Хусусий бандлик агентликларининг фаолиятига нима тўсқинлик қиляпти?

Источник: unsplash.com

2021 йил 7 декабрь куни Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўша пайтда мавжуд бўлган барча олтита хусусий бандлик агентлиги (ХБА)нинг лицензияларини қўшимча 212 миллион 500 минг сўм маблағ киритмагунча вақтинчалик тўхтатиб қўйди. Мазкур қарорга асос сифатида вазирлик томонидан 2021 йил 1 сентябрдан иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдорини ўртача 10 фоизга ошириш тўғрисидаги Президент қарори кўрсатилган.

“Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, лицензия олгандан сўнг ҳар бир хусусий бандлик агентлиги томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасига захирадаги маблағлар сарфланган тақдирда маблағларни тўлдириш шарти билан 8500 БҲМ миқдорида маблағ киритилади. Шундай қилиб, ҳар бир ХБА лицензия олгач, жамғармага 2 миллиард 82 миллион 500 минг сўм маблағ киритган.

Орадан бир йил ўтмай, 2022 йил июль ойида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Президентнинг 1 июндан ойлик иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдорини ўртача 12%га ошириш тўғрисидаги фармонига асосланиб, Жамғармага яна 255 миллион сўм ўтказишни талаб қилди.

Мазкур талаб “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 13-моддасига зид ҳисобланади, чунки ХБА томонидан лицензия олиш чоғида Жамғармага киритилган маблағлар захирада қолдирилган маблағлардан фойдаланилиши шарти билангина тўлдирилади. Бироқ, бирортаям ХБА ушбу жамғармада ўз маблағларининг сарфланишига йўл қўймаган.

Жамғарма хусусий агентликларнинг пул маблағларини тижорат банкларининг депозит ҳисобварақларида сақлайди. Марказий банк томонидан берилган расмий маълумотларга кўра , тижорат банклари ушбу депозит қўйилмалари бўйича 23% гача фоиз кўринишидаги даромадни тўлайди.

Шундай қилиб, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамғарма ҳар бир хусусий агентлик томонидан киритилган ва мазкур жамғармага захирага қўйилган маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан 23% гача даромад олади.

Президентнинг 2022 йил 20 майдаги “Иш ҳақини ошириш тўғрисида”ги қарори билан 2022 йил 1 июндан бошлаб БҲМ салкам 10 фоизга оширилди. Шундай қилиб, Жамғарма ушбу Жамғармада сақланадиган хусусий агентликлардан олинган маблағларни жойлаштиришдан йиллик даромаднинг 23% гачасини олади, бу маблағлар билан у 2022 йил 1 июндан бошлаб нафақат БҲМнинг салкам 10% ни тўлиқ қоплайди, балки, жамғарма фойдасига банк омонатлар бўйича фоизлар кўринишида камида 10 фоиз даромад ҳам олади.

Хусусий бандлик агентликлари томонидан жамғармада захира қилинган маблағлар миқдорининг ҳар йили ортиб бориши уларга ортиқча молиявий юкни юкламоқда.

ХБА фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларида зиддиятлар мавжуд. Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомнинг “Лицензиялаш талаблари ва шартлари” бўйича 2-боби 5-моддаси (Ўзбекистон Республикаси 2018 йил 12 сентябрдаги 725-сонли ВМҚга 1-илова) “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 13-моддасига зид бўлиб, унда Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматларни кўрсатиш учун ХБА ўз маблағларини Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги жамғармада 8500 та БҲМ миқдорида, захирадаги маблағ сарфланган тақдирда, маблағларни тўлдириш шарти билан захирага қўйишлари белгиланган.

Устуворликка кўра, қонуности ҳужжатларини қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш ва қонуности ҳужжатларининг тадбиркорликка зарар етказувчи мантиққа зид бўлган бандини бекор қилиш зарур.

Ушбу қоида қонуности ҳужжатига “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинишидан олдин киритилган эди. Юридик амалиётга кўра, “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинганидан сўнг қонуности ҳужжатининг кўрсатилган қоидаси қабул қилинган қонунга мувофиқлаштирилиши керак эди. Бироқ, бу амалга оширилмади.

Юридик жиҳатдан охиригача ишланмаган ҳужжатлар натижасида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамғармага ҳар йили бир неча юз миллион сўм миқдорида қўшимча тўлов тўлаш талаби хусусий агентликлар учун оғир юк бўлиб қолгани сабабли хусусий бандлик агентликлари зарар кўрмоқда.

ХБА томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси , Олий Мажлис Сенати, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги, Бизнес-омбудсман, Савдо-саноат палатаси, Ҳисоб палатасига шикоят аризаси юборилди, аммо ҳозирча жавоб йўқ.

Норматив-ҳуқуқий базани тартибга солиш, қонуности ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш зарур. Шунда Ўзбекистон хусусий бандлик агентликлари шу соҳада фаолият юритиш учун нормал шароитга эга бўлади, ишсизлик муаммоларини ҳал этишга ўз вақтини, кучини ва молиявий ресурсларини сарфлайди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан эълон қилинган маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг иқтисодий фаол аҳолиси орасида ишсизлар сони 9,2 фоизни ташкил этади. 1,4 миллион ўзбекистонлик ишга муҳтож. Ёшлар (16-30 ёшлилар) орасида ишсизлик 14,9 фоизни, аёллар орасида 12,8 фоизни ташкил қилади.

Президент Шавкат Мирзиёев “Биз учун ҳар бир иш жойи муҳим. Инсоннинг бандлиги оиласининг фаровонлиги, эртанги кунга бўлган ишончи, давлатгабўлган  ишончи ортиши учун асос бўлиб хизмат қилаётгани учун камида икки кишини иш билан таъминлаган ҳар бир тадбиркорга миннатдорчилик билдиришга тайёрмиз” дея бир неча бор таъкидлаганди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг маълумотларига кўра, меҳнат муҳожирларининг аксарияти Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги давлат унитар корхонаси хизматларидан фойдаланмайди. Жорий йилда мазкур агентлик 8 мингдан ортиқ одамни ишга жўнатган бўлса, Ўзбекистондан хорижга кетган меҳнат муҳожирларининг сони қарийб 3 миллион кишини ташкил этади.

Хусусий бандлик агентликлари Ўзбекистондан меҳнат муҳожирларини Европа мамлакатларига, Японияга, Яқин Шарқнинг бой мамлакатларига жўнатиш ва уларни сифатли, яхши ҳақ тўланадиган ва хавфсиз ишларга ишга жойлаштиришга ихтисослашган.

Хусусий бандлик агентликлари фаолиятини давлат томонидан рағбатлантириш, улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасидаги дастур ва лойиҳаларни амалга оширишда уларнинг иштирокини кенгайтириш чора-тадбирларини кўриш, уларнинг ташкилий, ҳуқуқий ва меҳнат фаолиятини ошириш бўйича ишларни қўллаб-қувватлаш меҳнат муҳожирлари оқимига – ўн минглаб ишсизларга иш топишда самарали ёрдам беради. Бундай ёрдам давлатдан молиявий харажатларни талаб қилмайди ва мамлакатда давлат харажатларини оптималлаштириш қарорига мос келади.

Алишер Муҳамедов,

фуқаролик жамияти, меҳнат ва бандлик масалалари бўйича эксперт;

Халқаро прокурорлар ассоциациясининг аъзоси,

катта адлия маслаҳатчиси, юридик фанлар номзоди,

ТДСИ Халқаро факультетининг ижтимоий фанлар кафедраси доценти

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.