,

КХДР Жанубий Корея билан “Бирлашув аркаси”ни бузиб ташлади ва Сариқ денгизга ракета учирди

Фото: Reuters

Пхеньянда, катта эҳтимол билан, Шимолий ва Жанубий Корея “Бирлашув аркаси” бузиб ташланган, деб ёзади NK News нашри сунъий йўлдошдан олинган тасвирларга таяниб. Аввалроқ КХДР етакчиси Ким Чен Ин аркани демонтаж қилишга даъват этган эди.

Американинг Planet Labs компанияси томонидан 23 январь куни олинган сунъий йўлдош тасвирларида “Бирлашув аркаси” кўринмайди. Аммо 19 январга оид фотосуратда эса ёдгорлик ўз ўрнида турганини кўриш мумкин. Нашр тахмин қилишича, арка 19—23 январь кунлари оралиғида демонтаж қилинган, бироқ аниқ сана маълум эмас.

Баландлиги 30 метр, кенглиги 61,5 метр бўлган ёдгорлик Пхеньяннинг жануби-шарқида жойлашган бўлиб, Шимолий ва Жанубий Корея рамзи сифатида қўлларида бутун Корея ярим ороли харитасини тутиб турган икки аёл сиймосидан иборат эди. У 2001 йилда ўрнатилганди.

24 январь куни тонгда эса (маҳаллий вақт билан 7:00, Тошкент вақти билан 3:00) КХДР Сариқ денгизга қарата бир нечта қанотли ракеталар учирди. Уларнинг тури ва сонига аниқлик киритилмаяпти.

Бундан аввал Шимолий Корея 2023 йил сентябрида қанотли ракеталар учирганди.

Аввалроқ Ким Чен Ин Шимолий Корея Жанубий Кореяни биринчи рақамли душман мамлакат деб тан олиши ва уруш юз берган тақдирда унинг ҳудудини тўлиқ эгаллаб олиш ҳақидаги мажбуриятни конституцияда белгилаб қўйиши кераклиги ҳақида айтганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.