Доим давлат харидларини оладиган «12-Трест»

Источник: president.uz

«12-Трест» акциядорлик жамияти илгари Тошкентда маъмурий бинони реконструкция қилишга 431,5 млрд сўмлик, Ислом тамаддуни марказини қуришга 1,7 трлн сўмлик давлат харидларини олган. Худди шу компания Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биносининг фасадини реконструкция қилишга ва бинонинг ўзини таъмирлашга тендерсиз 16,5 млрд сўмлик давлат буюртмасини олган.

«12-Трест» жамиятининг акциядорлари орасида Ўзбекистон қурилиш вазирининг ўғли ва рафиқаси кўрсатилган. Вазир Ботир Зокиров ушбу компанияда унинг яқинлари ишлашини тасдиқлади, бироқ «12-Трест»ни имижи ва 40 йилдан ортиқ тарихи учун танлашларини таъкидлади. Хўш, акциядорлик жамияти яна қандай давлат харидларини олган?

Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиали клиникаси биноларини қуриш ва реконструкция қилиш

2020 йил 20 февралдаги пудрат шартномасига мувофиқ, қурилиш ва реконструкция қилиш суммаси 85 млрд сўмни ташкил қилган. Молиялаштириш манбаи – давлат бюджети. Пудратчи сифатида «12-Трест» АЖ, пудратчининг ижрочиси сифатида эса «12-Трест» АЖнинг 65-қурилиш бошқармаси чиқди.

«12-Трест» АЖнинг 65-ҚБ – бу давлат корхонаси. Устав жамғармаси – 2,8 млн сўм, асосий фаолият тури – тураржой биноларини қуриш. Раҳбарлар – Холов Комил Исомович, Н.Д Толипов.

Тошкентдаги “Ўзбекфильм” АЖ бинолари ва иншоотларини реконструкция қилиш

Буюртмачи сифатида Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” чиққан. 2016 йил 19 сентябрдаги пудрат шартномасига кўра, реконструкция суммаси 92 млрд сўмни ташкил қилган, 2020 йил 7 июлдаги қўшимча келишувда эса ушбу сумма 106,7 млрд сўмгача ошган.

«12-Трест» АЖнинг ижрочи пудратчиси сифатида ҳам «12-Трест» АЖнинг 65-ҚБ чиққан.

Дават харидлари порталида “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисидаги масалалар бўйича йиғилишнинг 2016 йил 12 августдаги баённомасини кўриш мумкин. Йиғилиш ўша пайтда бош вазир бўлган Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган, унда бош пудратчи сифатида 12-Трест белгиланган. Шунингдек йиғилишда бош вазир ўринбосари Ботир Зокиров ҳам қатнашган.

Тошкентнинг Олмазор туманидаги Қорақамиш кўчасида жойлашган “Ғалаба боғи” мажмуи қурилиши

Давлат харидлари порталининг маълумотларига кўра, мажмуа қурилиши 225 млрд сўмга тушган. Буюртмачи сифатида Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” чиққан. Пудратчи – «12-Трест», пудратчининг ижрочиси сифатида «12-Трест» АЖнинг 2-КМК белгиланган. Охирги корхона ҳақида очиқ маълумотларни топиш имкони бўлмади.

2019 йил 23 августда мамлакат бош вазири Абдулла Арипов раислигида йиғилиш ўтказилди, унда ҳам Ботир Зокиров қатнашди.

Олмазор туман ҳокимлиги ҳудудида Собир Раҳимов монументини тиклаш ва туташ ҳудудни ободонлаштириш

2020 йил 3 июндаги пудрат шартномасига қўшимча келишувга мувофиқ шартнома суммаси 1,4 млрд сўмни ташкил қилган. Бунда монументнинг ўзи 2018 йил май ойида тантанали равишда очилган.

Пудратчи сифатида «12-Трест» АЖ, пудратчининг ижрочиси сифатида эса «12-Трест» АЖнинг 2-КМК чиққан.

Давлат харидлари порталидаги ҳужжатларда бош вазир Абдулла Арипов раислигида ўтган 2019 йил 7 июлдаги йиғилиш баённомаси мавжуд. Йиғилишда Ботир Зокиров ҳам қатнашган.

Тошкентдаги Л.Б.Шастри бюстини реставрация қилиш ҳамда туташ ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш

2019 йил 4 ноябрдаги пудрат шартномасига кўра ишлар 1,2 млрд сўмни ташкил қилган. Пудратчининг ижрочиси – «12-Трест» АЖнинг 65-ҚБ.

Бу ерда ҳам ҳужжатларда бош вазир Абдулла Арипов раислиги остида ўтган 2019 йил 7 июлдаги йиғилиш баённомаси мавжуд. Йиғилишда шунингдек Ботир Зокиров ҳам қатнашган.

Тошкентнинг Олмазор туманидаги Сағбон кўчасида жойлашган ҳайкал атрофидаги ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш

2019 йил 1 февралдаги пудрат шартномасига кўра ишлар қиймати 785 млн сўмга баҳоланган. «12-Трест» АЖнинг 65-ҚБ пудратчининг ижрочиси сифатида чиққан. Молиялаштириш ишлари Тошкентнинг Сирғали туманидаги “Чоштепа” маҳалла фуқаролари йиғинида жойлашган уйларни сотишдан тушган маблағлар ҳисобидан амалга оширилган.

Ҳужжатларда бош вазир Абдулла Арипов раислигида 2019 йил 7 июлда ўтказилган йиғилиш баённомаси мавжуд. Шунингдек йиғилишда яна Ботир Зокиров ҳам қатнашган.

Шу тариқа, давлат харидлари маълумотларига кўра, шартномалар суммаси 420 млрд сўмни ташкил қилган.

Шу йил май ойида Коррупцияга қарши курашиш бўйича агентлик директори Акмал Бурхонов қурилиш вазири Ботир Зокиров ва «12-Трест» қурилиш компанияси билан боғлиқ вазиятда манфаатлар тўқнашуви мавжудлигини тасдиқлаганди.

«Биз, албатта, «12-Трест» бўйича вазиятни ўрганяпмиз. Дастлабки ўрганиш ишларига кўра, агар адашмасам, тўғридан-тўғри шартномалар асосида тахминан 5 трлн сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилган. Афсуски, бу ерда ҳам, кўп ҳолларда, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган. Бироқ [қонунчиликда манфаатлар тўқнашуви учун] жавобгарлик йўқлиги ҳақидаги масала кўндаланг бўлмоқда», — деганди у.

Шу йил апрель ойида депутат Расул Кушербаев ҳам Ўзбекистон қонунчилигида манфаатлар тўқнашуви учун “ҳозирча жавобгарлик йўқ”лигини билдирди. “Бу нотўғри, аммо уни [жавобгарликни] ҳозир жорий этмоқчимиз. Бу борада ишлаяпмиз” – деди у.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.