“ҲАМАС” ва Исроил 30 кунлик ярашув ҳақида дастлабки келишувга эришди — Reuters
Исроил ва “ҲАМАС” гаровдагиларни озод қилиш ва ўт очишни тўхтатиш бўйича янги битим юзасидан дастлабки келишувга эришди, деб ёзади Reuters ўз манбаларига таяниб. Бироқ жанговар ҳаракатларни тўхтатиб туришни амалга ошириш борасида томонлар ўртасидаги норозиликлар сақланиб турибди.
Дастлаб “ҲАМАС” ўт очишни тўхтатиш режимини бир неча ойга жорий қилишни таклиф этганди, аммо декабрь охирида томонлар бир ойлик танаффусга келишди. Шу билан бирга, Reuters манбаларига қараганда, “ҲАМАС” ўт очишни тўхтатишнинг кейинги шартлари келишиб олинмагунича, музокараларни давом эттиришдан бош тортмоқда.
Исроил “босқичма-босқич келишув” ғоясини илгари суриб, асирларни аста-секинлик билан озод этиш даврида ўт очишни тўхтатиб туришни таклиф қилганди. “ҲАМАС” ўз навбатида, асирларни озод қилиш эвазига ўт очишни доимий тўхтатиш ҳақидаги битимни талаб қилмоқда, деб ёзади Reuters. Баъзи манбаларга кўра, жангарилар Исроил ҳарбийлари асирликда қолган тақдирда ҳам, оддий фуқаролар гаровдан озод этилиши билан, Исроил мудофаа армияси жанговар ҳаракатларни қайта бошлашидан хавфсирамоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, Ғазо секторида 132 киши гаровда сақланмоқда. 2023 йил ноябридаги бир ҳафталик ярашув чоғида 108 нафар асир қўйиб юборилганди. Ўт очишни тўхтатиш режими 1 декабрь куни Исроил мудофаа армияси томонидан бузилди. Исроил армияси ўз ҳаракатларини “ҲАМАС” томонидан провокациялар билан изоҳлади. Исроил томони маълумотлари бўйича уруш бошидан буён камида 27 нафар асир ҳалок бўлган.
Аввалроқ Исроил қатарлик ва мисрлик воситачилар орқали Фаластиннинг “ҲАМАС” ҳаракатига уларда қолаётган асирларнинг барчаси озод этилиши эвазига икки ойга ўт очишни тўхтатишни таклиф қилганди.
Шарҳлар