“Ucell” компаниясининг янги бош директори тайинланди

“Ucell” компаниясининг янги бош директори тайинланди

2014 йил 4 сентябрь куни Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасида “TeliaSonera” компаниясининг Евросиё бўйича ижрочи вице-президенти Эрик Халберг бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказилди.

Қўмита матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, учрашув давомида меҳмонлар Ўзбекистондаги телекоммуникация ва мобил алоқа соҳасининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, республикада давлат бошқаруви ва иқтисодиёт тармоқларига ахборот технологияларини жорий этиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди. дея хабар беради UzDaily нашри.

Учрашув давомида “TeliaSonera” раҳбарияти томонидан тайинланган “Coscom” МЧЖ чет эл корхонасининг бош директори Тону Грюнберг тақдим этилди, у ўз фаолиятини шу йилнинг 15 сентябридан бошлайди.  

Ўзаро суҳбат чоғида замонавий телекоммуникация технологиялари ва хизматларини жорий этиш бўйича келгуси ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
2002 йили Швециянинг “Telia” ва Финляндиянинг “Sonera” компанияси бирикиши натижасида ташкил этилган “TeliaSonera” компанияси бугунги кунда Европадаги энг йирик телекоммуникация компанияларидан бири ҳисобланади. У Европа ва Осиёнинг 20 та мамлакатида фаолият кўрсатади. 2014 йил бошида компания абонентларининг сони 190 млн кишини ташкил этди. Компания Ўзбекистондаги фаолиятини 2007 йили “Ucell” савдо белгисини яратиш йўли билан бошлади.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.