини ва қозоғистонлик ташриф буюрувчилар сонини мутлақо тўғри акс эттиради.

“Дунё” агентлигининг хабарига кўра, Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотларига биноан, ноябр ойида Ўзбекистонга жами 555,5 минг нафар хорижий фуқаро ташриф буюрган. Улардан 477,1 минг киши (85,9 фоиз) пиёда, 65,4 минг киши (11,7 фоиз) ҳаво транспорти, 7,5 минг киши темир йўл (1,4 фоиз) ва 5,5 минг киши (1 фоизи автомобиль транспорти орқали чегарани кесиб ўтган.

Бу ташриф буюрувчиларнинг катта қисми қўшни давлатлар – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон фуқароларидир. Уларнинг 60 фоиздан ортиғи Ўзбекистонга йигирма тўрт соатдан кам вақт давомида ташриф буюрган ва шунга кўра, уларни ҳеч қандай тарзда турист деб ҳисоблаш мумкин эмас. Статистик сохталаштириш Қозоғистон шаҳарларидан хорижий давлатларга сайёҳларни жўнатиш билан шуғулланувчи туроператор ва турагентларимизни ҳам чалғитмоқда.

Ушбу нашр билан биз қозоғистонлик ташриф буюрувчилар сони ҳақидаги маълумотлардан Ўзбекистондаги хорижлик сайёҳлар сони бўйича ошириб юборилган рақамлардан фойдаланилаётганига кескин норозилик билдирамиз. Биз Қозоғистондан Ўзбекистонга миллионлаб сайёҳларни жўнатмаганмиз, улар Ўзбекистонда туристик мақсадларда йилига юзлаб миллион доллар сарфламаган.

Ҳа, ҳақиқатан ҳам Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) сайёҳларни ҳам, мамлакатга ташриф буюрувчиларни ҳам алоҳида ҳисобга олишни таклиф қилмоқда. Лекин, шу билан бирга, бу чегарачилар, аэропортлар, вокзаллар, йўл бўйидаги инфратузилмаларга тушадиган юкламани аниқлаш, инвесторларни чалғитмаслик, фирибгарликка йўл қўймаслик, фаровонлик кўринишини яратмаслик мақсадида амалга оширилмоқда.

Агар ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонга ташриф буюраётган чет эллик сайёҳларнинг мутлақ кўпчилиги Қозоғистон фуқаролари бўлса, Ўзбекистон Туризм вазирлиги Қозоғистоннинг барча вилоят ва шаҳарларида Ўзбекистонга сайёҳлик йўналишларида сайёҳларни жалб қилган ҳолда роад-шоу ва тақдимотларни мунтазам ўтказиши керак.

Аммо беш йил давомида Ўзбекистон Туризм вазирлиги бирор марта ҳам Қозоғистонда роад-шоу ёки Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятлари тақдимотини ташкил қилмаган. Туризмдан расмий шахсларнинг расмий ёки ярим расмий ташрифлари ва кўргазма экскурсиясида чекланган миқдордаги иштирокчилар ҳисобга олинмайди.

Ўзбекистоннинг туризм Telegram-каналлари Ўзбекистон Туризм вазирлиги раҳбарларининг ўзини-ўзи реклама қилиши ва улкан режалари ҳақидаги баёнотлари билан тўлиб-тошган. Уларнинг ривожланган хорижий мамлакатларга мунтазам саёҳатларидан ҳисоботларни кўрамиз, лекин уларни, туризм маъмуриятининг статистика маълумотларига кўра, бизнинг сайёҳлар Ўзбекистондаги ялпи хорижий сайёҳларнинг 30 фоизини ташкил қилса-да, бу ерда, Қозоғистонда буни кўрмаяпмиз.

Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Марказий Осиёдаги энг йирик сайёҳлик лойиҳаси “Silk Road Samarkand” амалга оширилди. Янги кўп функцияли туристик мажмуа 260 гектардан ортиқ майдонда жойлашган. Бу ерда меҳмонхоналар, истироҳат боғлари, дам олиш масканлари, даволаш ва санаторий-курорт муассасалари, ресторанлар, кафе ва барлар, маданият масканлари фаолият кўрсатмоқда. Дам олиш масканининг марказида Самарқанд эшкак эшиш каналининг тўлақонли акваторияси ва “Абадий шаҳар” тарихий-этнографик мажмуаси жойлашган.

Бу ерда қурилган 8 та тўрт ва беш юлдузли меҳмонхоналар бир вақтнинг ўзида 3000 нафар сайёҳни жойлаштиришга мўлжалланган. Умумий эътироф этилган жаҳон стандартларига мувофиқ, меҳмонхоналарнинг ўртача йиллик тўлиш даражаси камида 66% бўлса, муваффақиятли ҳисобланади. Меҳмонхоналар муваффақиятли бўлиши учун бу кластер йилига камида 730 000 сайёҳни жалб қила олиши керак. Бироқ Қозоғистон оммавий ахборот воситаларида ушбу янги туристик кластер ҳақида деярли ҳеч қандай маълумот йўқ, “Капитал” интернет-нашрида Қозоғистон президентининг ШҲТ саммити доирасида Самарқандга ташрифи арафасида чоп этилган мақола бундан мустасно.

Қозоғистонлик сайёҳлар ноёб мажмуанинг даволаш, санаторий ва соғломлаштириш имкониятлари ҳақида ҳеч нарса билишмайди. Туроператорларимиз, турагентларимиз, блогерларимиз, санаторий-курорт соҳаси мутахассислари ҳамда ваколатли органлар вакиллари учун “Silk Road Samarkand”га таништирувчи инфо-турлар ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўларди.

Шунингдек, бизнинг фикримизча, Ўзбекистонга йилига эълон қилинган 7 миллион хорижий сайёҳни жалб қилиш учун мамлакатда янги турли объектлар ва тадбирларни ташкил қилиш жараёнини ташкиллаштириш зарур. Туристлаштиришбу туристларни жалб қилишнинг янги объектларини яратиш; оддий объектлар ва фаолият турларини туризм объектлари ва фаолиятига айлантириш керак. Яъни, гап туризм соҳасида самарадорликни ошириш ҳақида кетмоқда. Бугунги кунда табиий ва маданий диққатга сазовор жойларни сотишнинг ўзи етарли эмас, мазкур рента бўйича рақобатбардош туристик маҳсулотни яратиб бўлмайди.

Ушбу янги туристик объектлар ва тадбирлар мамлакат, биринчи навбатда, Марказий Осиё, Россия, Хитой, шунингдек, узоқ хорижнинг ривожланган давлатларидан доимий асосда қўшимча сайёҳлар оқимини жалб қилиш имконини беради.

Масалан, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги мамлакати. Мамлакат аҳолисининг 50% га яқини қишлоқларда яшайди. Шу билан бирга, мамлакатда агротуризмни яратиш имкониятларидан фойдаланилмаган. Жаҳон туризмида, айниқса давом этаётган пандемия шароитида агротуризм ва саёҳат бозори сегментларининг энг кўп талабга эга турларидан бирига айланди.

Ўзбекистоннинг “Туризм тўғрисида”ги қонунига “кичик туристик зона” деган жуда илғор тушунча киритилди. Шунингдек, таклифга кўра туристик зоналар, жумладан, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар ҳам ташкил этилиши мумкинлиги кўрсатилган. Кичик аграр туристик зоналар (кейинги ўринларда КАТЗ деб юритилади) фермер хўжалигига ўхшайди, лекин мажбурий шарт билан КАТЗ даромадининг камида 50 фоизи туризм фаолиятидан келиб чиқиши керак. Яъни, КАТЗ фермер хўжалигига қўшилган қиймат деб тахмин қилишимиз мумкин.

Аммо КАТЗ яратиш тадбиркорлардан катта сармояларни талаб қилади. Бинобарин, КАТЗни яратиш учун тармоқ тадбиркорларига энг яхши қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини доимий фойдаланиш учун, туристик автобуслар етиб бориши мумкин бўлган жойларда бериш зарур. Бундан ташқари, КАТЗ учун ажратилган қишлоқ хўжалиги ерларини кейинчалик хусусийлаштириш ҳуқуқи билан қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган ерлар мақомига ўтказиш билан берилиши керак. Агротуризм фаол ривожланаётган мамлакатларда бу шундай амалга оширилади.

2020 йилда Европа туроператорларининг Ўзбекистондаги “Ипак йўли” бўйича қўшма инфотури доирасида бизга маълум қилишларича, туризм инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида мамлакат Президентининг фармони билан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида махсус маъмурий-бошқарув тизими жорий этилган. Туризм вазири бевосита “Чорвоқ” эркин туристик зонасини бошқариши ҳамда Бўстонлиқ туман ҳокимлиги фаолиятини назорат қилиши кўзда тутилган эди. Туристик зона инфратузилмасини ривожлантириш учун 20 миллион АҚШ доллари ажратилди.

Бу йил биз нимани кўрдик? Орадан икки йил ўтиб, Чимёндаги катта йўл бўйлаб у ерда фақатгина қисқа йўлак қурилди. Ўзбекистоннинг энг машҳур тоғ қишлоғи бўлмиш Чимён қишлоғининг ўзида йўллар охирги марта совет даврида асфальтланган. Уларнинг ҳозирги ҳолатини тасаввур қилишингиз мумкин.

Сўзимга якун ясаган ҳолда, учта асосий хулоса чиқаришни истардим:

1) Туризмни тўғри ривожлантириш учун ҳалол ва масъулиятли статистика зарур. Туризм бозорининг барча иштирокчилари учун саноатимизни акс эттирувчи кўзгу “қийшиқ” бўлмаслиги муҳим.

2) Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари, ШҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти туризм соҳасидаги минтақавий ҳамкорликни сўзда эмас, ҳақиқатдан ҳам рағбатлантириши керак. Минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақавий сайёҳлик маҳсулотини илгари суриш лойиҳалари учун минтақадаги туроператорларга грантлар ва субсидиялар ажратиш лозим.

3) Давлат ва бизнеснинг самарали ҳамкорлик механизмларини яратиш зарур. Бусиз, энг яхши ташаббуслар ҳам қоғозда қолади, инвестиция қилинган ресурслар эса йўқотилиши мумкин.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.