Таҳлилларни қай тарзда тўғри топшириш керак

Ҳар биримиз вақти-вақти билан таҳлил топширишимиз керак бўлади. Бу нафақат беморларга, балки соғлом одамларга ҳам тааллуқли. Масалан, таҳлиллар тиббий кўрикдан, йиллик диспансеризациядан ўтиш учун зарур. Бироқ киши таҳлилларни шаҳарнинг турли лабораторияларида топшириб, турли натижаларни оладиган ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Нега шундай ҳолат бўлади? Олий тоифали шифокор-лаборант, «Vitalab» хусусий лабораториясининг мудираси Екатерина Учкина билан буни аниқлашга ҳаракат қиламиз.

Турли лабораторияларда таҳлилларнинг турли натижалари ҳар хил лаборатория ускуналаридан фойдаланилиши ёки турли тадқиқот методлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Шунингдек, таҳлил жавобларига тадқиқот ўтказилган лаборатория идиши, хонадаги ҳарорат режими, реактивларнинг яроқлилик муддати, тадқиқотнинг давомийлиги, транспортировка усуллари, тадқиқ қилинаётган материалнинг “янгилиги” ва беморни таҳлил топширишга тайёрлаш каби омиллар ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.

Таҳлил натижаларини қандай омиллар ўзгартиришга қодир:

  • Тадқиқот арафасида ёки биоматериални топширишдан олдин тановул қилинган овқат ва суюқлик миқдори;
  • Таҳлилларни топшириш арафасида ёки топшириш кунида алкоголь ёки дори воситаларининг қабул қилиниши;
  • Беморнинг жисмоний фаоллиги ва асабий-руҳий ҳолати;
  • Таҳиллар олинадиган кундаги об-ҳаво ва геомагнит шароитлари;
  • Материални олиш учун қўлланадиган методика;
  • Материалнинг нотўғри олиниши (вақт бўйича);
  • Намуна тадқиқот учун лабораторияга тушишидан олдин уни олиш давомийлиги ва сақланиш шароитлари;
  • Материалнинг транспортировка қилиш усули.

Реклама қилинган шифокорлар ва сифатсиз таҳлилларнинг қурбонига айланмаслик, бундай вазиятларга тушиб қолмаслик ва ҳаққоний натижаларга эга бўлиш учун сифат ва тиббий хизматлар хавфсизлигини назорат қилувчи лабораторияга ишониш ҳамда таҳлилларни топширишга тўғри тайёргарлик кўриш лозим.

Биоматериални йиғиш бўйича асосий қоидалар

  • Умумий таҳлил учун қон эрталаб оч қоринга топширилади. Қонни жисмоний юкламадан кейин, тиббий препаратлар парентерал киритилганидан сўнг, физиотерапия процедуралари ва рентгенологик тадқиқотдан кейин дарҳол топшириш тавсия этилмайди. Такрорий тадқиқотларни бир хил соатларда ўтказиш керак, чунки қоннинг морфологик таркиби суткалик ўзгаришларга учрашга мойил.
  • Қатор таҳлиллар оч қоринга топширилади. Масалан, биокимёвий (глюкоза, холестерол, билирубин ва бошқалар) ва серологик тестлар (сифилис, В гепатити), гормонлар (ТТГ) ва бошқалар. “Оч қорин” – бу охирги овқатланиш ва қон олиш орасида камида 8 соат вақт бўлиши керак (аммо камида бу вақт оралиғи 12 соат бўлгани маъқул).
  1. Шарбат, чой, қаҳва, бунинг устига шакар солинган – бу ҳам овқат, шу боис бироз сабр қилишингизга тўғри келади. Сув ичиш мумкин.
  2. Липидли профил (холестерол, ЛПВП, ЛПНП, триглицеридоар) параметрларини аниқлаш учун қон қатъий “оч қоринга” (12 соатлик танаффус билан) топширилади.
  3. Агар умумий қон таҳлилини топшириш лозим бўлса, охирги овқатланиш қон топширилишидан камида 1 соат олдин бўлиши лозим. Нонушта ширин бўлмаган чой, ёғсиз ва сутсиз тайёрланган шакарсиз каша ва олмадан ташкил топиши мумкин.
  4. Тиббий кўрикдан 1-2 кун олдин рациондан ёғли, қовурилган таомларни ва алкоголни чиқариб ташлаган маъқул. Агар бир кун олдин зиёфат бўлган бўлса, унда лаборатория тадқиқотини 1-2 кунга кечиктиринг. Қон олинишидан 1 соат олдин чекишдан тийилинг.
  • Кортизолни тадқиқ қилиш учун қонни эрталаб соат 8:00-9:30 да оч қоринга топшириш зарур.
  • Пролактинни тадқиқ қилиш учун қон уйғонгандан кейин 2 соатдан сўнг 12 соатлик оч қоринга топширилади.
  • Тестостеронни тадқиқ қилиш учун қонни олдинги кунларда жисмоний юкламалар мавжуд бўлмаганида топшириш керак.
  • Эякулятни тадқиқ қилиш учун 3-4 кун жинсий алоқадан тийилиш лозим.
  • Сийдикни текшириш учун ташқи жинсий органлар тозаланганидан сўнг янги эрталабки (концентрацияланган) сийдикни, унинг ўрта порциясини тадқиқ қилиш лозим. Тадқиқот одатий ичимлик режими шароитларида ўтказилади.
  • Сийдикни Нечипоренко методи бўйича тадқиқ қилиш учун эрталабки сийдикнинг ўрта порцияси йиғилади.
  • Умумий ахлат таҳлили учун фақат шиша ёки пластмасса идишда озроқ миқдорда етказилган янги ахлат тадқиқ қилинади.

Лаборатория танловига жиддий муносабатда бўлинг – таниш шифокорлардан сўранг, интернетда фикр-мулоҳазаларни ўқинг, натижаларни динамикада билиш учун (қабул қилинган даволаш ишларидан кейинги ўзгаришлар) таҳлилларни битта лабораторияда топширинг.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.