Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов фойдаланувчиларнинг шарҳлари учун ОАВ, блогерлар, ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерлардаги гуруҳларнинг модераторлари жавобгар экани ҳақида маълум қилди. Қуйида ҳуқуқшунос Мадина Турсунова ушбу ҳолатга изоҳ беради:

Шарҳлар қолдириш функцияси мавжуд бўлган Anhor ёки Gazeta каби электрон ОАВ ҳолатида, платформа умуман сайтда тақдим этилган ахборот учун жавоб беради. Бунда бизнинг қонунчилигимизда ОАВнинг ўзи тайёрлайдиган контентни ва фойдаланувчилар томонидан қолдириладиган контентни тартибга солувчи нормалар йўқ, ОАВни фойдаланувчилар томонидан жойлаштирилган ҳаққоний бўлмаган ёки  қонунга зид бошқа ахборот учун жавобгарликдан озод этадиган нормалар ҳам йўқ.

Шундай қилиб, сайтга жойлаштирилган ҳамма учун очиқ бўлган ахборотнинг ҳаққонийлигини текшириш тўғрисидаги талаб (“Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг 12-1 моддаси) электрон ОАВ сайтига жойлаштириладиган ҳамма нарсага, шу жумладан шарҳларга ҳам тааллуқли. Худди шу моддага мувофиқ веб-сайт эгаси ёки блогер ҳамма учун очиқ бўлган ахборотнинг ҳаққонийлигини уни жойлаштиришдан олдин текшириши ҳамда у ҳаққоний эмаслиги аниқланганида жойлаштирилган ахборотни дарҳол олиб ташлаши шарт.

Фойдаланувчилар томонидан қолдириладиган контентни тартибга солувчи норма йўқ. Бироқ веб-сайт эгаси, шу жумладан блогер, ўз веб-сайтидан ёки веб-сайт саҳифаларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилишига йўл қўймаслиги зарур:

- мавжуд конституцион тузумни, Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини зўравонлик йўли билан ўзгартиришга чақириш;
- уруш, зўравонлик ва терроризм ҳамда диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш;
- давлат сирларини ёки қонун томонидан муҳофаза қилинадиган бошқа сирларни ташкил қилувчи маълумотларни ошкор қилиш;
- миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни келтириб чиқарадиган, шунингдек фуқароларнинг ор-номуси ва қадр-қимматини ёки ишдаги обрўсини тўкадиган, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишларига йўл қўядиган ахборотни тарқатиш;
- гиёҳванд воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилиш;
- порнографияни тарғиб қилиш;
- қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликка олиб келадиган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш.

Бундан ташқари, “Ахборот эркинлиги тамойиллари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасига мувофиқ ахборот ҳамма учун очиқ ва ҳаққоний бўлиши керак. Ахборотни бузиб кўрсатиш ва қалбакилаштириш тақиқланади. Оммавий ахборот воситалари ахборот манбаи ва муаллифи билан биргаликда тарқатиладиган ахборотнинг ҳаққонийлиги учун қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади. Шу тариқа, сервис веб-сайт каби сайтга жойлаштириладиган ахборот мазмуни учун жавобгар бўлади.

Бундан ташқари, яқинда жорий этилган интернет-сайтларни блокировка қилиш механизми билан бирга шартли равишда  шарҳлар учун бутун сайтни ҳам блокировка қилиб қўйишлари мумкин. Интернет ресурсларни блокировка қилиш масалалари Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифаларидан фойдаланишни чеклаш тартиби тўғрисидаги Низом  билан тартибга солинади».

Сайтлар қай тарзда блокировка қилиниши ҳақида биз олдинроқ ёзгандик.