Фейсбукдаги пост муаллифи учинчи шахслар қолдирган шарҳлар мазмуни учун жавобгар бўлиши мумкинми? Қисқача юридик таҳлил

Агар “Facebook даги аккаунт эгаси” ва “блогер” тушунчаси ўртасида гипотетик тенглик белгиси қўйилса, унда Ўзбекистонда блогерлар сони 1,6 млн кишидан ошишини расман тан олиш керак бўлади

Кеча Ўзбекистоннинг кўпчилик етакчи онлайн ОАВ ўз саҳифаларида АОКА раҳбари билдирган фикрни, яъни “блогерлар, ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерлар модераторлари ўзлари ёзган маълумотлар остига ёзилаётган давлат ахборот хавфсизлигига таҳдид солувчи бузғунчи шарҳлар, ҳақоратли сўзлар, таҳқирлашлар, ёлғон изоҳлар учун ҳам жавобгар бўлишлари” кераклиги ҳақидаги ахборотни жойлаштирди.
 
Бошқача қилиб айтганда – Facebook ёки бошқа ижтимоий тармоқда шахсий аккаунтига эга бўлган ҳар қандай фойдаланувчи, шунингдек мобил мессенжерда ўз каналини очган шахс юз миллионлаб интернет фойдаланувчиларидан исталган бири томонидан қолдирилган қонунчиликка мувофиқ келмайдиган шарҳ учун жавобгарликка, шу жумладан жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
 
Ҳуқуқнинг сўзсиз устуворлиги ва жамоатчилик одил судга ишонадиган шароитларда бу баёнот бунчалик кўп муҳокамаларга сабабчи бўлмасди, бироқ, кўриб турганимиздай, ушбу мавзу жамоатчилик орасида катта шов-шувни келтириб чиқарди.
 
Ушбу постнинг асосий саволига жавоб бериш мақсадларида “аккаунт эгаси”, “блогер”, “оммавий ахборот воситаси” тушунчаларининг таҳлилини ва уларнинг тавсифини бериш лозим.
 
Бу қанчалик ғалати эшитилмасин, бироқ телефон мессенжерлари ва Facebook каби ижтимоий тармоқларни соф юридик жиҳатдан оммавий ахборот воситаси тоифасига киритиш мумкин эмас, чунки улар камида ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтганлиги ҳақида гувоҳномага эга эмас. Айтгандай, буни ҳақиқатдан ҳам ватанпарвар ва прогрессив интернет ҳамжамият орасида шунчалик фаол қизиқиш уйғотган ўша идоранинг ўзи амалга ошириши керак.
 
“Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуннинг 12-моддасига мувофиқ ОАВ ўз фаолиятини фақат давлат рўйхатидан ўтганидан кейингина амалга ошириши мумкин. 
 
Ўзбекистондаги ОАВ реестри ҳақидаги ахборот эркин интернет тармоғида очиқ эмаслигини ҳисобга олиб,  Фейсбукда ОАВ мақоми борлиги ёки йўқлигини на тасдиқлай оламиз ва на рад эта оламиз, бироқ қўшимча белгиларига (масалан, мамлакат раҳбарларининг аккаунтлари ва давлат органларининг расмий Фейсбук саҳифалари мавжудлигига) қараб биз барибир, умуман олганда, мамлакатимизда Facebook фаолияти қонуний деб ҳисоблашга мойилмиз.
 
“Блогер” тушунчасининг тавсифи “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги ЎзР Қонунининг 3-моддасида ўз аксини топган, бу: Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа хусусиятга эга ахборотни жойлаштирувчи, шу жумладан ахборотдан фойдаланувчилар томонидан ушбу ахборотни муҳокама қилиш учун жойлаштирувчи жисмоний шахс.
 
Ушбу тавсифда қонун чиқарувчининг веб-сайт ёки веб-сайт саҳифаси блогерга тегишли бўлиши кераклигига ишора муҳим ҳисобланади. Айнан “тегишли бўлиши”, яъни блогер “ўз саҳифаси”ни ўз ихтиёри ва хоҳишига кўра бошқариш учун юридик ва амалий имкониятга эга бўлиши зарур (таъриф Қонундан олинган). Бироқ Фейсбук фойдаланувчилари ўз “шахсий аккаунтига” фақат Фейсбук веб-саҳифасининг алоҳида таркибий қисми сифатида эгалик қилиш ва бошқариш имконига эга, улар ижтимоий тармоқдаги бутун бир саҳифага эгалик қилолмайди.
 
Агар “Facebook даги аккаунт эгаси” ва “блогер” тушунчаси ўртасида гипотетик тенглик белгиси қўйилса, унда Ўзбекистонда блогерлар сони 1,6 млн кишидан ошишини расман тан олиш керак бўлади, ўтган йили Facebook да айнан шунча ўзбекистонлик фойдаланувчи қайд этилган.
 
“Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг 12 (1)-моддаси 2-қисмига мувофиқ, блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни жойлаштиришдан аввал унинг тўғрилигини текшириши, шунингдек жойлаштирилган ахборотнинг нотўғрилиги аниқланган тақдирда уни дарҳол ўчириб ташлаши шарт  эканини ҳам қайд этиш жоиз. Бунда “…жойлаштиришдан аввал унинг тўғрилигини текшириши” сўзларига эътибор беринг.
 
Ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлар эгалари, постлар ва материалларнинг муаллифлари тармоқ фойдаланувчилари қолдирган шарҳларнинг мазмунини улар муҳокама қилинаётган материал остига жойлаштирилишидан ёки чоп этилишидан олдин текшириш учун одатда на юридик мажбуриятга, на техник имкониятга эга бўлади. Муаллифларда телепатик ёки экстрасенсорлик қобилиятларнинг борлиги ҳам ижтимоий тармоқларда шахсий аккаунтларни яратиш учун мажбурий талаб ҳисобланмайди. Мен ҳам ушбу пост остига қўйиладиган шарҳларнинг батафсил мазмунини олдиндан айтиб бера олмаслигимни виждонан тан оламан.
 
Шунга кўра, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонунга амал қилмаганлик учун кўзда тутилган юридик жавобгарлик чоралари процессуал тарзда Facebook аккаунтининг эгасига нисбатан қўлланиши мумкин эмас, ҳарҳолда кўриб чиқилаётган қонун руҳи ва маъносидан келиб чиқадиган даражада.
 
Бироқ, агар биз қонунчиликка мувофиқ келмайдиган материаллар ва уларга шарҳларнинг ОАВда жойлаштирилиши ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ерда ҳақиқатдан ҳам блогерлар, журналистлар, муҳаррирлар ва ҳоказолар, шубҳасиз, материалларнинг мазмуни ва ушбу интернет ОАВнинг веб-саҳифаларидаги фойдаланувчиларнинг фаолияти учун жавобгар бўлиши керак.
 
Хулоса
 
Қонунчилигимиз макаммал эмас, у иқтисодий ва ижтимоий воқеликлар, глобаллашув жараёнларидан мутлақо ортда қолган. Лекин миллий ва диний низоларни, жамиятнинг сиёсий беқарорлигини келтириб чиқаришга ёки бошқа ноқонуний ҳаракатларни тарғиб қилишга йўналтирилган элементларнинг (уларнинг рўйхати ҳаммага маълум) пайдо бўлишига йўл қўймаслик бизнинг фуқаролик бурчимиздир.
 
Шунингдек, жаноб Алламжоновнинг “мамлакатимизда сўз ва фикр эркинлиги, қонун устуворлигини таъминлаш учун ахборот соҳасидаги турли носоғлом тенденцияларга қарши биргаликда ҳаракат қилиш” ҳақидаги чақириғини қўллаб-қувватлашни ҳам муҳим деб ҳисоблайман.
 
Муҳаммадали Махмудов, ҳуқуқшунос

Бундан олдин ўқувчиларимизга бошқа ҳуқуқшунос Мадина Турсунованинг шу мавзу бўйича фикрини тақдим этган эдик.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.