Франция Украинага Россия ҳудудига SCALP ракеталари билан зарба беришга рухсат берганини тасдиқлади

Фото: канал 24

Украинага Франциянинг узоқ масофали ракеталари билан Россия ҳудудига зарбалар беришга рухсат берилди, дейди Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро “Би-би-си” билан суҳбатда. Сўз Франция Украинага берган SCALP ракеталари ҳақида бормоқда. Бу Британиянинг Storm Shadow ракетасининг французча версиясидир. Улар деярли бир хил.

Барронинг айтишича, Украина улардан «ўзини ҳимоя қилиш мантиғида» фойдаланиши мумкин. Бироқ, у бу ракеталар аллақачон Россия ҳудудига қилинган ҳужумларда иштирок этганми ёки йўқлигини айтмади.

Аввалроқ Франциянинг Le Figaro нашри Франция Украинага Россияга SCALP ракеталари билан ҳужум қилишга рухсат бергани, кейин эса бу маълумот ўчирилгани ҳақида ёзган эди.

Пайшанба куни фавқулодда мурожаат чоғида Путин Россия ҳудудида ўз қуролларини қўллашга рухсат берган давлатлар нишонларига зарба беришга ҳақли эканини айтди.

Бундай рухсатни Франциядан ташқари Украинага ATACMS ракеталари учун АҚШ ва Storm Shadow ракеталари учун Буюк Британия берган.

19 ноябрь куни Украина қуролли кучлари Брянск областидаги омборга ATACMS ракеталари билан ҳужум қилишди ва эртаси куни улар Россия қуролли кучларининг ичкаридаги қўмондонлик пункти жойлашган Курск областининг Марьино шаҳридаги тарихий Барятинский мулкига Storm Shadow ракеталари билан зарба беришди.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.