Ўзбекистон Россияга порох ишлаб чиқариш учун зарур бўлган пахтадан олинган целлюлозани етказиб беришда давом этмоқда

Иллюстрация Максима Филипенко

Санкциялар туфайли Россияга хорижий ҳарбий технологияларни харид қилиш мушкуллашди. Лекин Москва артиллерия порохсиз ишлай олмайдиган асосий компонент – пахта целлюлозасининг экспортини Украинага кенг миқёсдаги босқинчилик бошланганидан кейин  кўпайтирган ва у икки Марказий Осиё қўшнисига ҳамон бу борада ишониши мумкин. Бу ҳақда Vlast.kz ёзади.

Текширувдаги асосий жиҳатлар

  • Қозоғистон ва Ўзбекистон расман Украинадаги урушга нисбатан бетарафликни эълон қилган бўлса-да, босқинчиликдан кейин Россияга порох ишлаб чиқариш учун зарур  бўлган пахта целлюлозаси экспортини оширган.
  • Россия импортчилари пахта целлюлозасини сотиб олиб, уни порох ва бошқа аралашмалар ишлаб чиқарадиган ҳарбий корхоналарга етказиб бермоқда. Бу журналистлар қўлга киритган ҳужжатлардан маълум. Айрим ўзбек корхоналари хомашёни Россия заводларига тўғридан-тўғри етказиб беради.
  • Марказий Осиёдан пахта целлюлозасини оладиган Россия ҳарбий корхоналари Украина, АҚШ ва Швейцария томонидан санкциялар рўйхатига киритилган.

Киравериш жойида иккита тўп турган Қозон кимё заводи икки юз йилдан бери Россия армияси учун қурол-яроғ ишлаб чиқариб келади.

2022 йилдан бошлаб бошқа корхоналар каби завод ҳам кучайтирилган режимда ишлаб, катта қисми артиллерия зарбасига таянадиган Россия ҳарбий машинасини Украинада зарур қурол-яроғ билан таъминлашга хизмат қилмоқда.

Ғарб санкциялари туфайли Россияга хорижий ҳарбий технологияларни харид қилиш қийинлашди. Бироқ Москва порох ишлаб чиқариш учун зарур пахта целлюлозасини икки Марказий Осиё давлати етикиб беришига ишонади.

Муайян кислоталар билан ишлов берилганда толали материал тез аланга олиш хусусиятига эга массага айланади, уни портловчи моддалар ишлаб чиқаришда фойдаланишади.

OCCRP, “Власть” ва “Муҳим воқеалар” нашрлари Россияга келтирилаётган пахта целлюлозасининг 98 фоиздан ортиғи Қозоғистон ва Ўзбекистондан келиши ва Россиянинг Украинага кенг миқёсдаги босқинчилигидан сўнг унинг импорти ортганини кўрсатувчи ҳужжатларга эга.

Экспорт-импорт амалиётлари ҳақидаги сиздирилган маълумотларга кўра, 2023 йилнинг январь-сентябрь ойларида ўзбек фирмалари Россияга тахминан 8,7 миллион долларлик пахта целлюлозаси экспорт қилган — бу ўтган йилга нисбатан 70 фоиз кўпроқ.

БМТнинг савдо товарлари бўйича статистика базаси (UN Comtrade) маълумотларига кўра, пахта целлюлозасини фақат Россияга чиқарадиган Қозоғистон 2022 йилда етказиб бериш ҳажмини ошириб, ўтган йилга нисбатан 60 фоизга кўпроқ хомашё етказиб берган. Ҳукумат статистикаси 2023 йилнинг биринчи ўн ойида экспорт кескин камайганини кўрсатади, аммо журналистлар бу маълумотларни мустақил тасдиқлай олмади.

Кўплаб хусусий экспортчи фирмалар сўровга жавоб беришмади. Икки компания Россия корхоналари уларнинг маҳсулотларидан бўёқлар ва лок-бўёқ маҳсулотларини ишлаб чиқаришда эмас, балки порох ишлаб чиқаришда фойдаланишини таъкидлади. Бошқа импортчилар сўровга жавоб беришмади.

Журналистлар Россияда пахта хомашёсидан қандай фойдаланилаётганини текшира олмадилар ёки уни тўғридан-тўғри Украинадаги уруш билан боғлай олмадилар. Лекин давлат харидлари бўйича шартномалар Қозоғистон ва Ўзбекистондан пахта целлюлозаси Россия ҳарбий заводлари томонидан мудофаа мақсадларида сотиб олинаётганидан далолат беради.

Давлат корхоналари порох, қурол-яроғ ва артиллерия ишлаб чиқаради, лекин ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳақида расмий маълумотлар эълон қилмайди. Журналистлар сўровига жавоб беришмади. Тўрт корхона АҚШ, Швейцария ва Украина томонидан санкцияга тушган.

» Кремлнинг узоқ йиллик бошқа ҳамкорлари каби, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳам Владимир Путин 2022 йил февралда Украинага кенг миқёсдаги босқинчиликни бошлаганидан буён мураккаб дипломатик рақсни ижро этмоқда», – деб ёзади журналистлар.

Иккала давлат ҳам низо муносабатида бетарафликни эълон қилиб, Москва билан дипломатик ва иқтисодий алоқаларни давом эттирмоқда. Бироқ Марказий Осиё давлатлари Вашингтон ва Брюссел иштирокини қўллаб-қувватлади: улар санкциялардан четлаб ўтишга қарши курашишда АҚШ ва ЕИ га ёрдам беришни ваъда қилди. Ҳозир ғарб товарлари учинчи мамлакатлар орқали юборилмоқда ва сўнг Россияга қайта экспорт қилинмоқда.

Ўзбекистон ва Қозоғистондан Россияга келаётган пахта целлюлозасининг катта қисмини хусусий компания-импортчилар сотиб олиб, санкция қилинган давлат порох заводларига сотган. Аммо битимлар ҳақидаги маълумотлар камида икки ўзбек экспортчи Россия ҳарбий заводлари билан тўғридан-тўғри иш олиб борганини кўрсатади.

Монтерейдаги Миддлбери халқаро тадқиқотлар институти Джеймс Мартин номидаги  марказнинг экспорт назорати бўйича мутахассиси Эрик Вудснинг фикрича, тўғридан-тўғри етказиб бериш иккиламчи санкциялар хавфини оширади. Улар остида пахта целлюлозаси импортчилари ҳам қолиши мумкин, деди у OCCRPга.

«Украинанинг ҳамкор давлатлари ҳалигача санкция қилинмаган воситачиларни қаттиқроқ таъқиб этаётган, – дейди у. – Агар айрим воситачилар санкция остидаги ҳарбий корхоналарга хомашё етказиб берса, бу қонунбузарлик деб қаралади ва иккиламчи санкциялар қўллаш хавфини келтириб чиқаради.

Пахта целлюлозасидан турли маҳсулотлар ишлаб чиқаришда фойдаланиш мумкин, лекин 2023 йил июнидан ЕИда ҳарбий мақсадларда ҳам ишлатилиши мумкинлиги туфайли экспорт назоратига олинган.

Журналистлар Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигидан шарҳ сўради. Улар эҳтимолий санкциялардан қочишга ҳаракат қилишларини таъкидладилар, шунингдек Қозоғистондан пахта целлюлозасини Россия порох заводларига етказиб бериш «уларнинг ваколат доирасига кирмаслигини» айтади ва бошқа вазирликларга мурожаат қилишни маслаҳат беради.

Савдо ва интеграция вазирлигида журналистларга Саноат ва қурилиш вазирлигига мурожаат қилишни тавсия қилдилар, чунки у ерда экспорт учун махсус лицензия талаб қилинадиган товарлар ҳақида қарор қабул қилинади. Давлат маълумотлари базасига кўра, Қозоғистонда пахта целлюлозаси экспорт назоратига олинмаган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги  сўровга жавоб бермади.

Ўзбекистоннинг “оқ олтини

Ўзбекистон ўзининг оппоқ пахтаси билан машҳурдир — мамлакат далаларда мажбур меҳнатдан фойдаланиб, Совет Иттифоқининг катта қисмини таъминлаган.

Бу ёндашув асосан йўқ қилинган бўлса-да, Ўзбекистон йирик пахта ишлаб чиқарувчиси бўлиб қолмоқда. БМТ савдо маҳсулотлари маълумотлар базасига кўра, 2022 йилда у дунёдаги пахта целлюлозаси экспортёрлари орасида тўртинчи ўринни эгаллади.

Журналистлар қўлга киритган маълумотлар 2023 йилнинг биринчи тўққиз ойида камида етти ўзбек компанияси Россия импортчиларига жами 4,8 миллион килограмм пахта целлюлозаси сотганини кўрсатади.

Журналистлар қўлга киритган Федерал Солиқ хизмати ҳужжатлари ҳам 2022 ва 2023 йил бошларида камида учта Россия компанияси — «Бина Гуруҳ», «ХимТрейд» ва «Ленахим» импорт қилинган пахта целлюлозасини санкцияланган Россия ҳарбий заводларига сотганини тасдиқлайди.

Сайтда Фарғона кимё заводи асосий ўзбек етказиб берувчи сифатида кўрсатилган, у мамлакатдаги энг йирик пахта целлюлозаси ишлаб чиқарувчилардан бири. Корпоратив ҳужжатларга кўра, компаниянинг эгалари иккита Россия фуқароси ҳисобланади.

Import Genius маълумотлар базаси маълумотларига кўра, 2022 йил ва 2023 йил бошларида Фарғона кимё заводи Россия компания импортёрларига хомашё етказибгина қолмай, Қозон ва Пермдаги иккита Россия порох заводига 2,2 миллион доллардан зиёд қийматда тўғридан-тўғри етказишни амалга оширган.

Ўзбекистондаги яна бир йирик экспортёр Raw Materials Cellulose ҳақида кам маълумот бор. Онлайн корхоналар платформасидаги таърифга кўра, у Россия ва бошқа чет эл ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлик қилиб, «карбоксиметилцеллюлоза натрий, нитроцеллюлоза ва порох ишлаб чиқариш»да ишлатилади. Нитроцеллюлоза пахта толаларини қайта ишлашнинг портловчан маҳсулоти бўлиб, уни портлатиш зарядларини ишлаб чиқаришда ишлатилади.

Компаниянинг экспортининг катта қисми Россия импортчиларига сотилган. Бироқ битимлар ҳақидаги маълумотлар 2022 йилда Raw Materials Cellulose Тамбов порох заводига тўғридан-тўғри 14 та етказиб бериш амалга оширганини, уларнинг қиймати ярим миллион долларга яқинлигини кўрсатади.

2023 йилда компаниянинг Россияга экспорт ҳажми мавжуд маълумотларга кўра олдинги йилга нисбатан сезиларли даражада, камида 2,6 миллион долларга ошган.

Россия импорт компанияси «Ленахим» Фарғона кимё комбинати ва Raw Materials Celluloseдан хомашё олиб, шартнома мажбуриятлари мавжуд бўлган корхоналарга сотишини тасдиқлади, аммо улар маҳсулотни қандай фойдаланишини билмасликларини айтди. Бошқа импортчилар сўровга жавоб беришмади.

Уруш бошланганида, Россия порох заводлари пахта целлюлозасини сотиб олиш ҳақидаги маълумотларни чоп этишни деярли тўхтатди, шунинг учун етказиб бериш манзилларини кузатиш қийин. Россия қонунларига кўра, давлат сирларини ташкил қилиши мумкин бўлган ахборотни ошкор қилиш талаблари амал қилмайди.

Бироқ урушдан олдин ёки дарҳол кейин имзоланган айрим узоқ муддатли шартномалар Марказий Осиёдан пахта целлюлозаси Россияда махсус ҳимоя мақсадлари учун сотиб олинаётганидан далолат беради.

Масалан, 2021 йил охирида имзоланган давлат харидлари ҳақидаги ҳужжат Пермдаги порох заводи 2022 йил охирига қадар Фарғонадан пахта целлюлозасини тутунсиз порох ёки ракета ёқилғиси учун портлатувчи модда – баллистит ишлаб чиқариш учун сотиб олганини кўрсатади. Шартномага кўра, харид «мамлакат мудофаасини ва давлат хавфсизлигини таъминлаш» мақсадида амалга оширилган.

Фарғона кимё заводидан олинган жавобда айтилишича, уларнинг пахта целлюлозаси «Россия корхоналарининг махсус порохлар ишлаб чиқариш бўйича талабларига жавоб бермайди».

Кўп жиҳатдан у «нитроцеллюлоза сифатида ишлатилади, у нитролак ишлаб чиқариш учун мўлжалланган», деб айтилган завод вакилининг жавобида. Хатда у Россия порох заводлари билан тўғридан-тўғри алоқалари борлигини инкор қилади.

«Россия компаниялари билан ҳамкорлик, бизнинг маҳсулотимиз ва компаниямиз санкциялар рўйхатига тушиб қолишининг олдини олиш учун Ўзбекистон ҳукумати ва банклари томонидан ҳам назорат қилинади», – деб айтилади хатда.

Raw Materials Cellulose бош директори саволларга жавоб бермади. Ўзбекистондан бошқа экспортёрлар нашр пайтига қадар изоҳ сўровларига жавоб беришмади.

Барчаси Россияга

Россияга кирувчи пахта целлюлозасининг тахминан ярми — 2022 йилда у 46 фоиз бўлган—қўшни Қозоғистондан келади.

Уни асосан «Пахтасаноат-Целлюлоза» компанияси ишлаб чиқаради. Россия пахта целлюлозасидан порох ишлаб чиқаришда фойдаланиб келган. ОАВдаги хабарлар буни ҳатто урушдан олдин тасдиқлаган.

Журналистлар кўриб чиққан бир қатор келишувлар Қозоғистон пахта целлюлозасини Россия порох заводларига босқинчилик бошланишидан кейин ҳам етказиб беришда давом этганини кўрсатади.

2020 йил мартда имзоланган узоқ муддатли шартномага кўра, Казань порох заводи 2026 йил январга қадар Қозоғистондан пахта целлюлозаси олиши керак. 2022 йил декабрида имзоланган битим эса порох ишлаб чиқарувчи «Алексин кимё комбинати»ни 2024 йил январгача таъминлаган.

Журналистлар билан телефон суҳбатида «Пахтасаноат-Целлюлоза» вакили Равшан Нурбеков компаниянинг целлюлозани Россия импортёрларига сотганини тасдиқлади, аммо охир-оқибатда у порох ишлаб чиқаришда эмас, балки  бўёқ ва локлар ишлаб чиқаришда ишлатилганини айтди.

Ушбу корхоналар лок-бўёқ маҳсулотларини ҳам ишлаб чиқаради, аммо журналистлар кўрган бир қанча шартномалар Қозоғистон целлюлозаси порох заводлари томонидан мудофаа мақсадлари учун сотиб олинаётганини кўрсатади.

Россияга тўлақонли босқинчиликдан уч кун олдин, 2022 йил февралда имзоланган «Алексин кимё комбинати» билан шартномада Қозоғистондан 213,9 тонна пахта целлюлозаси етказиб берилиши 2023 йил охиригача давлат мудофаа буюртмасининг қисми экани айтилган.

Алоҳида 300 тонна Қозоғистон пахта целлюлозасини 2023 йил майгача комбинатга етказиб бериш ҳақидаги шартномада целлюлозадан давлат ҳимояси мақсадларида фойдаланиш мумкинлиги айтиб ўтилган.

«Пахтасаноат-Целлюлоза» вакили Нурбеков журналистларга компания улар ҳамкорлик қилган импортчи компания шериклари санкцияга тушганидан кейин ушбу ёзда ишлаб чиқаришни тўхтатганини айтди.

«Етказиб беришни давом эттира олмаганимиз сабабли, корхонамиз ишни тўхтатди», – дейди Нурбеков. У компания Европадаги импортёрларни излашини ва Россияга етказиб беришни қайта тиклашни режалаштирмаётганини қўшимча қилди.

Қозоғистон ҳукумати маълумотларига кўра, 2023 йил октябрида Россияга яна 19 тонна пахта целлюлозаси партияси жўнатилган. Экспортёр кўрсатилмаган.

Россия сезиларли даражада артиллерияга таянади, шу сабабли порох унга зарур. Украинадаги нодавлат «Ахборот қаршилиги» ташаббусининг ҳарбий таҳлилчиси Александр Коваленко сўзларига кўра, босқинчилик бошланишида Россия қуролли кучлари тахминан кунига 80,000 заряддан фойдаланган.

Уруш кутилганидан узоқроқ давом этгани сабабли бу кўрсаткич тахминан кунига 15,000 гача пасайди.

«Буларнинг барчаси уларда ҳозир жиддий тақчиллик эканини, ўқ-дори омборлари тугаганини ва Россия ҳар қандай калибрдаги ҳар қандай ўқ-дори … ва уларни ишлаб чиқариш учун кимёвий элементлар етказиб берилишига қарам бўлиб қолаётганини кўрсатади «, деб ҳисоблайди Коваленко.

Россия деярли пахта етиштирмайди, лекин ёғоч ёки зиғир каби маҳаллий экинлардан целлюлоза олиш имкониятларини ўрганиб, муҳокама қилмоқда. Янги ишлаб чиқаришга ўтиш қанча вақт олиши ва қанча туриши номаълум.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.