110 минг қути сигаретлар “куйиб кул бўлди” / видео

Фото: Anhor.uz / Бобур Каримов

Янгиҳаёт туманидаги саноат зонасида божхона хизмати органлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар томонидан ноқонуний муомаладан олиб қўйилган тамаки маҳсулотларини кенг жамоатчилик иштирокида йўқ қилиш тадбири ўтказилди.

Маълум қилинишича, Божхона қўмитаси Контрабандага қарши курашиш бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Сирдарё вилоятидаги яшаш хонадонларининг бирида тегишли ҳужжатлари бўлмаган 108 138 қути тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланган.

Саноат зонасида 110 минг қути сигаретлар ва қўлга олинган айрим турдаги дори воситалари журналистлар, блогерлар ва кенг жамоатчилик вакиллари гувоҳлигида ёқиб юборилди.

Фото: Anhor.uz

“2023 йилнинг 3 август куни, Божхона қўмитаси ва ҳамкор ташкилотлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Абдубаев Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги хонадонларнинг бирига умумий қиймати 1.2 млрд. Сўм бўлган тамаки маҳсулотларини ноқонуний равишда жойлаштираётган пайтда, тезкор ходимлар томонидан қўлга олинган. Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг ҳукмига кўра ушбу жиноятни амалга оширган фуқаро 8 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган, – дейди Нурбек Саломов – Божхона қўмитаси матбуот хизмати раҳбари.

Олиб борилаётган мана шу каби сай ҳаракатларга қарамасдан ҳануз бозорлар, савдо шахобчалари ва майда савдо нуқталарида контрабанда йўллар орқали кириб келаётган тамаки махсулотлари савдоси давом этаётганлиги ачинарли. Anhor.uz бу борада қатор журналистик суриштирувларни тайёрлаб ўз ўқувчиларига тақдим этган. Бироқ бу борада назорат органларининг фаоллиги бироз сезилмай турибди. Ташкил этилган йўқ қилиш тадбиридан сўнг, журналистлар ва блогерлар учун брифинг ҳам ташкил қилинди.

Унда, Божхона қўмитаси масъуллари, мажбурий ижро бюроси вакиллари иштирок этиб, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Жараёнда қатнашган нашримиз журналисти томонидан брифингда иштирок этаётган Божхона қўмитаси масъулларига қуйидагича савол берилди.

Январ ойи бошида “Ўзбекистон 24” телеканали эфирларидан бирида эълон қилинган маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Божхона органлари ходимлари томонидан ўтган йилнинг 12 ойида ўтказилган тезкор тадбир давомида 289 та ҳолатда 5 миллион 619 минг қути ноқонуний сигареталар аниқланиб, мусодара қилингани айтилган. Мана шундай тадбирларни 2024 йилда яна қачон ўтказиш режа қилинган?

Фото: Акромжон Ахлимирзаев, Божхона қўмитаси “Суриштирув ва маъмурий амалиёт” бошқармаси бошлиғи.

“Салкам 5.7 миллион қутига яқин тамаки маҳсулотлари ушлаб қолинганлиги очиқланган. Қўлга олинган маҳсулотлардан шу кунга қадар 2 миллион қутидан зиёд сигаретларни жамоатчилик, ОАВ ва блогерлар иштирокида ўтказилган оммавий йўқ қилиш тадбирлари орқали ёқиш йўли билан йўқ қилганмиз. Бундай тадбирлар нафақат Тошкент шаҳрида, балки, 2023 йилнинг декабрь ойида Самарқанд вилоятида мана шундай йўқ қилиш тадбирини ҳам амалга оширганмиз. Қолаверса, Фарғона, Наманган ва бошқа вилоятларимизда ҳам турли миқдорларда тамаки маҳсулотларини ёқиш йўли билан йўқ қилиш тадбирлари, давлат ижрочилари, экология ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган. Бу жараёнларга биз имкон қадар ОАВ вакиллари, блогерлар ва кенг жамоатчиликни таклиф этиб бормоқдамиз. Бу орқали, амалга оширилаётган ишларга ижобий таъсир сезилмоқда, жамоатчилик назорати кучаяётганлигини ҳам сезяпмиз.

Қолган ҳолатларда ушланган 3 млн қутидан зиёд тамаки маҳсулотлари ҳозир тергов ва суд жараёнларида, ушбу сигаретлар ҳам суд қарорлари чиқгач, албатта яна мана шундай тадбирларни мунтазам равишда, албатта, сизларни иштирокингизда ўтказамиз. Бундай жараёнлар режамизга кўра, ҳар икки ойда камида бир маротаба ўтказилиши режалаштирилган.

Яна бир жараёнга эътиборингизни қаратмоқчиман. Божхона қўмитаси қошида, Божхона сервис давлат муассасаси ташкил этилган. Бу тизим, айнан божхона органлари томонидан ушланган нафақат тамаки маҳсулотлари, балки, барча буюмларни суд қарорига қадар сақлайди ва кейинчалик, ушбу маҳсулотларнинг реализацияси билан шуғулланади”, – дея таъкидлади Акромжон Ахлимирзаев, Божхона қўмитаси “Суриштирув ва маъмурий амалиёт” бошқармаси бошлиғи.

Шунингдек, жараёнда, журналистлар томонидан “Нега тамаки ёқиш йўли билан йўқ қилинади, тутуни табиатга зарар-ку?”, мазмунида берилган саволга божхона Қўмитаси масъуллари қуйидагича жавоб беришди.

Фото: Ҳусан Тангриев, Божхона қўмитаси Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими бош инспектори.

“Аҳамият берсангиз, Божхона қўмитаси тамаки маҳсулотларини йўқ қилиш тадбирини асосан Янгиҳаёт туманидаги заводлардан бирида амалга оширади. Ушбу заводда печлардан чиқаётган тутунни филтрлаш учун замонавий технологиялар жорий қилинган ва табиатга етадиган зарар энг минимал даражададир. Тамакини майдалаб, кўмиб юбориш ҳам мумкин деб ўйларсиз. Аммо унинг қадоғидаги ва қутиларда ишлатилган полиэтилен юз йиллар давомида чиримайди ва табиатга янада кўпроқ зарар етиши мумкин”, – деди Ҳусан Тангриев, Божхона қўмитаси Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими бош инспектори.

Брифингда маълум қилинишича, ўтган даврда, яъни 2023 йил давомида 2 миллион қутидан ортиқ тамаки маҳсулотлари кенг жамоатчилик иштирокида йўқ қилинган.

Божхона органлари томонидан аввалги йилда 291 та ҳолатда қиймати 92,2 миллиард сўмлик 5 миллион 700 минг қути, жорий йилда эса 56 та ҳолатда қиймати 14,0 миллиард сўмлик, 528 740 қути тамаки маҳсулотлари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланган.

Шу билан бирга брифингда 2023 йилда ушлаб қолинган ноқонуний тамаки маҳсулотларинг миқдори 2022 йилга нисбатан 3,5 баробарга ошганлиги ҳам очиқланиб, бу борада амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

“Таҳлилларга кўра, республика ҳудудига тамаки маҳсулотларини асосан Туркия, Россия, БАА, Тожикистон, Қирғизистон ва бошқа давлатлардан ноқонуний тарзда олиб киришга уринишлар бўлади. Ички ҳудудлар кесимида таҳлил қилинса, аниқланаётган энг кўп ноқонуний сигарет маҳсулотлари Наманган, Фарғона вилоятлари, Тошкент шаҳри, Тошкент ва Қашқадарё вилоятлари ҳиссасига тўғри келади. Ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олинган сигаретларнинг асосий қисмини “Милано”, “Эссе”, “Монд”, “Кавалло”, “Парлиамент”, “Марлборо” каби сигаретлар ташкил қилмоқда”, – дейилади Божхона қўмитаси ахборот хизматининг Anhor.uz сўровига берган маълумотида.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1861-моддасида тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритганлик учун, 182-моддасида эса Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан тамаки маҳсулотларини жуда кўп миқдорда қонунга хилоф равишда ўтказганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 25 июлдаги “Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида”ги 200-сон қарорига мувофиқ тамаки маҳсулотлари мажбурий тарзда йўқ қилиб ташланиши белгиланган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.