Яқин йилларда кучли зилзилалар бўлиши эҳтимоли мавжуд

Яқин йилларда кучли зилзилалар бўлиши эҳтимоли мавжуд

Марказий Осиё минтақасида юқори даражадаги сейсмик фаоллик 2026 йилгача кузатилади, бу даврда бир нечта кучли зилзила содир бўлиши эҳтимоли мавжуд, дейилади Тошкентда ташкил этилган давра суҳбати материалларида.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг матбуот хизмати маълумотига кўра, Марказий Осиё сейсмик ҳолат юқори бўлган минтақалар сирасига киради. “Ўзбекистонда сейсмик жараёнларни моделлаштириш, зилзилаларни олдиндан башорат қилиш ва огоҳлантириш, замонавий муҳандислик иншоотлари ва меъморий ёдгорликларни сейсмик жиҳатдан ҳимоя қилиш бўйича кенг тадқиқотлар олиб борилмоқда”, – дейди Фанлар академиясининг Сейсмология институти директори Сабриддин Хусомитдинов.

 Мазкур институт мутахассислари берган маълумотларга қараганда, республикада энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган сейсмик станциялар тармоғи фаолият кўрсатмоқда. Охирги 2 йил ичида уларнинг сони деярли икки бараварга кўпайган (32 дан 60 тагача), уларда йиғиладиган маълумотлар таҳлил қилинади. Шунингдек дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги сейсмик хизматлар билан ахборот алмашинуви ҳам йўлга қўйилган.

Ўзбекистон зилзилаларни реал вақтда мониторинг қилиш бўйича давлатлараро CAREMON Марказий Осиё тармоғига уланган (Central Asian Real-Time Earthquake Monitoring Network), деб ёзади “РИА Новости”.

Ўзбекистонда охирги бор қурбонларга олиб келган кучли зилзила 2011 йил 20 июлда содир бўлган эди. Ўшанда Фарғона вилоятида 6,5-7 баллик ер ости силкинишлари юз берган. Вайрон бўлган уйлар остида 13 киши ҳалок бўлган, 86 нафари жароҳатланган.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.