Ким Чен Ин уруш бошламай тургани сабаби маълум бўлди
КХДР етакчиси Ким Чен Ин Жануб билан уруш бошлашга тайёр, аммо Пхеньян ҳозир кўпроқ пул ишлаб топишга уринмоқда, деб ёзади Bloomberg.
Нашр маълумотларига кўра, Шимолий Корея етакчиси Жанубий Кореяга очиқчасига уруш билан таҳдид қилаётганига қарамасдан, унда низони бошламаслик учун жиддий сабаб бор: айни пайтда Россияга қурол-яроғ сотиш натижасида КХДР иқтисодиётининг ўсиш суръатлари сўнгги ўн йиллик ичидаги энг юқори даражага чиққан.
“Октябрь ойидан буён Шимолий Корея Россияга 2 миллиондан ортиқ артиллерия снарядларини ва бир нечта баллистик ракеталарни сотган. Уларнинг ҳар бири бир неча миллион долларгача нархга эга, Россия, катта эҳтимол билан, Пхеньяндан улар учун пуск қурилмаларини сотиб олишига ҳам тўғри келади. Шу тариқа, КХДР томонидан сотилган техника ҳажми миллиардлаб долларга етиши мумкин, мамлакат иқтисодиёти эса Хитой билан савдо юксалаётганини ҳам ҳисобга олган ҳолда, жорий йилда 0,5 фоизга ўсиши мумкин”, — дейилади нашр таҳлилчилари баёнотида.
Bloomberg ёзишича, Пхеньян томонидан Кремлга баллистик ракеталар, артиллерия снарядлари ва бошқа ҳарбий ускуналар етказиб берилиши узоқ йиллар давомида халқаро санкциялар туфайли яккаланиб қолган Шимолий Корея иқтисодиётига туртки бермоқда.
“Бу Кимга узоқ вақтлар мобайнида Ғарб билан ҳамкорлик қилмаслик имконини беради, шунингдек, уни анча кескин чоралар кўришга, хусусан, уруш чорасини қўллашга мажбур қилувчи босимни камайтиради”, — деб ёзади Bloomberg.
КХДР ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик чуқурлашиши, Путин эса, эҳтимол, яқин ойларда Пхеньянга ташриф буюриши кутилмоқда.
Шарҳлар