Ўзбекистонда “Тошкент вилояти сув таъминоти” АЖ ходими 1600 доллар миқдорида пора олаётган пайтда ҳибсга олинди
Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда тезкор тадбирларни амалга оширди.
Хусусан, “Тошкент вилояти сув таъминоти” АЖ абонентлик бўлими мутахассиси X.A. Олмалиқ шаҳрида жойлашган оилавий поликлиниканинг сув ўлчагич ускунасининг муҳрини бузиб, 204 миллион сўм миқдорида зарар етказганлиги ҳақидаги масалани ижобий ҳал этиш эвазига 1600 АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Тезкор тадбирлар давом эттирилиб, шу корхонанинг абонент бўлимининг яна бир мутахассиси ўз хизматлари учун ушбу пулнинг 1300 АҚШ долларини олаётган вақтда қўлга олинди.
Яна бир ҳолатда, Янгийўл туманида яшовчи 41 ёшли A.С.нинг ўзи ва 6 нафар қариндоши 2021 йил июнь ойида 49 йилга ижарага берган 2,7 гектар ер майдонини харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 40 000 АҚШ долларини талаб қилган.
Фуқаро A.С. 5 минг АҚШ доллари миқдорида бўнак олаётган вақтда ушланган. Маълум бўлишича, у ҳозирда фирибгарлик учун ахлоқ тузатиш ишлари тарзидаги жиноий жазони ўтамоқда.
Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар