,

АҚШ ўз базасига қилинган ҳужумга жавобан, Эронга зарбалар бериши мумкин

Фото: EPA

Американинг Яқин Шарқдаги базасига берилган ва уч нафар ҳарбий хизматчининг ўлимига сабабчи бўлган зарба Вашингтон томонидан минтақада вазият янгидан кескинлашганидан кейин қабул қилинган чоралардан кўра “анча қатъийроқ жавоб реакцияси”ни келтириб чиқариши мумкин, деб ёзади Bloomberg АҚШ позицияси билан таниш бўлган манбасига таяниб.

Унга кўра, АҚШ ҳужумга жавоб кўрсатиш учун бир нечта вариантларни кўриб чиқмоқда. Улардан бири махфий операция бўлиб, Вашингтоннинг Эрон бўйлаб зарбаларини ўз ичига олади. Шу билан бирга, АҚШ бу ҳодиса юзасидан жавобгарликни ўз зиммасига олмайди, аммо Теҳронга “аниқ-тиниқ ишора” юборади.

Иккинчи вариант эса эронлик мансабдорларни нишонга олишни кўзда тутади, бундай чора АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп даврида қўлланган, ўшанда у 2020 йил январида генерал Қосим Сулаймонийни ўлдириш бўйича операция ўтказишни буюрганди. Генерал, Трампнинг сўзларига кўра, узоқ вақт мобайнида “минглаб америкаликларни ўлдирган ёки ярадор қилган ва янада кўпроқ одамларни ўлдиришни режалаштирган”.

АҚШ қайси вариантни танлашидан қатъи назар, Байденнинг қарори унинг президентлиги давридаги энг муҳимларидан бирига айланади, деб ёзади Bloomberg. У базага ҳужумда айбдорларни жазолаб, Эронни тийиб турмоқчи, бироқ бу Теҳрон билан тўғридан тўғри ихтилофга олиб келиши мумкин. Кескинлашув АҚШнинг Исроил ва Ғазо сектори ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича саъй-ҳаракатларини йўққа чиқариши мумкин. Бундан ташқари, Вашингтон “бундан кейинги иқтисодий зарбалар” эҳтимолини ҳам ҳисобга олиши керак. 29 январь куни эрталаб Осиёда савдолар очилишида Brent нефти нархи баррелига 84,80 долларгача ошиб кетди, бу 2023 йил ноябридан буён энг юқори кўрсаткичдир.

Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг Иорданиядаги ҳарбий базасига номаълум учувчисиз учар қурилма ҳужуми оқибатида уч нафар америкалик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди. Бу Ғазо секторида уруш бошланганидан буён америкаликлар ҳалок бўлиши билан боғлиқ биринчи тасдиқланган ҳолатдир.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.