Нега Тошкентда совет модернизмини сақлаб қолиш муҳим

Нега Тошкентда совет модернизмини сақлаб қолиш муҳим

Тошкентдаги совет архитектураси байналмилал модернизм архитектурасини яратишга ижобий мисол сифатида мамлакат ташқарисида ҳам машҳур. Совет даври меросини бузиб ташлаш шаҳарни маданий қатламдан маҳрум қилиши мумкин. Ўзбекистон совет меъморчилигини ўрганиш ва муҳофаза қилиш бўйича халқаро мустақил комиссияни ташкил қилиши зарур. Бу ҳақда Anhor.uz мухбири билан суҳбатда Германия ва Россиянинг таниқли архитектори Сергей Чобан сўз юритади.
 
Сергей Чобан ўзининг ноёб лойиҳалари ва алоҳида дизайнерлик қараши билан бутун дунёга таниқли. Унинг халқаро реномега эга бўлган модернизм услубидаги бинолари аҳамиятли, мураккаб, сирли, провокацион ва чуқур бадиий деб тан олинган. Унинг лойиҳалари орасида Москва-Ситидаги “Федерация” минорасини, Петербургдаги Экспофорумни, Яҳудийлар маданий маркази ва синагогани, Қозондаги сув спорти  саройини, DomAquaree кварталини, Расмлар музейини, Берлиндаги Coca-Cola қароргоҳини кўрсатиб ўтиш мумкин.

Сергей Чобан ҳали Ўзбекистонда бўлмаганига қарамасдан, Тошкент меъморчилиги нимаси билан машҳурлигини ўз кўзлари билан баҳолашга улгурди. Унинг сўзларига кўра, ўз ҳамкасбларидан шаҳримиз ҳақида кўп эшитган, Тошкент архитектурасига бағишланган китобларни ва тадқиқот ишларини ўқиган.

«1966 йилги зилзиладан кейин шаҳарни тиклашда Иттифоқнинг турли бурчакларидан келган архитекторлар ва қурувчиларнинг кучи билан Тошкент қиёфаси тубдан ўзгарди. Ўшанда Тошкент меъморчилигида тарихий меросни замонавий уй қурилиши имкониятлари билан боғлаган ҳолда ғаройиб усуллар қўлланди. Бу жуда қизиқарли тажриба эди, у Тошкент чегарасидан анча узоқларга чиқди. Агар бу мерос йўқ қилинса, тузатиб бўлмас зарар кўрилади. Чунки сўз шунчаки совет даври биноларини бузиш ҳақида кетаётгани йўқ. Тошкент лойиҳалари совет даврининг бошқа қурилмаларидан ўзига хос архитектура қатламлари ва бетакрорлиги билан ажралиб туради», – дейди архитектор.  

Сергей Чобаннинг таъкидлашича, бугун урушдан кейинги архитектура модернизмини сақлаш муаммоси нафақат МДҲ мамлакатлари, балки Европа учун ҳам долзарб ҳисобланади.

«1950-70 йилларда қурилган архитектура иншоотларини сақлаш мавзусидаги баҳс-мунозаралар МДҲдан анча узоқда ҳам бормоқда. Масалан, мен фаолият кўрсатаётган Берлин шаҳрида ҳам ГДР меъморчилиги намуналарини бузиш ҳолатлари юз бермоқда. Уларнинг сақлаш ташаббуси билан чиқиш учун бу ердаги қурилмаларнинг тарихий мазмунини эслатиб ўтишга тўғри келмоқда. Айтиш жоизки, ўз вақтида Тошкент ундан ҳам узоқроққа бора олди, чунки бу ерда ғаройиб монументал санъат намоён бўлди, бу эса архитектура тарихи ва шаҳар маданиятининг муҳим қисмига айланди. Шу боис Ўзбекистон реновация масалаларига жуда эҳтиёткорлик билан ёндашиши керак. Айрим Тошкент лойиҳаларида Американинг даҳо архитектори Луис Каннинг услуби кўзга ташланади. Албатта, масофадан туриб гапириш қийин, аммо менг кўрган фотосуратларга қараганда, аркалар ва орнаментал панжаралар ёрдамида бажарилган деворлардаги осма лоджияли панел уйлар ғаройиб тарзда лойиҳалаштирилган», – дейди эксперт.

Сергей Чобаннинг фикрича, совет даври меросини йўқ қилиш муаммоси кўплаб мамлакатлар учун долзарб бўлишига қарамасдан, ҳар бир шаҳар ва ҳар бир бино индивидуал ўрганишни талаб қилади. Бу масалада универсал ёндашув йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас.

«Баъзида у ёки бу бинода содир бўлган тарихий излар ва воқеалар бадиий пардоздан кўра муҳимроқдир. Масалан, ҳозир мен Германияда ГДР даврида телефон кичик станцияси жойлашган бинони сақлаб қолишга уриняпман, бу ерда ҳукуматлар раҳбарлари бошқа социалистик мамлакатлардаги ўз ҳамкасблари билан телефон суҳбатларини қурган. Уўбу кичик станция бадиий нуқтаи назардан ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас, аммо ушбу объектнинг тарихий қийматини ҳисобга олмасдан ҳам бўлмайди. Шу боис ҳар қандай қурилмани бузиш ҳақида қарор қабул қилганда, ушбу жиҳатларга эътибор қаратиш лозим», – деб ҳисоблайди Сергей Чобан. 

«Оммавий тарзда бузиш бизни бошқа бирор нарса билан тўлдириб бўлмайдиган маданий қатламдан маҳрум этишини тушуниш муҳим. Тошкент билан боғлиқ ҳолатда бу тасаввур қилиш икки карра қийин, чунки тураржой ва маданий объектлар анфақат совет даврининг жонли тарихи сифатида, балки байналмилал аҳамиятга эга архитектура намуналари сифатида ҳам қийматга эга. Махсус нашрлар ва ОАВда Тошкентга халқаро модернизм архитектурасини яратишга ижобий намуна сифатида қаралиши ҳақида сўз борадиган кўплаб мақолаларни топиш мумкин. Бу билан фахрланиш керак», – дея қайд этади Сергей Чобан.  

Архитекторнинг фикрича, Ўзбекистон совет архитектурасини ўрганиш ва муҳофаза қилиш бўйича халқаро мустақил комиссияни ташкил қилиши зарур.

«Комиссия албатта архитекторлар, санъатшунослар ва тарихчилардан иборат бўлиши керак. Унинг вазифаси сақланиб қолган совет модернизмининг шаҳар муҳити элементларидан қайси бири муҳофаза қилинишга эҳтиёжи борлигини аниқлаш, барча биноларнинг техник ҳолатини аниқлаш, бадиий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган қурилмаларни белгилаш, ансамблнинг бир қисми сифатида сақланиши мумкин бўлган участкаларни аниқлаш ва уларни муҳофаза қилишдан иборат бўлади. Ёмон ҳолатда бўлган ва тикланмайдиган объектларни бузиш мумкин. Аммо, яна такрорлайман, бу индивидуал ва яхши ўйланган қарор бўлиши керак. Умумий ансамблни бузмаслик учун янги қуриладиган биноларни тарихий совет қурилмалари зонасига эҳтиётлик билан киритиш ҳам жуда муҳим», – дея хулоса қилади Сергей Чобан. 
 
Элина Рустамова

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.