«Озодликнинг қиймати — муттасил огоҳлик»

«Озодликнинг қиймати — муттасил огоҳлик»

Бу сўзларни Америка Қўшма Штатларининг давлат ва сиёсат арбоби Томас Жефферсон XVIII асрдаёқ ёзиб қолдирган. Мустақиллик учун кечган урушнинг ёрқин намоёндаси, Мустақиллик декларациясининг  муаллифларидан бири (1776), АҚШнинг 1801-1809 йиллардаги учинчи президенти, Маърифатпарварлик даврининг дипломати ва файласуфи шубҳасиз демократия курашчиси бўлган, фикрлар хилма-хиллигини тан олган, лекин шу билан бирга фақат хушёрликни сусайтирмаган ҳолдагина давлатнинг эркинлиги ва яхлитлигини таъминлаш мумкин, деган қатъий маслак тарафдори бўлган. Ушбу ғоя бугун мамлакатимизда ҳам яққол тарғиб қилинмоқда ва намойиш этилмоқда.   
 
Бу ҳақда тортишиш ва унга шубҳа билан қараш камида аҳмоқлик ва ватанпарварликка зид бўларди. Айниқса, нафақат у ёки бу мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштиришга, балки, энг қўрқинчлиси (!) турли қўпорувчилик ҳаракатлари, портлашлар ҳамда хунрезликлар ва аҳоли орасидаги қурбонларга олиб келувчи бошқа фитна-иғволар ҳақидаги ўнлаб ва юзлаб хабарлар назарда тутиладиган бўлса…
                                                                                        
Мен Фёдор Достоевскийнинг «Ака-ука Карамазовлар» асаридан тез-тез келтириладиган «Дунёнинг бор бахт-саодати ҳам бегуноҳ боланинг бир дона кўз ёшига арзимайди» деган иқтибосларга ўхшаш шубҳали панд-насиҳатлардан йироқман. Одамларнинг юзида кўз ёши ҳар доим бўлган ва бўлаверади, чунки у қайғу, оғриқ ва ғам-андуҳдан ташқари завқ-шавқ, меҳр-муҳаббат, миннатдорлик ва енгил тортиш ҳиссини ҳам ифодалайди. Бу нормал ҳолат. Бироқ мавжуд тузумни хаёлий «бахтли» келажак учун ўзгартириш каби энг эзгу ният ҳам ҳар қандай тинч фуқаронинг, айниқса боланинг бегуноҳ тўкилган қонига арзимайди. Ўлим, вайронагарчилик, тартибсизликларга олиб келувчи портлашлар, отишмалар, қирғинлар ва инсонларга қарши ҳар қандай ноқонуний ҳаракатлар – буларнинг ҳеч бирига йўл қўйилмаслиги ва давлат томонидан ҳар қандай оқилона усуллар ва унинг қудрати ёрдамида барҳам берилиши керак. Энг аввало, халққа, одамларнинг ўзларига, уларнинг ақл-идроки ва бепарво қараб турмаслигига таяниш зарур. Шу боис одамларга мурожаат қилиш, уларнинг умумий тинчлик ва хотиржам турмуш йўлидаги фуқаролик бурчини, масъулиятини эслатиш ўзини оқлаши шубҳасиз, албатта. Бу аксиома, ўз-ўзидан кўриниб турган ҳақиқат!     
                                                        
Лекин ушбу мураккаб, тизимли ва узлуксиз ишни қандай олиб бориш керак? – масала ана шунда. Кўп ҳолларда биз одамларнинг кўнглига ёқмайдиган ва, ҳатто, яшириш қийин бўлган норозилик ҳиссини туғдирувчи расмий, тақиқловчи чораларга дуч келамиз.
 
Масалан, метродаги аҳволни олайлик. Биз собиқ иттифоқ ҳудудида энг чиройли ер ости йўлларидан бири ҳисобланган метрополитенимиз билан ҳамиша фахрланиб келганмиз. Унинг барча бекатлари бетакрор меъморий қиёфага эга: мармар, гранит безаклар, қатор тортган улуғвор устунлар, жимжимадор нақшлар, ганч ва ҳ.к. Бекатлар дизайнидаги ёритиш тизимига ҳам муҳим роль ажратилган. Чироқлар бир бекатга баллар ўтказиладиган байрам муҳитини бағишласа, иккинчисида кишини сирли ғорда юргандай ҳис этишга мажбур қилади. Ҳар бир метро бекати алоҳида диққатга сазовор маскан. Эҳтимол шунинг учун ҳам шаҳарликлар сайёҳлар ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан ташриф буюрган меҳмонларнинг ушбу ер ости оламидан ҳайратланган чеҳраларини тез-тез кўрар. Гўзаллик, уйғунлик ва нафосат ҳукм сурувчи ушбу ғаройиб ер ости дунёсига тушганида тошкентликларнинг қалбида ҳам доим байрам ҳисси пайдо бўларди.    
                                                                                                                                                  
Мен бу ҳақда афсуслар билан ўтган замонда гапиряпман, чунки мана бир неча йилдирки Тошкент метросининг жозибаси яширин кескинлик ва ноқулайлик муҳити билан ўралган. Метрога тушаётган пайтингизда хушёр милиционерлар одамларни, аввало, уларнинг сумкалари ва портфелларини нега кўздан кечираётганини тушуниш мумкин. Бироқ пастда, турникет ёнида сизни яна тўхтатиб, қўлингиздаги буюмлар такрор синчиклаб текширилади. Бунга кўникиш мумкин, чунки гап йўловчиларнинг хавфсизлиги ҳақида боряпти. Худди шунингдек, «Огоҳлик – хавфсизлигимиз гарови», «Ҳушёрлик ва огоҳлик – давр талаби» каби шиорлар ва шу мавзудаги одамларни қатъий огоҳлантирувчи бошқа даъватларни ҳам тушунса бўлади. Уларга метро бекатига кириш жойларида ҳам, бекат деворларида ҳам тўқнаш келамиз. Бундан киши ногаҳон ёнида турган ҳар бир одамга шубҳа билан назар солиб, атрофига ҳадиксираб қарай бошлайди, уларнинг баъзиларини бекатда юрган милиция ходимлари шу ернинг ўзида сўроққа тутади. Бунисиям майли, вагонларнинг ўзида ҳам ваҳимали эълон қулоғингизга чалинади (мусиқа ўрнига!) ва ҳар доим ҳам ўринли бўлмаган яна ўша шиорларга дуч келамиз, буниси энди ориқча. Дунёдаги бошқа метроларда театр ва концертлар афишасини, кинофильмлар премьераси ва янги фармацевтика маҳсулотлари ҳақидаги хабарларни кўриш мумкин – буларнинг барчаси одамларга қандайдир бир ахборотни етказади, хабардорлигини оширади ва нохуш ўй-хаёллардан бироз чалғитади. Бугунги Тошкент метросида эса юракни эзадиган даражадаги шубҳа ва қўрқув муҳити юзага келган.
                                                                                                                        
Шу иш тўғримикин? Ҳокимият тепасидагиларга бу керакми? Ҳозирча мен масаланинг психологик томонини назарда тутяпман, холос, бу борада профессионал психиатрларнинг фикри билан қизиқиш мақсадга мувофиқ бўларди. Бироқ масаланинг иқтисодий томони ҳам бор. Метрополитен реклама берувчилардан келадиган катта пулдан ҳам маҳрум бўлаётир, ваҳоланки бу маблағдан ушбу улкан хўжаликнинг ички эҳтиёжлари учун ҳам, ер ости транспортидан фойдаланиш нархларини арзонлаштириш учун фойдаланиш мумкин бўларди. Метрополитен чиқимлари эса оз эмас, улар ҳар бир метро бекатидаги иккита кириш жойига қўйилган милиция пости харажатлариниям ўз ичига олади. Хўш, метрополитен ғазнасига тижорат ва ижтимоий рекламадан тушадиган ва умуман ортиқча бўлмаган бу пуллардан воз кечиш керакмикин?  
 
Бу оқилона ишми? Мен машинам йўқлиги туфайли тез-тез метро хизматидан фойдаланишга мажбурман, шу боис йўловчиларнинг мутлақо керак бўлмаган бундай ўтакетган хушёрликка нисбатан таажжубона муносабатини  билдиришга ҳаққим бор, деб ўйлайман. Чунки бу ҳолат кўп ҳолларда тескари таъсир кўрсатиб, камида, зарур, бироқ сийқаси чиққан даъватлар ва шиорларнинг одамлар онгида “занглаб” кетишига олиб келади.
 
Умуман олганда эса, меъёридан ортиқча бўлган ҳар қандай нарса кишининг меъдасига тегади ва уни чарчатади. Яна такрорлайман, агар мамлакат раҳбарияти иштирокидаги йирик оммавий тадбирларни ўтказишда бундай текширувлар ўзини оқласа, кўп сонли одамлар қатнашадиган маҳаллий аҳамиятга эга тадбирларда бундан нусха кўчириш таажжуб ва кинояни келтириб чиқаради.
 
19 март куни Олмалиқ шаҳридаги янги стадионда Тошкент вилоятининг Наврўз байрами нишонланди. Байрам тадбири бошланишидан уч соат олдин вилоят ҳокимлигига 20 нафар фахрий тўпланди, улар олдиндан тузилган рўйхат бўйича текширилганидан кейин махсус мини автобусларга ўтқазилиб, ҳокимият ва «Нуроний» жамғармасининг масъул ходимлари ҳамроҳлигида байрам ўтказиладиган жойга олиб келинди. 
 
Стадионнинг ўзида учта милиция постида паспортлар текширилганидан сўнг ҳар бир фахрий (қолган бошқа фуқаролар каби) яна кўрикдан ўтказилди. Аёллар сумкалари ва эркаклар барсеткалари синчковлик билан кўздан кечирилди. Кейин ҳамма олдиндан белгилаб қўйилган жойларга ўтқазилди, бунинг устига яна ўрин алмаштириш ҳам мумкин эмаслиги ҳақида қатъий огоҳлантириш берилди. Ниҳоят, соат 12 да байрам концертига таклиф этилган 12 минг киши бир бўлиб ўрнидан турди ва гулдурос қарсаклар остида бош курсидан минбар томонга тушиб келаётган вилоят ҳокимини қутлади. Вилоят раҳбарининг нутқидан кейин яна ҳамма ўрнидан туриб, уни қарсаклар остида креслосигача кузатиб қўйди. 
 
Мен авваллари ўриндан турган ҳолда фақат давлат раҳбаринигина кутиб олиш ва кузатиб қўйиш мумкин, деб ўйлардим. Чучварани хом санабман! Ҳали ишлаётганига бир йил бўлмаган ҳоким ҳам одамларнинг шундай таъзимига муносиб кўрилар экан. Оқсоқолларнинг фикри эса бошқача, шу боис ўтган Мустақиллик байрамида намойиш этилган одамни ерга урувчи текширувлар ва қутловлардан кейин бу йил фахрийларнинг кўпчилиги ушбу тантанада мутлақо қатнашмасликни маъқул кўрди.
 
Бироқ долзарб огоҳлик муаммоларига қайтайлик. Албатта, менга четдан туриб маслаҳат бериш осон деб эътироз билдиришлари мумкин, лекин махсус органларнинг мураккаб ва пухта фаолиятининг энг яхши кўрсаткичи биз хоҳлаган натижаларга эришиш ҳисобланади, аммо бу аҳолининг тушкун кайфияти ва шахснинг қонуний ҳуқуқларини чеклаш ҳисобидан бўлмаслиги керак. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ҳақиқий профессионализми ва маҳорати айнан шунда намоён бўлади.
                                       
Афсуски, хушёрлик «ўйини»га осонгина берилиб кетиш ҳам мумкин, ана унда ҳадик-шубҳа остида яшаш одамларнинг турмуш тарзига айланади. Ўтмишдаги ва ҳозирги тоталитар давлатларда (афсуски, улар талайгина) бундай огоҳлик кўп ҳолларда давлат сиёсати даражасигача кўтарилган. У нафақат тегишли органларни, балки барча фуқароларни ҳамма жойдан «душман» излашга (демакки, чақув билан шуғулланишга) рағбатлантиради. Бундай амалиёт эса, тарихдан маълумки, гитлерчиларнинг Учинчи рейхида ҳам, Сталин давридаги Совет Иттифоқида ҳам кучли тарғибот-ташвиқот воситаси бўлган.
 
Барча объектив қийинчиликлар ва субъектив омилларга қарамасдан бизнинг ёш давлатимиз учун бундай шубҳали ғалабалар керак эмаслигига ишончим комил.
 
Аъло Хўжаев,
Anhor.uz учун махсус.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.