Кремль Норвегия билан чегарада радиация “сакраши” содир бўлганидан хавотир олмасликка чақирди
Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков чоршанба куни бўлиб ўтган брифингда Норвегиянинг Россия билан чегарасида радиоактив изотоплар аниқлангани ҳақидаги баёнотлари россиялик мутахассисларнинг маълумотлари билан тасдиқланмаганини билдирди.
“Тегишли хизматларимиз томонидан у ёки бу изотоплар миқдори ошгани ҳақида ҳеч қандай xабар бўлмади. Шунингдек, инсон саломатлигига таҳдид ҳақида ҳеч қандай огоҳлантиришлар бўлмади”, — деди Песков.
“Интерфакс”нинг ёзишича, у Россия-Норвегия чегарасида радиациянинг сакраши Арктикадаги “Буревестник” ядро ракетаси синовлари билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга изоҳ беришдан бош тортди.
“Бу борада айтадиган гапим йўқ”, деди Песков.
Аввалроқ, Норвегиянинг DSA агентлиги Россия билан чегарада радиация ошгани қайд этилгани ҳақида хабар берганди.
Шарҳлар