Исроил Байрутга зарба берди. 11 киши ҳалок бўлди
Исроилнинг Ливан пойтахтига қилган авиазарбаси натижасида 11 киши ҳалок бўлди ва 60 дан ортиқ одам яраланди. Байрут марказидаги саккиз қаватли турар-жой биноси бутунлай вайрон бўлди, яна бешта қўшни бино шикастланди.
Исроил Эрон қўллаб-қувватлайдиган «Ҳизбуллоҳ» гуруҳига қарши ҳужумни давом эттирмоқда. Шанба кунги зарбаларнинг нишони гуруҳнинг ташқи хавфсизлик хизмати раҳбари бўлган бўлиши мумкин.
Ливан Миллий ахборот агентлигининг маълумотига кўра, Байрутнинг марказий Баста туманига камида бешта ракета отилган. Қўлланилган қуроллар бункерларни йўқ қилишга мўлжалланган бўлиб, зарба жойида чуқур ўра ҳосил бўлган, дея хабар қилади агентлик.
«Зарба шу қадар кучли эдики, бино бошимизга қулайдигандек туюлди», – деди AFP агентлигига вайрон бўлган бинонинг қаршисидаги уйда яшовчи 60 ёшли Самир.
Зарба маҳаллий вақт билан тўрт яримларда содир бўлган.
Самирнинг айтишича, у хотини ва икки фарзанди билан уйдан югуриб чиққан: «Биз ерда ётган икки мурдани кўрдик… Болалар йиғлай бошлади, уларнинг онаси эса янада қаттиқроқ йиғлади».
Исроил ҳарбийлари ҳужум ҳақида олдиндан огоҳлантирмаган ва аҳолини кўчиришга чақирмаган. Илгари Исроил «Ҳизбуллоҳ» жангарилари жойлашган ҳудудлардан ташқарида огоҳлантиришсиз амалга оширган бундай зарбалар гуруҳнинг юқори мартабали аъзоларига қаратилган эди.
Бу сафар улардан биронтаси ҳалок бўлган-бўлмагани ҳозирча номаълум. Исроил расмийлари ҳозирча содир бўлган воқеани шарҳламади.
Қутқарув хизматлари зарба жойидаги вайроналарни тозалашни давом эттирмоқда, шунинг учун ҳалок бўлганлар сони ошиши мумкин. Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги қурбонларни аниқлаш учун ДНК тестларидан фойлинилишини маълум қилди.
Тунги зарба бу ҳафта Исроилнинг Байрут марказига қилган тўртинчи ҳужуми бўлди. Бу ракета зарбасидан кейин ҳам Исроил кучлари «Ҳизбуллоҳ» қароргоҳи ҳисобланган Байрутнинг жанубий чеккаларига зарбалар беришни давом эттирди. Бу ҳолатда Исроил Мудофаа Армияси (ЦАХАЛ) Исроил томонининг таъкидлашича, «Ҳизбуллоҳ» объектлари яқинида» жойлашган жанубий Байрут аҳолисига кўчиш тўғрисида буйруқ берди.
Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасидаги ҳарбий ҳаракатлар гуруҳ 2023 йил 8 октябрда, унинг иттифоқчиси ҲАМАСнинг Исроил жанубига ҳалокатли ҳужумидан кейинги куни фаластинликларни қўллаб-қувватлаш учун Исроил шимолини ракеталар билан ўққа тутишни бошлагандан сўнг бошланди.
Қарама-қаршилик 30 сентябрда янги босқичга кўтарилди, Исроил ҳарбийлари «чекланган, маҳаллий, мақсадли рейдлар» деб номлаган жараёнда «Ҳизбуллоҳ»нинг қурол-яроғи ва инфратузилмасини йўқ қилиш учун жанубий Ливанга бостириб кирди.
Сўнгги ойларда Исроил шиа гуруҳининг раҳбари Ҳасан Насрулла бошчилигидаги бир нечта етакчи қўмондонларини ўлдирди.
Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, 2023 йил октябридан буён Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасидаги можаро натижасида камида 3645 нафар ливанлик ҳалок бўлган, ўлимларнинг аксарияти 2024 йил сентябрь ойига тўғри келади.
Шарҳлар