Тожикистон мактабларида 10 балли баҳолаш тизими жорий этилади

Фото: Freepic

Душанбеда бўлиб ўтган ишчи гуруҳнинг кенгайтирилган йиғилишида таълим соҳаси раҳбарлари ва мутахассислари Тожикистон таълим муассасаларида таълим ютуқларини баҳолашнинг 10 баллдан иборат янги тизимини жорий этиш масаласини муҳокама қилди.

Бу масала Тожикистон таълим ва фан вазири Раҳимжон Саидзода томонидан кўтарилган. Тадбир давомида Таълимни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти раҳбари, академик Асадулло Нажмиддиён томонидан “Тожикистон таълим муассасаларида 10 баллик баҳолаш тизимини жорий этиш бўйича йўриқнома” лойиҳаси тақдимоти ўтказилди.

Республика ўқув-услубий маркази директори Раҳмонали Мирзозода ҳам сўзга чиқиб, тажриба-синов таълим муассасаларида ўқувчиларнинг билим, кўникма ва малакаларини баҳолаш бўйича ўз фикр ва таклифлари билан ўртоқлашди. Таълим ва фан вазири таълим соҳасида ислоҳотлар ўтказиш, мактаб ўқувчиларини баҳолашнинг янги тизимига ўтиш зарурлигини таъкидлади. Лойиҳани амалга оширишда шаҳар ва туманлар таълим бўлимлари раҳбарлари ва мутахассисларига фаол иштирок этиш бўйича топшириқлар берди. Ҳозирда Тожикистонда беш баллик баҳолаш тизими қўлланилади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.