Ирина Болгар Дуров билан “ҳеч қачон жуфтлик бўлмагани” ҳақидаги баёнотларни ёлғон деб атади

Фото: @durov / Instagram

Павел Дуровнинг уч фарзандининг онаси Ирина Болгар миллиардер билан муносабатларда эмаслиги ҳақидаги баёнотларни “уятсиз ёлғон” деб атади.

Аввалроқ тадбиркорнинг вакили The New York Times нашрига Дуров ва Болгар “ҳеч қачон жуфтлик бўлмаган” деган гапларни айтганди.

“Мен NYT журналистларига Дуров вакилининг ёлғон изоҳларини рад этишим керак бўлган барча далилларни тақдим этдим”, – дейди Болгар. Унинг сўзларига кўра, унинг тадбиркор билан “барча 10 йиллик оилавий ҳаёти”ни акс эттирувчи фотосуратлари бор.

Бундан ташқари, Болгар “Телеграм” асосчиси билан ёзишмалари борлигини, ундан Дуровнинг ўзи бу муносабатларни оилавий деб ҳисоблагани келиб чиқишини қайд этади.

Дуровнинг вакили NYT билан суҳбатда тадбиркорнинг кўп фарзандлари борлигини, уларнинг ҳар бири учун ойига 10 минг доллар ажратишини айтган. Болгар бу пулларни ҳашаматга ишлатганини қўшимча қилган. Дуров Швейцария адлия тизими ушбу низони ҳал қилишига ва “Болгар томонидан ноқонуний ўзлаштирилган” маблағлар болаларга қайтарилишига умид қилаётганини ҳам таъкидлаган.

Болгар эса 10 минг доллар миқдоридаги имтиёзлар ҳақида билмаслигини қайд этиб: “Мен бу ёлғон баёнотлардан ҳайратдаман. Мен барча ёлғонларга алоҳида пост ёзаман”, – деб ваъда берган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.