Ўзбекистонда “Chevrolet Аvео” автомобилини ишлаб чиқариш бошланади
«Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси вакиллари “General Motors Uzbekistan” Ўзбекистон-Америка қўшма корхонасида янги “Т250” (Chevrolet Аvео) моделидаги автомобилларни серияли ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича лойиҳани амалга оширишга киришди, дея хабар беради “Дарё” нашри “12news.uz”га таянган ҳолда.
Ҳукумат қарори билан лойиҳани амалга ошириш ишлари дастлабки техник-иқтисодий асосларсиз бошланади, технологик қурилма ва жиҳозлар эса тендер савдоларини ўтказмасдан, “General Motors” компаниясининг савдо-сотиқ глобал тизими орқали шартнома тузиш йўли билан сотиб олинади.
Ҳужжат «Ўзавтосаноат» АКга икки ой муддатда лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ҳукуматга тасдиқлаш учун тақдим этиш вазифасини юклаган.
Нашрнинг эслатишича, 2013 йил ноябрида “GM Uzbekistan” “Daewoo Gentra”, 2014 йил мартида эса “Chevrolet Orlando” ишлаб чиқаришга киришган эди. Яқин икки йил ичида “Nexia” автомашинасини ҳам бутунлай янгилаш режалаштирилмоқда.
“GM Uzbekistan” қўшма корхонаси 2014 йилнинг биринчи ярмида 127 774 та автомобиль ишлаб чиқарди, бу 2013 йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан 6,3 фоизга кўп демакдир. Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, олти ой ичида 29 699 та “Nexia”, 7267 та “Matiz”, 9702 та “Damas”, 337 та “Lacetti”, 14 828 та “Spark”, 3476 та “Captiva”, 2309 та “Malibu”, 32 639 та “Cobalt”, 26 953 та “Gentra” ва 563 та “Orlando” моделидаги автомобиллар ишлаб чиқарилган.
Фотосурат: larevueautomobile.com / daryo.uz
Шарҳлар