ОАВ: Ўзбекистон “Оҳангаронцемент” заводини давлат ҳисобига ўтказиши мумкин
Тошкент вилоят хўжалик суди Ўзбекистон Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг “Оҳангаронцемент” ОАЖнинг хусусийлаштирилиши қонуний эмаслигини тан олиш ҳақидаги даъвосини қондирди, деб ёзади “Интерфакс”.
«Биз маҳаллий қонунчиликнинг барча талабларини бажариб келдик, солиқларни тўладик, ижтимоий ва экологик масалаларни ҳал этишда қатнашдик. Корхонада мунтазам равишда текширувлар ўтказиб турилди, унга нисбатан ҳеч қандай эътирозлар йўқ эди. Бир неча ой олдин деярли йигирмата ташкилот иштирокида режадан ташқари текширув бошланди. Текширувнинг бундан катта миқёсига қарамасдан, қонунчиликка зид бўлган ҳеч нима топилмади», – дея иқтибос келтиради агентлик “Евроцемент” президенти Михаил Скороходнинг сўзларидан.
Унинг қайд этишича, корхонага нисбатан даъво аризаси берилгани ҳақида компанияда 16 июль куни билишган. 17 июль, пайшанба куни эса Тошкент вилояти Хўжалик суди даъвони қабул қилган, жума куни тингловлар бошланган ва душанба куни эрталаб бир неча соат ичида қарор қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, “Оҳангаронцемент” очиқ акциядорлик жамияти Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳридаги саноат зонасида, Тошкент шаҳридан 50 км масофада жойлашган. Жамият 2006 йилдан буён “Евроцемент груп” холдинги таркибига киради.
Мазкур корхона 1961 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган республикадаги энг йирик цемент ишлаб чиқарувчи заводлардан бири ҳисобланади. 1994 йили корхона очиқ акциядорлик жамиятига айлантирилган эди.
Ҳозирча Ўзбекистон ҳукумати бу борада расмий изоҳ бергани йўқ.
Шарҳлар