Грузинчасига севиш

КНАУФ компанияси томонидан Ўзбекистонда  ташкил қилинган Me’mor//2021 меъморчилик танлови доирасида Давид ўз ҳамкасбларига “Қандай қилиб эски шаҳарга мос тушиш ва унинг руҳини сақлаш мумкин” мавзусида иккита лойиҳани тақдим этди. 

Тбилиси шаҳри бу ерда бўлган ҳар бир кишини ҳайратга солади. Унинг замонавий меъморчилик тарихи 19 аср охири – 20 аср бошида бошланган. Шаҳар ана шу даврда ўсиб ривожланди, ўрта асрларда дунёга келган, қалъа девори билан ўралган шаҳар марказида энди жой етмай қола бошлаганди.  Бадавлат кишилар, буржуазия вакиллари, савдогарлар, зиёлилар энди эски, қоронғи уйларда яшашни истамасди, улар ғишдан бунёд этилган кенг замонавий бой уйларни, маданият объектларини ва кўчаларни хоҳларди.  Шу тариқа Озодлик майдони ва у бўйлаб князлар ва банкирларнинг хушманзара иморатлари пайдо бўлди. Иқтисодиёт билан бирга шаҳар маданияти ҳам ривожлана бошлади, Опера театри, дворянлар мактаби, университетлар, хиёбонлар барпо этилди.

1960 йилда Тбилисида метро пайдо бўлди. Бу шаҳарнинг совет даври тарихи ҳам жуда бой, шаҳарликларнинг ўз тарихининг етмиш йилини ўчириб ташлашга уринмаяпти. Бир вақтлар Озодлик майдонида қизиқарли совет биноси турарди, унинг ўзига хос томони шунда эдики, бино қуббасининг остида метро бекати жойлашганди.

Эски универмаг

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида шаҳар марказидаги универмаг таназзулга учради, шаҳар аҳолисини пойтахнинг қоқ юрагида жойлашган ташландиқ объект жуда ташвишлантирарди. 2012 йилда уни тиклашга – реставрация қилиб, таъмирлашга уриниб кўришди, бироқ икки йилдан сўнг бу ғоядан воз кечишга тўғри келди. Бино ҳаддан ташқари яроқсиз, айрим жойлари авария ҳолатида бўлиб, замонавий муҳандислик талабларига жавоб бермасди.

Шунда The Architects архитектура идораси ишни ўз қўлига олади. У ўз олдига бинони қуршаб турган дарахтларни, уйларни шикастламаган ҳолда бузиш мақсадини қўяди. Бино пойдеворини бузиб ташлашнинг имкони йўқ эди, бу ҳам меъморларнинг хаёлий ғояларини қатъий доира ичига солиб қўяди. Энг асосийси эса – метро бир сонияга ҳам ўз фаолиятини тўхтатмади.

Қурувчилар ақл бовар қилмайдиган усулларни ихтиро қилган ҳолда ишлаб турган механизм устида бунёдкорлик ишлари билан шуғулланди. Ҳозир бу бино – шаҳарликларнинг фахри. Меъморлар эски бинода бўлган атриумни, ички ҳовлилар ва вертикал боғларни қолдиришган. Улардан ташқари, Грибоедов театри, меҳмонхона ва бизнес-марказни ҳам объект ичига киритишди. Бу ерда вертикал боғ шунчаки декоратив ечим эмас, балки қўшни бинонинг деворини ушлаб турувчи конструкция ҳисобланади!

У жуда бежирим услубда бажарилган, ортиқча нарсанинг ўзи йўқ – кўзни ҳеч нима чарчатмайди. У гўёки тенг сатҳларда парвоз қилаётганга ўхшайди, кўп тоннали кублар ўзаро енгил, худди ўйнаётгандай боғланган.

Қизиғи шундаки, буюртмачи деворларда дарахтларнинг сояларини акс эттирувчи принтлар бўлишини хоҳлаганди. Аммо меъморлар уни бу ғоядан қайтаради, чунки дарахтлар шундоқ ҳам бино деворларига соя ташлаб турарди, соялар ўйнаб туриши учун эса фақат тегишли ранг ва материал танланса бўлгани.

Ҳеч қандай сохталиксиз

Бу жуда қизиқарли эди. Ҳеч қандай сохталиксиз ва сунъийликсиз, – дейди компания ҳамкори  София Гасвиани,  бу ижодкор одамлар ана шу шиор остида ишлайди. Гўёки бино бир умр шу ерда тургандай, ўзи ердан ўсиб чиқиб, эски шаҳарнинг гўзал меъморий дурдоналари учун фонга айлангандай.

Иккинчи лойиҳа ҳам худди шу тамойил бўйича яратилди – Шота Руставели кўчасидаги  IOTA меҳмонхонаси. Уни бузишнинг иложи йўқ эди, чунки эски уйлар унга ҳаддан ташқари яқин турарди. Шунда архитекторлар реновация қилишга, яъни уни таъмирлаб ичини замонавий, ташқи томонини эса уйғун ва ўзига хос тарзда бажаришга қарор қилишади.  Бинонинг вазифаси эски шаҳар учун фонга айланиш эди, ҳа, ўзини кўрсатиш эмас, балки атрофдаги архитектурани тўсиб қўймаслик, сояда қолдирмаслик ва шу билан бирга, ҳақиқатдан ҳам оддий қора либос кийса ҳам ҳеч қандай безакларсиз кўзни қамаштирадиган грузин гўзали сингари кўркам  бўлиш эди.

Меъморлар бу бино учун садаф-кулранг совуқ рангни, иккита – тўқ ва оч тонни танлашди ва, кутилмаганда,  уни мис кесакиларга эга деразалар билан безашди. Қисқа вақт ичида кесакилар қорайиб, олижаноб ва тугал кўринишга эга бўлди.

Яна бироз муҳаббат ҳақида

Барқарор архитектура – бу муҳаббат. Ҳақиқий меъморлар – бу ўз шаҳрининг ҳар бир тошини, унинг ҳар бир қиррасини севувчи кишилардир. Архитектура бу пул ҳақидаги мавзу эмас, бу камида икки юз йил  илгарилаш  дегани,  сенинг ижод асаринг шаҳарнинг ҳақиқий безагига, тарихий бойлигига айланиши ёки айланмаслиги, уни ҳам бирор меъмор сенгача барпо этилганларни сақлагани каби авайлаб асраши ёки асрамаслиги сенга боғлиқ.

Ёши икки минг йилдан ошган шаҳарлар доим эклектик бўлади, яъни уларда кўплаб маданий қатламларни кўриш мумкин, улар ана шуниси билан мафтункордир.  Янги биноларни шаҳар асосига жуда эҳтиётлик ва ҳурмат билан мослаб қуриш лозим, буни фақат туғма меъмор бўлсанггина ва ҳукумат ҳамда шаҳарликлар сенга ишонсагина уддалаш мумкин.

Бир нарсани доим эсда тутайлик, бинони бузиш учун кўп вақт керакмас – мана у бор эди, энди эса йўқ, лекин ҳар сафар шаҳарнинг кўркамлигидан бир парча узиб олинади, уни эса ҳеч нима билан,  замонавий марказлар билан ҳам, осмонўпар бинолар билан ҳам тўлдириб бўлмайди.

 

Давид Долидзенинг маҳорат дарсига ҳавола https://youtu.be/cqvZsmqjLds

Танловга аризани ушбу ҳавола бўйича бериш мумкин: https://memor2021.uz

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.