“Зўр маҳсулот бор, нархи арзон, сифатига жавоб бераман…”

Фото: Бобур Каримов/anhor.uz

“Маҳсулот зўр, нархи арзон, сифатига жавоб бераман…”, – дейди пойтахтнинг Қўйлиқ бозори ҳудудидаги машҳур “пятак”да контрабанда сигареталари савдоси билан шуғулланувчи  йигирма беш ёшлар атрофидаги йигит. Бозорни норасмий равишда корчалонларни бойитаётган, давлат ғазнасини талон-тарож қилаётган ва тамаки истеъмолчиларининг саломатлигига икки баравар хавф туғдираётган мазкур ҳудудни қатъий ҳимоя қилувчи ҳамда контрабанда тармоғининг сирларини сақловчи ўзининг тажовузкорлиги билан ном қозонган одамлар қўриқлайди. Уларнинг орасида аёллар ҳам бор.

Телефон камерасига тасвирга олинаётганига сал шубҳа туғилиши билан, бир нечта қўриқчи хоним мени ўраб олди. Иложсиз текширувдан сўнг, улар мени “Бу ердан йўқол ва ҳеч қачон кўринма, акс ҳолда …”сўзлари билан қувиб солишди.

Али (исм-шарифи ўзгартирилган) иккинчи йилдирки, “Қўйлиқ” бозорида контрабанда сигареталар сотади, унинг сўзларига кўра, даромади ҳар куни бирдай бўлмаса-да, барқарор. Али кунига ўртача 30 миллион сўмлик товар сотади, шундан шахсий даромади 20 фоизни ташкил қилади, ундан бозордаги жой ҳақини тўлайди ва унга Тошкентда яшаш ва ишлаш ҳамда оиласини боқиш имконини берадиган қўриқчиларга маош беради. Алининг сўзларига кўра, бозорда тез-тез текширувлар ўтказилади, бу ҳақда қўриқчилар контрабандачиларни олдиндан хабардор қилишади. “Ким текширади, божхоначими, милициями ёки солиқми – билмайман, лекин ўша куни биз ишламаймиз”, – дейди сотувчи.

Ўзбекистонда божхона муносабатлари 2016 йилги Божхона кодекси билан тартибга солинади. Anhor.uz мунтазам равишда контрабанда мавзусини кўтаради, бироқ чакана савдо пештахталари ва Telegram тармоғидаги ихтисослаштирилган каналлардаги таклифларга қараганда, товарлар – дори воситалари, тиббиёт буюмлари, тамаки ва алкоголли маҳсулотларнинг ноқонуний олиб кирилиши тўхтамаяпти. Контрабанда божхонани четлаб ўтганлиги сабабли, у акциз маркалари ёки рақамли маркалаш кодлари билан белгиланмаган. Тамаки контрабандаси виждонсиз савдогарлар учун катта потенциал фойда келтиради, гарчи Ўзбекистонда барча турдаги маҳсулотларни ноқонуний олиб кириш учун жавобгарлик, шу жумладан жиноий жавобгарлик назарда тутилганига қарамай, ушланиб, жазоланиш имконияти кам.

Ўзбекистонда тамаки маҳсулотларини ноқонуний ишлаб чиқариш учун жиноий жавобгарлик икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан келишиб, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш йўли билан кўп миқдорда содир этилган бўлса, – БҲМнинг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Шу ҳаракатлар уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб, ўта катта миқдорда содир этилган бўлса, – етти йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Тамаки маҳсулотларининг ноқонуний ишлаб чиқарилишини ёки муомаласини катта ёки ўта йирик миқёсда, мансаб ваколатини ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш йўли билан ҳимоя қилиш – етти йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Қалбаки маҳсулотлар (агар улар божхонани четлаб ўтган бўлса) муомаласига қарши курашиш бўйича асосий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳисобланади.

Акциз солиғисиз ва рақамли маркаланмасдан божхонани четлаб ўтиб, олиб кирилган тамаки маҳсулотлари контрабанда товарлари ҳисобланади. Контрабанда товарларни олиб киришга қарши курашиш Давлат божхона қўмитасининг бевосита масъулияти ва асосий вазифаларидан биридир.

Тошкент вилояти божхона қўмитаси Контрабандага қарши курашиш бошқармаси ходимлари Тошкент вилояти давлат хавфсизлик хизмати, ички ишлар органлари ва Миллий гвардия билан ҳамкорликда 2023 йил бошида пойтахтимизнинг Миробод туманида тезкор тадбир ўтказдилар. “Мазкур тадбир давомида белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда, хонадонлардан бирида хорижда ишлаб чиқарилган ва ноқонуний олиб кирилган 228 минг 144 қути 144 турдаги тамаки маҳсулотлари сақланаётгани аниқланди.

Шу билан бирга, аниқланган тамаки маҳсулотлари Ўзбекистоннинг акциз маркалари ва рақамли маркалаш кодлари билан жиҳозланмаган. Шунингдек, улар сигаретанинг инсон саломатлиги учун хавфлилиги ҳақида огоҳлантириш билан таъминланмаган. Мазкур жиҳатлар ушбу сигареталар контрафакт ва контрабанда маҳсулот эканлигини билдиради.

“Ушбу иш бўйича мусодара қилинган сигаретларнинг умумий қиймати 4 миллиард сўмдан ошади. Агар ушбу тамаки маҳсулотлари ички бозорга чиқса, давлат бюджетига 2 миллиард 528 миллион сўм зарар етказилган бўларди”, — дейилади Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабарида. Иш судга топширилган.

Ноқонуний маҳсулотларнинг савдода айланиши нафақат одамлар саломатлигига зарар етказади, балки ҳалол иқтисодиётга ҳам путур етказади, бюджет даромадларини камайтиради ва пировардида мамлакатни қашшоқлаштиради.

Ҳар қандай бозорлардаги майда савдогарлар пештахталарида, кўча расталарида, йўлакларда акциз маркасисиз ноқонуний олиб ўтилаётган ва сотилаётган кўплаб сигареталар бор. Сифат ҳақида ўйламайдиган чекувчилар орасида арзон товарлар талаб қилинаётганлиги сабабли бугунги кунда ноқонуний товарларга талаб ортиб бормоқда. Бу фуқаролик жамиятини ташвишга солаётган муаммонинг иккинчи томони.

Аммо контрабанда учун, уни тарқатганлик учун жазони кучайтириш, Божхона қўмитаси, Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва солиқ хизматларининг мувофиқлаштирилган ишигина давлат ва истеъмолчиларга қарши жиноятларни тўхтата олади.

PS: Чилонзор метро бекати яқинида, ҳар хил сигаретлар ассортименти солинган кичик аравача ёнида бир кампир ўзидан маҳсулот олишни таклиф қилмоқда- “Ўғлим, менинг сигаретларим янги ва арзон, ортиқча пул сарфлаб нима қиласан?”.

Бобур Каримов

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.