Нега ўзбекистонликларга бегона ҳарбий амалиётларда қатнашиш мумкин эмас? Ҳуқуқшунос билан муҳокама қиламиз

Источник: rawpixel.com

Оммавий ахборот воситаларида вақти-вақти билан ўзбекистонликлар Россиянинг Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларида иштирок этгани ҳақида мақолалар пайдо бўлмоқда. Жасадлар бегона ҳудудда дафн этилади ёки ўз ватанига юборилади. Ўзбекистон фуқаролари маълум бир ҳолатда моддий манфаатни кўзлаб урушда қатнашишга рози бўлса, бошқа ҳолларда Россия қамоқхоналарида сақланаётган ўзбекистонликлар қамоқ муддатини қисқартириш ёки қамалишдан қочиш мақсадида жанг қилишга рози бўлади.

Anhor.uz нашри учун махсус инсон ҳуқуқлари  бўйича ҳуқуқшунос Дилфуза Қуролова Ўзбекистон Республикаси фуқароси бегона урушда қатнашиши мумкинми ва унинг тақдири нима бўлишини  тушунтириб берди.

Халқаро стандартларга ва мамлакатнинг амалдаги қонунчилигига кўра, ёлланма аскарлик тақиқланган. Мамлакат томонидан келишилган иштирок легитим ва қонуний ҳисобланади. Масалан, Ўзбекистон ўз қўшинларини бошқа давлатга жангга жўнатса, бу қонуний бўлади. Расмий розилик доирасида бўлмаган бошқа ҳар қандай нарса қонунчилигимиз ва халқаро ҳуқуқни бузиш ҳисобланади.

Одатда фуқаролар қидирувга берилади. Фақат шу ҳолатда шахс учиб келганида у расман ҳибсга олиниши мумкин ёки, агар бу экстрадиция масаласи бўлса (у қидирувда бўлган ва бошқа давлат уни топиб олган бўлса), мамлакатдан олиб чиқилади.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддага мувофиқ, ҳар қандай шаклдаги ёлланма хизмат 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва консуллик идоралари ҳамда Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари маълум қилди. 1949-йилдаги Женева конвенциясига кўра, халқаро жанговар ҳаракатлар пайтида ёлланиш ёки ёллаш билан шуғулланиш тақиқланади. Бундан ташқари, Ўзбекистон 2001 йилда 1989  йилги ёлланиш ва ёллашга қарши курашиш тўғрисидаги халқаро конвенцияни ратификация қилган. Шундай қилиб, Ўзбекистон ушбу меъёрларга риоя қилиш мажбуриятини бўйнига олган.

Агар Ўзбекистон Республикаси фуқаросини хорижий ҳарбий ҳаракатларда қатнашишга мажбур қилишса, Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаларига мурожаат қилиш зарур. Агар бирор киши тазйиқ остида жанг қилса, ватанига қайтгач, урушга боришдан бошқа чораси қолмаганини исботлаши керак бўлади.

Агар Ўзбекистон фуқароси молиявий сабабларга кўра (Россиядаги ХҲКларда бўлгани каби) ёки ўз эътиқодига кўра ҳарбий ҳаракатларга киришса, у қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Аскар ёллашга кўмаклашиш ёки бошқа йўл билан ёрдам бериш жазони оғирлаштирувчи ҳолат ҳисобланади ва 7 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Ўзбекистон фуқароси чет давлат қамоқхонасида бўлиб, ўз ихтиёри билан урушга жўнатилган бўлса, ўз ватанига қайтгач, қамоққа олинади. Шундай қилиб, жорий йилнинг 30 январь куни асли қорақалпоғистонлик бўлган 43 ёшли фуқаронинг жасади Ўзбекистонга олиб келинди. У қамоқ муддатини ўтаётган Россиядан Украина ҳудудига юборилган ва ўша ерда ҳалок бўлган.

Челябинскда қамоқ муддатини ўтаётган ўзбекистонликлар жорий йилнинг апрель ойида Президент Шавкат Мирзиёевга уларни ватанига кўчириш илтимоси билан мурожаат қилишган эди. Улар Украинадаги урушга юборилишидан қўрқишган.

Яна бир ўзбекистонлик йигитнинг қариндоши айтишича, унинг укасини Красноярск ўлкасидаги 7-сонли қаттиқ тартибли колониядан урушга ёллашган. У қотиллик учун 8 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган бўлган, ҳозир алоқага чиқмаяпти ва телефон қўнғироқларига жавоб бермаяпти.

Ўзбекистон фуқароси тазйиқ остида урушга жўнатилган тақдирда, унинг айбсизлигини исботлаш жуда қийин бўлади, чунки шахснинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ёки суд қарори билан озодликдан маҳрум қилиш жойларида ёки қамоққа олиш жойларида бўлганлиги тўғрисида барча далиллар бўлиши керак. Шунда, эҳтимол, инсонпарвар суд айбсизликни аниқлаши мумкин. Шу билан бирга, бу вазиятда кишининг рад этиш имконияти бор-йўқлиги, у қанча вақт хизматда бўлгани, қачон урушга кетгани ва ўзини ҳимоя қилишга урингани каби бошқа омиллар ҳам роль ўйнайди.

4 апрель куни Санкт-Петербург маъмурияти муҳожирларни шартнома асосида ҳарбий хизматга жалб қилиши маълум бўлди. Бу ҳақда губернатор ўринбосари Валерий Пикалёв имзолаган буйруққа таяниб, “Ротонда” хабар берди. Нашрнинг ёзишича, Смольний вакиллари 15 апрелга қадар диаспора етакчилари билан “уларни хорижий фуқаролар ўртасида шартнома бўйича ҳарбий хизматни оммалаштиришга жалб қилиш” мақсади билан учрашув ўтказиши керак. Бу топшириқни шимолий пойтахт вице-губернаторлари Кирилл Поляков, Борис Пиотровский, Владимир Княгинин ва Николай Линченколар олишган.

Ҳужжатга кўра, муҳожирларни Россия армияси билан тузилган шартномаларга қизиқтириш учун амалдорлар “хусусий ёлловчи агентликлар билан ишлашни ташкил этиши” керак. Чет элликлар билан ҳамкорлик қиладиган йирик иш берувчиларни ҳам ушбу мақсадларга жалб қилиш мумкин. Бундан ташқари, Ғарбий ҳарбий округга “ташвиқот ва контракт бўйича ҳарбий хизматга фуқароларни танлаш бўйича” ёрдам кўрсатиш бўйича ишчи гуруҳ таркибига миллатлараро муносабатлар қўмитаси вакили киритилади. Смольнийда алоҳида вазифа вице-губернатор Антолий Повелий ва Санкт-Петербург туманлари раҳбарларига ҳам юкланган. Шу ойнинг ўрталарига қадар улар ҳарбий комиссарлар билан биргаликда 2017 йилдан 2022 йилгача Россия фуқаролигини олган шахсларнинг “тўлиқ ҳарбий рўйхатга олинганлигини текширишлари” керак.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.