Руминия сайловлар марафони арафасида
Руминия бу ҳафта охирида бошланадиган сайлов марафонига тайёрланмоқда. Мамлакатнинг овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 19 миллион фуқароси якшанба куни президентлик сайловининг биринчи турида ўз номзодига овоз бериш учун сайлов участкаларига чақирилган. Иккинчи тур 8 декабрга режалаштирилган. 1 декабрь яъни Руминиянинг Миллий байрами кунида эса мамлакатда парламент сайловлари бўлиб ўтади.
Алина Манолаке, Euronews:
«Президентлик сайловининг биринчи турида 14 та номзод иштирок этади. Сўровларга кўра, улардан бештаси 8 декабрда бўлиб ўтадиган иккинчи турга чиқиш учун реал имкониятга эга».
Барча сўровларга кўра, президентлик сайловининг фаворити Бош вазир ва Социал-демократик партия раҳбари Марчел Чолаку ҳисобланади. Иккинчи ўринда миллатчи AUR партияси лидери Жорж Симион туради. Турли сўровларга кўра, учинчи ўринни мухолифат партиясидан номзод Елена Ласкони ва либерал Николае Чука талашмоқда.
Руминиялик сайловчиларни энг кўп ҳаёт қимматлиги, ўсиб бораётган инфляция ва паст иш ҳақи ташвишга солмоқда:
«Танлаш учун номзодлар кўп бўлмаганда, севимли номзодга эга бўлиш анча қийин. Шунинг учун заруриятимиз ва ҳолатимиз бизни улардан сал яхшироғини танлашга мажбур қилади».
«Ҳозирча кимга овоз беришни билмайман. Кўрамиз».
«Мен ҳали қарор қабул қилмадим. Менинг севимли номзодим йўқ. Фаворитим бўлиши мумкин деб ўйламайман. Менга ҳеч ким ёқмайди».
«Дебатлар муҳим бўлиши мумкин эди, лекин мен телевизорда кўрганларимдан хулоса чиқара олмайман. Умуман олганда, бу сал-пал яхшироғи бўлиши керак, чунки ҳозир тўлиқ мос келадиган номзод бор деб ўйламайман».
«Мен учун энг муҳими ҳалоллик, шунингдек, уларнинг таржимаи ҳоли».
Бухарест – Киевнинг энг муҳим иттифоқчиларидан бири. Президентлик ва парламент сайловлари Руминияни европага мойиллик йўлида сақлаб қолиши ёки уни янада миллатчилик позициясига ундаши мумкин.
Шарҳлар