Режиссёр Зулфиқор Мусоқов ёшлар ҳақида янги фильм суратга оляпти
Таниқли режиссёр Зулфиқор Мусоқов ёшлар мавзусига бағишланган янги фильм устида ишламоқда. Бу ҳақда “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг матбуот хизмати хабар беради.
Kun.uz нашрининг ёзишича, «Новда» деб номланувчи фильм сценарийсини ҳам Зулфиқор Мусоқовнинг ўзи ёзган бўлиб, у беғубор орзулар оламида яшаётган ёшларнинг интилишлари ва кўнгил кечинмалари ҳақида ҳикоя қилади.
Фильм 2014 йил баҳорида «Ўзбеккино» миллий агентлиги қошидаги бадиий кенгаш кўригидан ўтган бўлиб, ҳозирги вақтда «Ўзбекфильм» киностудиясида суратга олиш ишлари давом этмоқда. Агентлик хабарида фильмни суратга олиш ишларига қайси актёр-актрисалар жалб этилгани, киноасар тахминан қачон тайёр бўлиши ҳақида маълумот берилмаган.
Зулфиқор Мусоқов – Ўзбекистоннинг энг машҳур режиссёрларидан бири, унинг ишлари нуфузли халқаро мукофотларга сазовор бўлган. Уларнинг орасида “Қалдирғоч”, “Абдуллажон”, “Ойижон”, “Ватан”, “Қўрғошин”, “Осмондаги болалар” ва “Осмондаги болалар-2” фильмларини кўрсатиб ўтиш мумкин.
Фотосурат: © furunguz.blogspot.com
Шарҳлар