Павел Устинов Тель-Авивнинг барқарор архитектураси ва ME’MOR 2021 танлови ҳақида

MEMOR 2021 архитектура танлови арафасида Тель-Авивнинг таниқли архитектори Павел Устинов кўп қаватли бинолар қурилиши, Исроилда “барқарор архитектура”  усулларининг жорий этилиши борасидаги ўз тажрибаси билан ўртоқлашиб, танловнинг ҳозирги иштирокчиларига самимий тилаклар билдирди. Айтиш жоизки, Тель-Авивда меъморчилик ва қурилиш шаклланиб бўлган муҳитда олиб борилади, шу боис ушбу тажриба Ўзбекистондаги кўплаб ривожланаётган шаҳарлар учун ҳам жуда фойдали бўлиши мумкин. 

– Сиз Исроилда ўзингиз яратган туркум меъморчилик асарлари билан машҳурсиз, уларнинг орасида Тель-Авивда биринчилардан бўлиб барпо этилган «W Tower» ва «One Tower» каби кўп қаватли тураржойлар ҳам бор.  Бироқ Ўзбекистонда Сиз ҳақингизда кўпчилик билмайди. Шу боис даставвал ўзингиз ва касбий фаолиятингиз ҳақида гапириб берсангиз.

1-Расм.

Чапда    «W Tower» тураржой биноси, 46 қават.  Баландлиги 154.6 м.

Ўнгда «One Tower» тураржой биноси, 29 қават. Баландлиги 102 м.

– Исроилга келишимдан олдин 15 йил давомида Ленинграддаги (Санкт-Петербург) етакчи “ЛЕННИИПРОЕКТ” илмий-тадқиқот лойиҳа институтида  меҳмонхоналар, тураржой бинолари ва қисман тиббий иншоотларни лойиҳалаштириш билан шуғулланадиган қизиқарли устахонада ишлаганман. Ленинградда (Санкт-Петербургда) архитектура савияси анча юқори, шу боис, омадим бор экан, ўзимнинг меъморчилик соҳасидаги фаолиятимни шу ерда амалда бошлаганман. 1990 йилда Исроилга кўчиб келдим. Бу мутахассислигим бўйича иш топиш учун жуда қулай вақт эди. Яна омадим чопди, Исроилнинг етакчи хусусий устахоналаридан бирига ишга олишди.  Бу ерда мен Совет Иттифоқидан фарқ қиладиган маҳаллий муҳит ва турмуш тарзини яхшироқ тушуниб етдим. Инсон ва оила психологияси ҳисобланган уйларни лойиҳалаштириш билан шуғулландим. Маҳаллий меъморчилик услубида ишлашни бошлаш учун уни яхши англаб етишим керак эди.

Бу ерда биз Тель-Авив марказида жойлашган 46 қаватли «W Tower» тураржой биносини лойиҳалаштирдик. У ўша пайтда Исроилдаги энг баланд тураржой биноси ҳисобланарди. Бинони лойиҳалаш ишларини бошлаганимизда бундай иншоотлар ҳали кам бўлиб, улар бошланғич босқичда эди. Бироқ ҳаёт бир жойда турмайди, шу боис ҳозир бу ерда қурилаётган осмонўпар бинолар анча кўп, уларнинг орасида баландлиги 80 қаватгача етадиган жамоат ва тижорат бинолари ҳам бор.

– Тель-Авив аҳолиси баланд бинолар қурилишига қандай муносабатда?

– Тель-Авивни Исроилнинг иккинчи пойтахти деса ҳам бўлади, бу ерда истиқомат қилувчи аҳоли асосан бадавлат, қарашлари илғор ижтимоий қатламга киради. Шу боис бу ерда барча янги нарсалар осонроқ мослашади, шаҳарда баланд бинолар қурилишига ўтиш борасида бирор-бир салбий фикр-муносабатлар бўлмаган. Осмонўпар тураржойлар қурилиши квартираларнинг қийматини қимматлаштирса ҳам, Тель-Авивнинг ўзи анча қиммат шаҳар бўлгани учун, бу ердаги маҳаллий аҳолини қўшимча харажатлар унчалик довдиратиб қўйгани йўқ. Тураржойларга бўлган талаб катта бўлгани ва аҳолининг даромади етарли бўлгани боис ҳеч қандай эътирозлар юзага келмаган.

– Айни пайтда Ўзбекистонда баланд бинолар қурилиши миқдори жуда тез ўсиб бормоқда, шу боис бу борада Тель-Авив тажрибаси мамлакатимиз аҳолиси учун жуда қизиқарли бўлиши мумкин. Шу муносабат билан, Тель-Авивда муҳандислик инфратузилмасини ва  қурилишнинг баландлик даражасини мувозанатлаштирувчи бирор-бир механизм бор-йўқлигини билишни истардик? Масалан, қурувчи компания баланд бинолар қурилиши учун қўшимча солиқлар тўлайдими?

– Тель-Авивдаги қурилиш бу шаклланиб бўлган муҳитдаги қурилиш ҳисобланади, шу боис у кўплаб техник ва ташкилий қийинчиликларни туғдиради. Осмонўпар тураржой – бу кўп сонли квартиралар дегани, шунинг учун бир вақтнинг ўзида тармоқларни реконструкция қилиш ишлари ҳам олиб борилади. Тель-Авив маъмурияти буни яхши уддаламоқда. Исроилда режалаштириш ва қурилиш ишлари хусусий компаниялар томонидан амалга оширилади, бу ерда ҳатто давлат ҳам хусусий бизнеснинг мижози ҳисобланади. Бироқ баланд бино қурилишидан кўриладиган молиявий юклама охир-оқибат квартира харидорининг елкасига тушади. 

Шаҳар маъмуриятининг баланд бинолар қурилиши соҳасидаги солиқ сиёсатига тўхталадиган бўлсак, мен бу борада катта мутахассис эмасман, фақат лойиҳалаш билан шуғулланаман. Шаҳар маъмурияти коммуникациялар режаларини ишлаб чиқади. Пудратчилар шаҳар коммуникациялари бўйича харажатларни қоплаш учун қандайдир бир улушни маъмуриятга тўлаши эҳтимолга яқинроқ.

Молиявий масалаларнинг асосий қисми ер майдонини очиқ ва шаффоф танлов орқали харид қилиш пайтида ҳал қилинади. Бу ерда давлат муассасалари ҳамма ишни шаффоф тарзда бажаради, ҳатто фаррош лавозимига вакансия ҳам шаффоф танлов орқали амалга оширилади. Шаҳар ривожига ҳамма ўз ҳиссасини қўшади. 

Тель-Авив иссиқ ва нам иқлимга эга. Биноларингизни маҳаллий иқлим шароитларига қандай қилиб мослаштира олдингиз? Одамлар учун нафақат қулайликни, балки хавфсизликни ҳам таъминлай оладиган бирор-бир “барқарор архитектура” усулларидан ва замонавий қурилиш материалларидан фойдаланганмисиз?

Бизда катта диққат ва эътибор кўкаламзорлаштиришга қаратилади. Кўкаламзорлаштириш шаҳарда амалга ошириладиган экологик дастурнинг жиддий қисми ҳисобланади. Ҳар бир лойиҳа майдонни кўкаламзорлаштириш бўйича батафсил ишланмани ўз ичига олади. Масалан, маҳаллий нормаларга кўра, участкада яшил ўсимликларнинг минимал майдони камида 30% ни ташкил қилиши керак.

Агар кўкаламзорлаштириш, сув таъминоти ва яшил ўсимликларни суғориш тизимлари тўлиқ бажарилмаган бўлса, бино фойдаланишга қабул қилинмайди. 

Биноларга тўхталадиган бўлсак, бу ерда иссиқ сув таъминоти учун қуёш энергиясидан фойдаланиш қурилиш нормалари билан белгиланган. Ҳар бир уйда ва квартирада  қуёш энергиясида ишлайдиган сув иситгичи мавжуд.

2-Расм. Қуёш энергиясида ишлайдиган сув иситгичи.

Бу борада баланд биноларда айрим қийинчиликлар юзага келади, чунки сувни бу тарзда тежаш қувурларнинг узунлиги билан чекланади; масалан, 9 қаватли бинода бундай ечим нормал ҳисобланади, чунки йўлда катта иссиқлик йўқотишлари содир бўлмайди. Бироқ ундан баланд биноларда иссиқ сув таъминотига фақат электр энергияси ҳисобидан эришиш мумкин. Шунингдек иссиқлик насосларини мажбурий тарзда ўрнатиш ишлари ҳам жорий этилмоқда. Бизда ҳар бир квартира фасадида техник майдон мавжуд, унда бойлер, кондиционерлар ўрнатилади ва кирлар қуритилади. Буларнинг ҳаммаси фасад томондан архитектура усуллари ёрдамида пардозланади ва ҳеч нарса кўринмай туради.

Бу ерда иссиқлик насослари кондиционерлардан чиқадиган кўп миқдордаги иссиқ ҳавони ютади ва уни бойлерга узатади, бунда сувнинг исиши тезлашади ва энергия харажатлари камаяди. Шунингдек ёзда бинолар қизиб кетишини камайтириш учун биноларнинг иссиқлик изоляцияси ҳам амалга оширилади.

Бундан ташқари, ҳозир бутун дунё “ақлли фасад ойналари”га ўтмоқда. Улар ёруғлик оқимининг бир қисмини ушлаб қолади ва бу билан катта витриналарга эга баланд бинолардаги хоналарнинг қизиб кетишини камайтиради.

Шу билан бирга, Тель-Авив маъмурияти ер ости автомобиль тураргоҳлари сиёсатини ҳам юрита бошлади. Авваллари бу ерда ҳар қандай турдаги квартира учун 2 та машина ўрни нормаси белгиланган эди. Натижада, уй-жой қурилишининг қиймати қимматлашди, автомобиль тураргоҳларининг кўпчилиги эса бўшаб қола бошлади. Кейин шаҳарнинг транспорт сиёсати бу ерга автомобилда иш излаб келувчилар сонини камайтириш учун эътиборни жамоат транспортига қаратди . Бироқ COVID-19 эпидемияси ҳаммасини бузиб юборди: ҳозир одамларнинг кўпчилиги жамоат транспорти ўрнига хусусий транспортда юришга ҳаракат қилмоқда, шу боис шаҳарга тушадиган автомобиль юкламаси яна ошди.

Исроилда чиқиндиларни олиб чиқиш масаласи ҳам долзарб. Қатор шаҳарларда янги лойиҳаларда одатий чиқинди чиқариш тизими билан бир қаторда келгусида чиқиндини пневматик чиқариб ташлаш тизимини ҳам ишлаб чиқишни талаб қила бошлашмоқда.

Маълумки, бу йил ME’MOR 2021 танлови анъанавий доирадан чиқиб, Ўзбекистон меъморчилигининг “барқарор” ривожланишига кўмаклашиш учун қўшимча равишда энг яхши журналистик мақола ва энг яхши талабалар иши  номинацияларини ҳам илгари сурди. Ушбу йўналиш ривожига ўз ҳиссасини қўшаётган архитекторлар, журналистлар ва талабалар учун бирор-бир тилагингиз ва тавсияларингиз борми?

Мен журналистлар учун номинацияни жуда маъқуллайман ва бу ташаббус жуда фойдали ва зарур деб ҳисоблайман, чунки қурилиш жуда жиддий соҳа ҳисобланади ва у одамлар орасида янги нарсаларнинг кенг ёритилишини ва уларнинг хабардор бўлишини талаб қилади. Талабалар учун номинация эса, уларга “барқарор архитектура” масалаларининг муаммолари ва ечимлари билан яқиндан танишиш, ўз кучини синаб кўриш ва ушбу йўналишдаги қизиқишларини намоён этиш имконини беради. Ҳозир экология муаммоси  жамоатчилик эътиборининг чўққисида турибди. Бироқ архитектор “барқарор технологиялар”ни интеграциялаштириш жараёнининг бевосита субъекти эмас, чунки ҳаммаси давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ва технологик параметрларига бориб тақалади. Бунинг учун жамиятнинг ўзи “барқарор ўзгаришларга” интеллектуал ва иқтисодий жиҳатдан тайёр бўлиши керак, шу боис бу ерда журналистларнинг роли жуда муҳим.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.