40 минг ҳарбий ва 500 та танк: Россия Купянскка ҳужум қилиш учун улкан армия тўплади — Forbes
Россия Украина шарқида, Купянск шаҳри яқинида катта дала армиясини тўплаган, улар яна Харков вилоятининг бир қисмини эгаллаб олмоқчи, деб хабар беради Forbes. Бунинг учун улар қарийб 40 минг нафар ҳарбий, 500 та танк ва 600 дан зиёд жанговар машиналарни жалб қилган. Шунингдек, ҳужум учун юзлаб гаубицалар келтирилгани айтилмоқда.
Украина мудофаа стратегиялари маркази аниқлик киритишича, Россия 2024 йил мартига қадар Донецк ва Луганск вилоятларини тўлиқ, Харьков вилоятини эса Оскол дарёсигача эгаллаб олишни режалаштирмоқда.
Таъкидланишича, Купянск ва унга яқин аҳоли пунктлари тахминан ўнта Украина бригадалари томонидан мудофаа қилинмоқда. 20 минг нафар ҳимоячи, юзлаб танклар, гаубицалар ва жанговар машиналар бор, деб тахмин қилинмоқда.
Аммо Украина ҳарбийларининг муаммоси сифатида одамлар ва транспорт сони эмас, ўқ-дорилар танқислиги айтилмоқда. 2023 йил кузидан АҚШ Конгресси кўмакни тўхтатди, Украина кучлари учун 155 миллиметрли снарядларнинг суткалик захираси учдан икки қисмга — 2000 та ўқ отишгача камайди. Айни вақтда, Россия Шимолий Кореядан доимий равишда ўқ-дорилар етказиб берилаётгани ҳисобига кунига 10 мингтагача снаряд чиқармоқда.
Россиянинг бу борадаги устунлиги уларга Украина қарши кучларидан қўрқмасдан, артиллерияни бир жойга тўплаш, шунингдек, бу батареяларни аҳоли пунктларига йўналтириш имконини беради, дейилади хабарда. Frontintelligence Insight таҳлил гуруҳи қайд этишича, Россия муттасил равишда шаҳар ҳудудларини йўқ қилиши мумкин. Сунъий йўлдошдан олинган тасвирлар Купянск атрофида артиллерия томонидан етказилган зарарлар сезилиб қолганини кўрсатмоқда.
Эслатиб ўтамиз, январь бошида Россиянинг босқинчи кучлари Харьков вилоятининг Купянск шаҳрини қўлга киритиш бўйича ҳаракатларни кучайтириши мумкинлиги хабар берилганди.
Шарҳлар