Путин: Россия Донбассдаги урушни тўхтатишга уриняпти
Россия 2014 йилдан буён Донбассда давом этаётган урушга нуқта қўйишга урингани учун Украинада ҳарбий операция бошлаган. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин ҳарбий ҳаракатларда иштирок этаётган талабалар билан учрашувда айтиб ўтди, деб ёзади “РБК”.
“Бу урушни бошлаш эмас. Уларнинг ўзи 14-йилда Донбассда уруш бошлаган. Бу эса ўша урушни тўхтатишга уриниш эди. Ҳа, ҳарбий воситалар билан. Улар томонидан қуролли кучлар қўлланилганига жавобан”, — деди Путин ва Россия ўз олдига қўйган мақсадларга эришишига ишонч билдирди.
Президент сўзларига кўра, Россия фақат ўз манфаатларига қараб иш тутган, “бу турдаги масалаларни ҳал қилишда бошқача сабаблар бўлиши мумкин эмас ва бўлмаган ҳам”. СССР парчаланганидан кейин Москва Киев билан фақат тинч воситалар орқали муносабат қурган, “бошқача воситаларни хаёлига ҳам келтирмаган”. “Аммо бизнинг геосиёсий рақибимиз тушуниб етдики, жануби-шарқдаги бу аҳоли, рус тилида сўзлашувчи аҳоли билан бутун Украинани осонлик билан тўнтариб ташлаб бўлмайди. Шу сабабли 2014 йилда давлат тўнтаришини амалга ошириб, мамлакатимиз билан алоқаларни нормал ривожлантириш тарафдори бўлганларнинг барчасини жисмонан қиришни бошлашди”, — деди Путин.
Россия ҳукумати 2013 йил кузида Киевдаги Мустақиллик майдонида бошланган Евромайдонни тўнтариш деб ҳисоблайди. Норозилик намойишларини Украинанинг ўша вақтдаги президенти Виктор Януковичнинг Россия ва МДҲнинг бошқа мамлакатлари билан муносабатларни мустаҳкамлаш учун Евроиттифоқ билан уюшиш ва эркин савдо тўғрисидаги битимни имзолашга тайёргарликни тўхтатиш тўғрисидаги қарори келтириб чиқарганди. Тинч акциялар куч тузилмалари билан тўқнашувларга айланиб кетди, сўнг давлат тўнтаришига олиб келди. Янукович Россияга қочиб кетди, унинг ўрнига Пётр Порошенко сайланди. Украина ҳукумати бу воқеаларни Шон-шараф инқилоби деб атайди.
Шарҳлар