,

Дональд Трамп ва Жо Байден Нью-Гэмпширдаги праймеризда ғолиб бўлди

Фото: EPA

Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига ўз номзодини қўйишга даъвогар Дональд Трамп Нью-Гэмпшир штатидаги праймеризда ўз партиядошлари орасидан чиққан асосий рақиби Никки Хейлини мағлубиятга учратди. Демократлар орасида эса ушбу штатда Жо Байден ғалаба қозонди, деб ёзади Associated Press.

Таъкидланишича, Трампнинг ишончли ғалабаси ноябрь ойида Байден билан реванш эҳтимолини ҳар қачонгидан ҳам оширади. Трампнинг бош рақиби Никки Хейли иккинчи ўринни эгаллаган.

Нью-Гэмпшир янги партиявий қоидаларни рад этиб, ўз праймеризини Жанубий Каролинадан олдин ўтказганидан кейин, Жо Байден ушбу штатда кампания олиб бормаган ва сайлов бюллетенларига киритилмаган эди.

“Нью-Гэмпшир — мамлакатдаги биринчи штат, у охирги эмас, — деди Хейли 23 январь куни кечқурун ўз тарафдорларида қаршисида сўзга чиқиб. — Бу пойга ҳали якунлангани йўқ. Олдинда яна ўнлаб штатлар кутиб турибди, кейингиси эса менинг севимли штатим Жанубий Каролина бўлади”.

Associated Press президент Байденни ҳам ушбу штатда Демократик партия праймеризи ғолиби деб эълон қилди.

Штат маъмурияти ва Демократик партия ўртасидаги келишмовчилик туфайли, Жо Байденнинг исми бюллетенда йўқ. Аммо 37 минг сайловчининг 70 фоизи унинг исмини бюллетенга қўлда ёзиб овоз берган (бунга рухсат берилади).

Эслатиб ўтамиз, январь ўрталарида Дональд Трамп АҚШдаги президентлик пойгасида илк ғалабасини қўлга киритган — Айова штатида республикачилар кокуслари иштирокчиларининг кўпчилиги томонидан қўллаб-қувватланган эди.

Дональд Трамп 2023-йилда тўртта жиноят иши бўйича айбланувчига айланди. Суд ишларидан биринчиси 4-мартда бошланади, аммо адвокатлар шикоятлари туфайли, кейинга қолдирилиши мумкин. Трамп айбдор деб тан олиниб, қамоқ муддатига ҳукм қилинган тақдирда ҳам, бу уни сайланиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.

Февраль ойида АҚШ Олий суди Трампнинг Колорадо Олий суди қарори юзасидан шикоятини кўриб чиқади, ушбу суд унга исёнда қатнашгани туфайли, сайлов бюллетенига ўз исмини киритишни тақиқлаган эди. Олий инстанция қарори бошқа штатлар учун ҳам амал қилиши мумкин.

Демократлардан номзод катта эҳтимол билан Жо Байден бўлади — одатда партия амалдаги президент номзодини қўллаб-қувватлайди. Аммо Демократик партия ҳам праймериз ўтказади.

АҚШ президенти сайловлари 2024-йил 5-ноябрда бўлиб ўтади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.