Украина мансабдор шахслар ва ҳарбийларга Telegram мессенжеридан фойдаланишни тақиқлади
Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши ҳузуридаги Киберхавфсизлик миллий мувофиқлаштириш маркази мансабдор шахслар ва ҳарбий хизматчиларга Telegram мессенжеридан иш қурилмаларида фойдаланишни тақиқлади. Департамент баёнотида айтилишича, бу қарор мамлакатнинг асосий хавфсизлик ва рақамли вазирликлари вакилларининг йиғилиши якунлари бўйича қабул қилинган.
Ттақиқ мудофаа корхоналари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларига, шунингдек, “муҳим инфратузилма” ташкилотлари ходимларига ҳам таъсир қилади. Шу билан бирга, бир қатор мансабдор шахслар учун истисно назарда тутилган: Telegram мессенжеридан фойдаланиш уларнинг расмий вазифаларига кирса, чекловлар қўлланилмайди.
Украина Мудофаа вазирлиги разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов йиғилишда Россия разведка хизматлари Telegram фойдаланувчиларининг шахсий ёзишмалари, жумладан, ўчирилган хабарлар, шунингдек, уларнинг шахсий маълумотларига кириш ҳуқуқига эга эканлигини маълум қилди. “Мен ҳар доим сўз эркинлиги тарафдори бўлганман, аммо Telegram муаммоси сўз эркинлиги эмас, балки миллий хавфсизлик масаласидир”, – дея таъкидлади у.
Украина разведка хизматлари маълумотларига кўра, Россия Telegram мессенжеридан киберҳужумлар, фишинг ва зарарли дастурларни тарқатиш, фойдаланувчиларнинг геолокациясини кузатиш ва ракета зарбаларини созлаш учун фаол фойдаланмоқда. Тақиқ мумкин бўлган таҳдидларни минималлаштириш учун киритилган.
Украинада Telegram мессенжерини тақиқлаш ҳақидаги мунозаралар анчадан бери давом этмоқда. Францияда мессенжер асосчиси Павел Дуров ҳибсга олинганидан кейин Олий Рада депутатлари Telegram ишини тартибга солиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқди, бироқ унинг якуний версияси ҳали тақдим этилмади.
Шарҳлар