Тожикистонда 600 та географик объект қайта номланади
Тожикистонда яқин вақтлар ичида 600 та аҳоли пункти ва бошқа географик объектлар қайта номланади, деб ёзади Asia Plus мамлакат президенти ҳузуридаги Маҳаллий ривожланиш қўмитасига таяниб.
Айни пайтда ҳукуматнинг қайта номлаш бўйича 7 та қарори кўриб чиқиш босқичида турибди. Ушбу ҳужжатларга кўра, Хатлон вилоятининг 25 та, Сўғд вилоятининг 4 та туманидаги бир қатор географик объектлар, шунингдек, Файзобод, Варзоб ва Рудакий туманидаги бир нечта аҳоли пунктлари қайта номланади.
“Уларнинг номлари замонавий талабларга жавоб бермайди”, — дея таъкидлади қўмита раиси Шарифжон Жумазода. Унинг сўзларига кўра, махсус ишчи гуруҳ, тасдиқлатиш учун янги номлар таклиф қилишдан аввал маҳаллий аҳолининг фикрини инобатга олади. Қўмита мутахассисларидан бири айтишича, айнан аҳолининг қайта номлаш қарорига қарши чиқиб норози бўлиши натижасида қарор қабул қилиш кечикмоқда.
Шунингдек, Жумазода аҳоли пунктлари ва бошқа географик объектларни қайта номлаш бўйича ташаббуснинг деярли ҳаммаси аҳолининг ўзидан чиқаётганини таъкидлади.
Ўтган йили Тожикистон ҳукумати қарийб 3,5 мингта географик объектларнинг қайта номланишини тасдиқлаганди. Улар орасида Помирдаги энг йирик музлик — Федченко ҳам бўлиб, у Ванжах деб қайта номланганди.
Шарҳлар