,

Олмаотада зилзила оқибатида 8 киши жабрланди. Мактаб ва коллежларда дарслар бекор қилинди

Фото: “Nur.kz”

23 январь куни Олмаота мактаб ва коллежларида биринчи смена дарслари бекор қилинади, чунки ўқув муассасалари туни билан аҳолини қабул қилиш пунктлари сифатида ишлаган. Бу ҳақда “Nur.kz” шаҳар ўқув бошқармасига таяниб хабар берди. Болалар боғчалари одатий режимда ишлайди.

Шаҳар Соғлиқни сақлаш департаменти маълумотларига кўра, Олмаота шаҳрида саккиз киши жабрланган. Уларнинг барчаси касалхонага етказилган. Уч киши турар жойларнинг иккинчи ва учинчи қаватларидан сакраш оқибатида шикастланган. Қолган беш киши уйларидан югуриб чиққанида жабрланган. Бир киши оғир аҳволда, қолганлар амбулатор тарзда даволанади.

Олмаотада 23 январга ўтар кечаси икки марта зилзила кузатилди. Шаҳар аҳолиси 23 январь куни эрталаб 2 баллик ер ости силкинишларини сезган. Олмаота вилоят фавқулодда вазиятлар департаменти маълумотларига кўра, 5,8 магнитудали зилзила эпицентри Хитой ва Қирғизистон чегарасида жойлашган.

Идора ахбороти бўйича, зилзила маҳаллий вақт билан 5:19 да (Тошкент вақти билан 3:19 да) бошланган. Силкинишлар эпицентри Олмаотадан 278 км жануби-шарқда, 5 км чуқурликда жойлашган.

Европа Ўртаер денгизи сейсмологик маркази (EMSC) зилзила магнитудасини 5,7 га баҳолади. У Шинжон-Уйғур мухтор туманида юз берган, эпицентр 10 км чуқурликда бўлган. 40 дақиқадан кейин ўша туманда 4,9 магнитудали янги зилзила содир бўлиб, яна 17 дақиқадан кейин иккинчиси ҳам юз берган. Шунингдек, 00:07 (Тошкент вақти билан 4:07) атрофида 3,3 магнитудали зилзила Қозоғистон шарқий туманларида бошланган.

22 январь куни кечқурун Қозоғистон ФВВ Сейсмологик кузатувлар ва тадқиқотлар миллий илмий маркази 6,7 магнитудали зилзила ҳақида маълум қилди, у маҳаллий вақт билан 00:09 да (Тошкент вақти билан 22:09 да) бошланган. Эпицентр Қозоғистон ва Қирғизистон чегарасида жойлашган. EMSC магнитудани 7 га баҳолади.

Республика ФВВ маълумотларига кўра, бир соат мобайнида Олмаота аҳолиси яна 2—3 магнитудали силкинишларни сезган. Муассаса одамларни кўчага чиқишга чақирган. Кейинроқ Фавқулодда вазиятлар департаменти Олмаотада қурбонлар ва вайронагарчиликлар ҳақида маълумот келиб тушмаганини хабар қилди.

Ер ости силкинишлари Қирғизистон пойтахти Бишкекда ҳам кузатилди. Мамлакат ФВВ зилзила “4—5 балл чегарасида” сезилганини маълум қилди ҳамда қурбонлар ва вайронагарчиликлар ҳақида ахборот йўқлигини билдирди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.