Россия Бош штабида муддатли xизматга чақирилувчиларни Украинанинг босиб олинган ҳудудларига юбормасликни ваъда қилишди
Россияда муддатли хизматга чақирилувчиларни Украинанинг босиб олинган ҳудудларига хизмат қилишга юбормасликни ваъда қилишмоқда. Бу ҳақда Россия қуролли кучлари Бош штабининг бош ташкилий-сафарбарлик бошқармаси бошлиғининг ўринбосари вице-адмирал Владимир Цимлянский маълум қилган.
“Таъкидлашни истардимки, чақирув бўйича ҳарбий хизматни ўтаётганлар янги ҳудудларда махсус ҳарбий операция вазифаларига жалб этилмайди”, – деди Цимлянский брифинг чоғида (ТАСС иқтибоси).
Шу билан бирга, чақирилувчиларнинг ҳаммаси ҳам оддий жанговар қисмларга юборилмайди – тахминан учдан бир қисми ўқув қўшинлари ва ҳарбий қисмларга тушади. Цимлянскийнинг сўзларига кўра, у ерда улар “замонавий ҳарбий техникани ўзлаштиради ва ҳарбий мутахассисликка эга бўлишади”.
“Машғулотлар якунлангач, олинган кўникмаларга мувофиқ улар қўшинларга юборилади”, – деди Россия Мудофаа вазирлигининг вакили.
Шунингдек, чақирилувчиларнинг бир қисми “илмий-амалий масалаларни ҳал этиш учун” илмий бўлинмаларга ҳамда “машғулотлар учун барча зарур шароитлар яратилган” спорт роталарига юборилади.
Эслатиб ўтамиз, Россия президенти Владимир Путин томонидан имзоланган фармонга кўра 2024 йил октябр ойидан декабрь ойи охиригача Россия армиясига 133 минг кишини чақирилиши режалаштирилгани ҳақида ёзган эдик
Шарҳлар