КНАУФ: тараққиёт билан ҳамқадам

2022 йил арафасида Anhor.uz “КНАУФ ГИПС БУХАРА” ЧЭК МЧЖ ва “БУХАРАГИПС” АЖ ҚК бош директори Дмитрий Дерипалко билан учрашиб, жорий йил якунлари, замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тенденциялари, Ўзбекистонда бизнес юритиш муаммолари ва келажак режалари ҳақида суҳбатлашди.

Anhor.uz: 2021 йилда компания қандай қийинчиликларга дуч келди?

Дмитрий Дерипалко: Бу борада биз бошқалар каби ягона эмасмиз, асосий қийинчилик пандемия шароитида ишлаш зарурати эди. Шунинг учун биз ходимларнинг хавфсизлиги устида ишладик, имкон қадар оффлайн алоқаларни қисқартирдик, таъминот занжирини бузмасликка, ишлаб чиқариш суръатини сақлаб қолишга ҳаракат қилдик. Шунингдек келажакка сармоя киритдик – янги ишлаб чиқариш қувватларини қуришда давом этдик.

Anhor.uz: Мавжуд корхоналарни кенгайтириш ва унумдорлигини оширишни режалаштиряпсизми?

Дмитрий Дерипалко: Ҳа, биз қуруқ гипс аралашмаларини ишлаб чиқарувчи заводларни ривожлантиришни режалаштирмоқдамиз. Бу эса Бухородаги аралашмалар заводи қувватини ошириш бўйича йирик инвестиция дастури ҳамда Фарғона вилоятида плита ва аралашмалар ишлаб чиқариш заводини қуриш билан бир вақтда амалга оширилмоқда.

Anhor.uz: Инвестиция дастурлари қандай муддатларда якунланади ва инвестициялар ҳажми қанча?

Дмитрий Дерипалко: Бухородаги завод жорий йил охиригача модернизация қилинади, унга 2,4 миллион евро сармоя киритилади. Натижада, 2022 йилда мижозларимиз гипс аралашмаларини икки баравар кўп олишади – йилига қўшимча 120 000 тонна. Фарғона вилоятида янги завод қуриш ва жиҳозлашга 18,7 миллион евро сармоя киритилди. 2022 йил март ойида ишга туширилгандан сўнг, мижозларимиз йилига 17 миллион м2 тахта ва 75 минг тонна аралашмалар олади. Хом-ашё базаси эътиборимиздан четда қолмайди – янги ганч конларини излаб топиш бўйича геология-қидирув давлат қўмитаси билан ҳамкорликда самарали ва кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Anhor.uz: КНАУФ компанияси қурилишда янги технологик ечимларни таклиф этувчи юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиси сифатида ўзини тақдим қилади. Ўзбекистонда бу борада янгича ёндашувлар мавжудми?

Дмитрий Дерипалко: Ҳамма нарса доимо асосий ҳамкоримиз – қурувчига боғлиқ. Биз қурилиш учун тўлиқ ечимларни ишлаб чиқаришда ҳам, prefab –уй-жой* таклифида ҳам катта тажрибага эгамиз. Бугун ишонч билан айта оламанки, қурилиш жадаллиги мутахассисларнинг малакаси, маҳсулот ва тизимлар сифатига қўйиладиган талаблар даражасини оширди ва янада самарали техник чора-тадбирларни талаб қила бошлади. Юқорида айтилганларнинг барчаси учун КНАУФ технологияларни таклиф қилади: биз қурувчилар ва архитекторларни ўқитамиз, янги маҳсулотларни чиқарамиз, қўл меҳнати улушини камайтириш технологиясини таклиф қиламиз. Ишонч билан айта оламанки, бугунги кунда КНАУФ бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам нафақат материалларни, балки тайёр ечимларни ҳам таклиф этади.

* PREFAB – конструкциялар (инглиз тилидаги prefabricated сўзидпн таржима қилинган) – заводда ишлаб чиқарилган қурилиш конструкциялари. Улар ҳар қандай ички безатиш ва ўрнатилган коммунал хизматлар билан амалга оширилиши мумкин.

Anhor.uz: КНАУФ истеъмолчига қандай янгиликлар таклиф қилади?

Дмитрий Дерипалко: Биз лист материаллари ассортиментини кенгайтира олдик. Бу Ўзбекистонда гипсокартоннинг янги давлатлараро стандарти қабул қилингани туфайли мумкин бўлди. Бу масалада биз ўтмишдан мерос бўлиб қолган тор ГОСТдан жаҳон стандартларига ўтдик. Бугунги кунда биз мижозларга ҳар хил оғирликдаги, турли хил сув сингдирувчи платаларни таклиф қиламиз, биз кучайтирилган товуш изоляцияли, намлик-ёнғинга, зарбага чидамлилиги юқори бўлган плита ишлаб чиқардик.

Anhor.uz: Ўз вақтида КНАУФ компанияси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан қабул қилинган мутахассисларни тайёрлаш дастурини ишлаб чиқди. Ушбу йўналишда бирон бир муваффақиятга эришдингизми?

Дмитрий Дерипалко: Ўзбекистон олий ўқув юртлари битирган мутахассислар сифатига масъулият билан ёндашишни бошлагани, замонавий технологияларга қизиқиш кучайиб бораётгани қувонарли. Узоқ йиллардан буён Бухоро, Тошкент, Самарқанд шаҳарлари билан ҳамкорлик қилиб келаётган бўлсак, жорий йилда бу жараёнга Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Наманган, Фарғона вилоятлари олий ўқув юртлари қўшилди. Бугунги кунда КНАУФ Ўзбекистондаги саккизта ихтисослаштирилган олий ўқув юртлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади. “Янги қурилиш технологиялари” факултатив фани биргаликда жорий этилди ва келишув доирасида КНАУФ кафедрани амалий машғулотлар учун методика, адабиётлар ва материаллар билан таъминлаш масъулиятини ўз зиммасига олади.

КНАУФ World Skills Uzbekistan билан ҳамкорлик шартномасини имзолаган биринчи ишлаб чиқариш корхонаси бўлди. Биз ушбу ташкилотнинг асосий ҳамкори бўлиб, халқаро стандартларни мослаштириш жараёнларини қўллаб-қувватлаймиз, Республика ва халқаро “Жаҳон маҳорати” танловларида иштирокчиларни тайёрлашга ёрдам берамиз. 2021-йилда World Skills компаниясининг Ўзбекистонда сертификатланган мутахассислари “Қуруқ қурилиш ва сувоқчилик” йўналиши бўйича ҳамкорликда ўқитилди.

Бизнинг ташаббусимиз билан Бухоро вилояти мактаблари билан юқори синф ўқувчиларини касбга йўналтириш масалаларида ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Шуни таъкидламоқчиман юқорида айтилганларнинг барчаси биз томонидан мустақил равишда, ҳеч қандай қарорлар қабул қилинмасдан, солиқ имтиёзларини олмасдан амалга оширилади ва биз бутун бизнесни шу тарзда ривожлантиришга чақирамиз.

Anhor.uz: Янги йил олдидан бироз орзу қилайлик. Ўзбекистон бизнесининг вакили сифатида сизга қандай савол беришни хоҳлайсиз ва қандай жавоб берган бўлардингиз?

Дмитрий Дерипалко: Мен иккита саволни қабул қилишдан ва жавоб беришдан хурсанд бўлардим:

Биринчиси, барча соҳаларда рақамли технологияларга ўтиш ва бизнес юритиш масалалари ҳақида.

Мен мамнуният билан жавоб бермоқчиманки, барча жараёнлар аллақачон рақамлаштирилган, Ўзбекистонда ҚҚСни ўз вақтида қайтариш жараёни автоматлаштирилгани, сўралган лицензиялар ва ихтисослашган тузилмалардан изоҳлар ўз вақтида олинаётгани билан мақтанмоқчи бўламан. Аммо, афсуски, ундай эмас – рақамлаштириш ҳам орқада қолмоқда, ҚҚСни ўз вақтида қайтариш ҳам, лицензиялар олиш ҳам, тегишли идоралардан масъул изоҳлар олиш эса орзу бўлиб қолмоқда.

Яна, солиқ қўмитасининг электрон тизимидаги носозлик туфайли корхоналаримиз фалаж бўлмаяпти деб айтмоқчиман. Аммо, йўқ … 2021 йил декабрь ойида ишлаб чиқариш тўхтатилди (ҚҚС тўловчининг сертификати тўхтатилди – бу билдиришномаларсиз ёки ҳеч қандай қоидабузарлик белгиларисиз амалга оширилди, аммо иккита завод мажбурий тўхтатилганидан кейин икки кун ичида биз 3 миллиард сўмга яқин даромадни йўқотдик…. Энг ажабланарлиси, шу икки кундан сўнг “ҚҚС тўловчилар сертификатини тиклаш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди, унга кўра корхоналаримиз солиқ хавфи паст бўлган корхоналар гуруҳига киритилди. Аммо бу қарорда сабаблар ёки техник носозликлар ҳақида бир оғиз сўз айтилмаган.Ўзбекистондаги барча тадбиркорлар солиқ тизимида ўзгаришлар юз бераётганини тушунади, бироқ бундай ўзгаришларни фикр-мулоҳазаларсиз амалга ошириб бўлмайди).

 КНАУФ корхоналари шу кунларда худди шундай ҳодисага дуч келган ягона корхоналар эмас эди. Ҳаммамиз тушунганимиздек, 2021-йил декабр ойида ДСҚ ҳам камроқ солиқ олади.

Мамлакатимизнинг сармоявий жозибадорлиги учун муҳим бўлган иккинчи савол – интеллектуал мулкнинг қанчалик қонун билан ҳимояланганлиги.

Бу ерда мен қонунчилик жуда қаттиқ эканлиги ва товар белгисини, брендни ўзлаштиришга, патентланган технологияни ўғирлашга рухсат берганларга қарши изчил курашаётгани билан мақтанишдан хурсанд бўлардим. Бироқ, бу эрда, афсуски, ҳозиргача мақтанадиган нарса йўқ ….

Шу боис, фақат шуни айтмоқчиманки, давлат идоралари ва тадбиркорлик субектлари бизнесни ривожлантириш учун шарт-шароит яратиш борасида ҳали кўп иш қилишлари керак ва компаниямиз муаммолар тезда ҳал этилишига ишонади.

Anhor.uz: Янги йилда КНАУФ компанияси ва ўзбек халқига нима тилаган бўлардингиз?

Дмитрий Дерипалко: Ишончим комилки, ҳар биримиз оиламиз ва дўстларимиз, бизнес ҳамкорларимиз томонидан катта ва яхши самимий тилакларга муяссар бўламиз. Шунинг учун мен бугунги кунда белгилаб қўйилган шахсий, техник ва ижтимоий ривожланиш суръатлари сақлаб қолинишини истардим.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.