Журналист Бахтиёр Насимов фотосуратга олиш ва унга қўйилган тақиқлар ҳақидаги материални чоп этди. Қуйида унинг матнини келтирамиз.  

«International Hotel Tashkent меҳмонхонасида ўтказилаётган чеварлик кўргазмасидан чиқдим, кўчада ёмғир ёғяпти. Тез қадамлар билан бекатга қараб юрдим. Ёмғир тинмаяпти, асфальт сувдан ялтирайди, чинор дарахти остида эса деярли текис айлана кўринишида қуруқ жой бор эди. “Буни қара-я, чинордан ажойиб соябон чиқибди”, - деган сўзлар хаёлимдан ўтди, уни телефонимга суратга ола бошладим: вертикал кадрни олиб, экранга қарадим – кўриниш яхши чиқмабди. Горизонтал кадрни олдим. Шу пайт олдимдан милиционер чиқди.  

– Суратга олишга сизга ким рухсат берди?

Бу ҳолатга худди олдин ҳам тушгандай эдим. 2009 йил 15 август. Юнусобод, Универсам, бозор. Нон, шафтоли харид қилдим, бозорда сотилаётган малина ва смородина меваларига маҳлиё боқиб, уларни суратга олишга қарор қилдим. Шу заҳоти олдимга иккитаси келди:

– Суратга олишга сизга ким рухсат берди?

Ҳақиқатан ҳам: дарахтни суратга олишга ким менга рухсат берди? Ёмғирни-чи?

Ўзи Тошкентда суртага олишга ким рухсат беради? Тақиқлашга-ку ҳамма уста: милиционерлар, автоинспекторлар, ресторан ва супермаркет қўриқчилари, назоратчилар ва қоровуллар.

Бу сўзларни ёзишдан олдин ўқувчиларимдан ўзларининг бу борадаги тажрибаси билан ўртоқлашишини илтимос қилдим.

Khurshid Z. унга Тошкентдаги Халқаро форумлар саройини суратга олишга рухсат беришмаганини ёзди. Екатерина Т. ва Мар ат М.га ҳам бу ерда суратга олишни тақиқлашган экан.
Анжелика Т.ни Ўзэкспомарказ ҳудудида суратга олаётганида тўхтатишган.
Davron A. телеминора ёнидаги машиналар тўхташ жойини суратга ололмаган.
Vgnckshv Rvlvch - Сайилгоҳ кўчасида суратга олишни тақиқлашга уринишган.  
Марат М.га Навоий кўчасидаги янги қурилган уйларни суратга олишга рухсат беришмаган.
Sardor I. Самарқанддаги Регистон майдонини видеокамерага тушира олмаган.
Рустам Б.га эса пул бермагунича Анҳор бўйида расм чизишга рухсат беришмаган.  

Ўқувчиларнинг ёзишича, келин-куёвлар фотосуратга тушадиган “Жасорат монументи”, “Самарқанд  Дарвоза” савдо-кўнгилочар маркази ва “Premier  Hall Cinema”кинотеатри ҳам шундай тақиқлар сирасига тушган. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
    
Олий Мажлис Сенати биносини яқинидан кўрмаганман, суратга олиш ҳақида-ку гапирмасаям бўлади – турган-битгани бош оғриғи эканини олдиндан айтишим мумкин. Олий Мажлис биноси 5000 сўмлик қоғоз пулда тасвирланган, лекин бу кадрни такрорлашга рухсат беришлари даргумон. Нукусда маъмурий биноларни суратга олишни тавсия этишмайди. Ғарб мамлакатларидаги метроларни суратга олиш қай даражада тақиқлангани унчалик эсимда йўқ, ғоят гўзал Тошкент метросида эса суратга олиш мумкинмас. Лекин негадир Интернет метронинг фотосуратларига тўлиб кетган.  
 
2005 йил май ойида Вашингтон марказидаги Пенсильвания авенюда жойлашган «The J. Edgar Hoover Building. Headquarters of the Federal Bureau of Investigation» деган узун ёзувли бино олдига келиб қолгандим. Эдгар Гувер номидаги бинода жойлашган ФТБ қароргоҳи экан. Полициячи аёл формада турибди. “Кечирасиз, сизни суратга олсам майлими?”, - деб сўрадим.
 
 «Марҳамат», – деди у.

Бу ерда эса маҳалладаги милиция таянч пунктини ҳам суратга олишга таваккал қилмасдим. Ҳозир “тили куйган” тошкентлик сураткашлар фотоаппаратларини ортиқча чиқариб ўтиришмайди. Бугун, Google Ер Сайёраси орқали ҳар бир бинони кўриш имконияти бўлган бир пайтда бундай тақиқлардан маъни бормикан? Балки тақиқларни олиб ташлаш, биноларимизни, одамларимизни ва чиройли метромизни кўпроқ суратга олиш керакдир. 2012 йил ёзида Тошкент аэропортида ҳамма “Боинг Dreamliner-787”ни суратга олди-ку. Демак, аэропортда суратга олиш унчалик ҳам қўрқинчли эмас экан-да?     
 
Шу ўринда Тошкент ва Ўзбекистондаги бошқа шаҳарлар ҳокимиятларига мурожаат қилишни истардим: суратга олиш мумкин бўлмаган жойларнинг рўйхати кўрсатилган ҳужжатни чиқаринг. Уни ҳокимият сайтларига жойлаштиринг. Биз уни қоғозга чиқариб, ёнимизда олиб юрамиз. Мен ўзим ҳамма нарсани – Сенат ва Олий Мажлис бинолари, метро ва ресторанлар, бозорлар ва музейларни суратга олиш тарафдориман.
 
“Бирор гап чиқиб қолмасин” деб қўрқмасдан, олам учун очиқ бўлиш керак. Дунё бизни кўрсин, билсин ва севсин».